Линклар

Шошилинч хабар
30 сентябр 2020, Тошкент вақти: 21:19

Беларус мухолифатчиси: 100 минг одам кўчага чиқса, Лукашенко қочиб кетади


Валерий Цепкало сайловолди жараëнидан четлатилиши ортидан Беларусни тарк этган.

Беларус президенти Александр Лукашенконинг сайловдан четлатилган рақиби Валерий Цепкало президентлик сайлови натижалари эълон қилиниши ортидан норозилик намойишлари бошланса, Лукашенко мамлакатдан қочиб кетишини тахмин қилди.

Мамлакатни 26 йилдан бери бошқариб келаётган Лукашенко учун 9 августга белгиланган президентлик сайлови аввалгилари каби осон бўлмайди. Айни пайтда¸ Лукашенконинг сайлов натижаларини сохталаштириш ва мухолифатга қарши босимни кучайтириш билан яна ғалаба қозониши кутилмоқда.

Таниқли тадбиркор ва собиқ элчи Цепкало сайлов давомида¸ қолаверса унинг ортидан юз минглаб одам норозилик намойишларига чиқса, Лукашенко мамлакатдан қочиб кетишини кутиш мумкинлигини айтади.

Цепкало Озодлик ва Америка овози радиоларининг қўшма лойиҳаси бўлган «Настоящее время» телеканалига берган интервьюсида аҳоли Лукашенкога қарши юришга чиқса, у «учоққа миниб, бошқа бирон ерга учиб кетишига» ишонишини айтди.

Цепкалонинг сўзларига кўра, Лукашенко полиция ҳамда хавфсизлик хизматлари ёрдамида бир неча минг намойишчини бостира олиши мумкин, аммо 100 минг одам кўчага чиқадиган бўлса, президент армияни ишга солмайди.

Киевдан туриб интервью берган тадбиркор:

- Беларусьармияси ўз халқига қарши қурол ишлатишига ишонмайман, - деди.

Кейинги ҳафталарда Беларус президентлигига номзод, мухолифатчи Светлана Тихановская ўтказган сайловолди тадбирларига минглаб одам келди. Тихановскаяни сайловдан у ёки бу сабабга кўра четлатилган номзодлар қўлламоқда.

Айни пайтда Лукашенко Ички ишлар вазирлиги ҳамда армия расмийлари билан учрашиб, ҳар қандай норозилик юришини бостириши мумкинлигига шама қилди.

Лукашенко, шунингдек, ўтган ой қўлга олинган бир гуруҳ шахс Россиядаги хусусий ҳарбий ширкат пудратчилари экани, улар Беларусдаги вазиятни беқарорлаштириш учун мамлакатга юборилганини иддао қилди.

Сайлов арафасида бир неча номзод жараëндан шубҳали айбловлар билан четлатилди, фаол ва журналистларга қарши босим мисли кўрилмаган даражада кучайтирилди.

Сайлов кампанияси бошланганидан бери 1 100 нафардан ошиқ одам, жумладан, сиёсатчилар, сайлов кампанияси уюштирувчилари ва журналистлар ҳибсга олинди.

Расмийлар Цепкало ҳамда Тихановскаянинг турмуш ўртоғи Сергей Тихановский каби кенг қўлловга эга номзодларни президентлик пойгасидан четлатди.

Цепкалонинг рафиқаси Вероника Цепкало ҳамда ҳибсга олинган собиқ номзод Виктор Бабарико вакили Мария Колесниковалар Тихановскаяни қўлламоқда.

Цепкало Бабарико ва Тихановский каби қўлга олинишидан хавотир олиб, Беларусни тарк этган.

XS
SM
MD
LG