Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:57

"Агар вируснинг чекинаётгани рост бўлса, ўқишни мактабларда бошлайвериш керак"


Тошкент шаҳридаги 267-мактаб ўқитувчилари ўқувчиларни кутиб олмоқда (мақолага бу мактабнинг алоқаси йўқ)
Тошкент шаҳридаги 267-мактаб ўқитувчилари ўқувчиларни кутиб олмоқда (мақолага бу мактабнинг алоқаси йўқ)

Ҳозирча аноним қолишни истаган ўзбекистонлик муаллиф, Озодлик учун ёзган навбатдаги мақоласида, ўқув йилини қачон ва қай шаклда бошлаш масаласида ота-оналар ўртасида сўров ўтказаётган Халқ таълими вазирлиги билан ғойибона баҳсга киришади.

***

Шу кунларда Ўзбекистонда янги ўқув йилини қачон бошлаш, пандиемия шароитида мактаб таълимини қандай ташкил масалалари жиддий мунозаларга сабаб бўлаяпти.

Ушбу мунозарани, коронавирусдан эсон-омон қутулиб, соғайиб чиққан халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг ўзи бошлаб берди ва ўқув йили 14 сентябрдан бошлаш тўғрисида иаклиф киритилганини маълум қилди.

Ҳозирги кунда одамлар орасида турли сўровлар ўтказилаяпти ва маълумотларга кўра, унинг натижаси ҳозирча 50/50. Яъни, одамларнинг ярми ўқув йили мактабда одатдаги каби бошлансин деётган бўлса, қолган ярми йўқ, бу хавфли деб ҳисобланаяпти.

Қизиғи шундаки, бундай сўровлар телеканалларда ҳам ўтказилаяти ва у пулли. Кимки уяли телефон орқали ўз фикрини айтишни ҳоҳласа, бунинг учун унинг балансидан пул ечиб олинади. Ҳозиргача қанча киши телефон қилгани ва бу неча юз миллион бўлганлигини одамлар ҳисоблаб юришипти.

Мени ушбу масаланинг бошқа тарафи қизиқтираяпти.

"Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат ҳимоясидадир".

Бу Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддаси ва унда қандай ёзилган бўлса, шундайлигича келтирдим.

Маълумки, Конституциявий нормалар тўғридан-тўғри, қандай ёзилган бўлса шундай амал қилиши ҳамда у бирор бир шубҳа ва эътирозни келтириб чиқармаслиги керак.

Шундай экан, Конституцияда белгилаб қўйилан ҳуқуқни амалга ошириш учун мустаҳкам кафолатини яратиш ўрнига, давлатнинг ўзи буни мунозара масаласига айлантиргани одамни ажаблантиради.

Агарда, давлат ўз фуқароларига таълим олишни кафолатлаб, мактаб ишини ўз ҳимоясига олган экан, ҳозирги пандемия шароитида ушбу ҳуқуқ ва кафолатларни амалга оширишнинг тинч, хавфсиз шарт-шароитларини яратишга ўзи мажбурдир.

Ўзи, Ўзбекистонда коронавирус билан зарарланиш статистикасида ҳам парадоксни кузатиш мумкин. Яъни, иккинчи босқич қатъий каратин кунлари зарарланганлар сони 700 тадан ошган бўлса, карантин бекор қилинганидан сўнг у кескин камайиб бормоқда. Масалан, кеча - 26 август куни 390 тани ташкил этди. Бу қувонарли албатта. Бироқ, турли саволларни келтириб чиқаради. Карантин кунлари ҳамма одамлар уйда бўлганида вирус билан зарарланиш сони мунтазам ошиб борган бўлса, бугун эса кўча, бозор, магазин, транспорт ва ҳоказода одамлар гавжумлигида унинг сони пасайишининг сабаби нимада? Президентнинг ўзи абгорлигини тан олган тиббиётимиз бирданига зўр ишлаб кетдими? Одамлар ёппасига эмлангани йўқ ёки бундай ижобий натижага эришиш учун бирор бир иш қилингани йўқ ку? Маска режимига ҳам риоя этиш аҳволи ҳам эскича ку? Ёки бу Россия, Хитой, Германиядан келган врачларнинг хизматими? Улар профилактика эмас, бевосита беморларни даволаш билан шуғулланаяпти ку?....

Бу вирус юқтиришнинг табиий камайиши бўлса нур ўстига аъло нур, албатта, бироқ, шундай ижобий тенденция мунтазамлик касб этаётган экан, давлат бу ҳақда халққа эълон қилиб, иккинчи тўлқин қачон бўлиши эҳтимоли ҳақида одамларни огоҳлантириши керак.

Янги ўқув йилини бошлашда ҳам ҳудди шундай. Агарда, мамлакатдаги бугунги шарт-шароитларда давлат мактабларда хавфсиз, тўлақонли таълим олишга кафолат бера олса, унда мунозара қилмай очиқ айтиши ҳамда мактабларда ўқишни одатдагидек, 2-сентябрдан бошлаб юбориши керак. Агар, вирус билан боғлиқ вазият барқарор бўлмаса, касалланиш хавфини оширмай, онлайн таълим олиш шароитларини такомиллаштириши керак.

Мактаб ишида аврал режим кетмайди. Тасаввур қилинг, мактабда дарс пайтида бирор бир ўқитувчи ёки ўқувчи иситмаси ошиб қолиб йўтала бошласа, минг маротаба дезинфекция қилинмасин, маска режимига риоя этилмасин, бундай шароитда сифатли таълим тўғрисида гапириб бўлмайди. Бу ҳолат дарров резонанс олади ва ота-она фарзандини мактабга юбормай қўяди.

Хуллас, ушбу масалада давлатнинг позициясида қатъиятсизлик ва масъулиятдан қочишни кузатиш мумкин.

XS
SM
MD
LG