Линклар

Шошилинч хабар
20 сентябр 2020, Тошкент вақти: 01:54

Прокуратура Фарғона ҳокимини ишдан олишни сўраган сўхлик блогер иши бўйича баёнот берди (ВИДЕО)


Сўхлик видеоблогер Ҳайдаржон Бобоҳайдаров (тахаллуси Дадахон Ҳайдаров)(сурат блогернинг YouTube тармоғидаги каналига жойланган видеодан олинди)

Бош прокуратура ҳибсда қолаётган 22 яшар сўхлик блогер, шу йилнинг 31 майида Сўхда бўлган воқеалар ортидан, гумон қилинувчи тариқасида қўлга олинганини билдирди.

Youtube тармоғида 800 мингдан ортиқ обуначиси бўлган видеоблогер - Дадахон Ҳайдаров тахаллуси билан танилган - Ҳайдаржон Бобоҳайдаров 10 кунга ҳибс қилингани ҳақида Озодлик хабар қилганди.

Расмий баёнотда тасдиқланишича, блогер Сўхдаги воқеалар бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида гумон қилинувчи сифатида, ЖПКнинг 226-моддасига биноан қўлга олинган. Бу моддада 10 кунлик ҳибс назарда тутилган.

Дадахон Ҳайдаров-Ҳайдаржон Бобоҳайдаров, чегарада содир бўлган низодан сўнг туманга борган Бош вазир А. Арипов билан учрашувда, Фарғона ҳокимини алмаштиришни сўраган эди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 30 август куни тарқатган баёнотга кўра, шу кунларда Фарғона вилояти прокуратураси жорий йил май ойида Сўх туманида содир бўлган "оммавий тартибсизликлар ва бошқа ҳолатлар юзасидан" қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатларини олиб бормоқда.

Бош прокуратура 25 август куни, 31 майда сўхликлар ва қўшни Қирғизистон фуқаролари ўртасида "Чашма" булоғи устида чиққан тўқнашувга алоқадорликда айбланган 6 сўхликка нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилганди.

Бу шахсларга нисбатан, 1 июнь куни қўзғатилган жиноят иши доирасида, ЖКнинг 219 (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 244-моддалари (оммавий тартибсизликлар) билан айб эълон қилиниб, уларга “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

30 август кунги баёнот мазмунига кўра, сўхлик блогерга ҳануз айблов эълон қилинмаган:

"Шу билан бирга, фуқаро Хайдаржон Бобохайдаров (блогер) жиноят иши бўйича гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, ЖПКнинг 226-моддаси тартибида ушланган. Тергов давомида Х.Бобохайдаровга процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилган ва ҳимоя ҳуқуқи (адвокат) таъминланган", дейилади баёнотда.​

Унда терговга тўсқинлик қилмаслиги учун, бошқа тафсилотлар очиқланмаслиги айтилган.

Жиноят процессуал кодекснинг 226-моддасида (Ушлаб туриш муддати) қуйидагилар назарда тутилган:

"Ушлаб туриш муддати ушланган ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга келтирилган пайтдан эътиборан кўпи билан қирқ саккиз соатни ташкил этади. Суриштирувчи, терговчи ёки прокурор томонидан зарур ва етарли асослар тақдим этилганда ушлаб туриш суднинг қарори билан қўшимча равишда қирқ саккиз соатга узайтирилиши мумкин".

"Алоҳида ҳолларда, ушлаб турилган гумон қилинувчига нисбатан суд томонидан қамоққа олиш, уй қамоғи ёки гаров тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилиши мумкин. Бунда гумон қилинувчига у ушланган кундан эътиборан ўн кун ичида айблов эълон қилиниши керак. Акс ҳолда эҳтиёт чораси бекор қилинади ва шахс қамоқдан ёки уй қамоғидан озод этилади, гаров эса гаровга қўювчига қайтарилади".

Youtube тармоғида 820 мингга яқин обуначи тўплаган каналнинг икки маъмуридан бири Дадахон Ҳайдаров шу йилнинг 22 августида ҳибсга олингани ҳақида Озодлик хабар қилган.

Фарғона вилоят, Сўх туманида яшайдиган таниқли блогернинг отаси, 50 яшар Шерали Эралиев 26 август куни, ўғлининг ушланиши ва ҳибсга олиниши бўйича унга ҳануз бирор ҳужжат берилмагани, ҳатто кўрсатилмаганини айтганди.

Отаси 22 август куни эрталаб Дадахонни ҳибсга олиш учун борган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳам фуқаролик кийимида бўлгани, ҳибсга олиш ҳақида санкция тақдим қилмаганини билдирган:

“Маҳалла раиси ўринбосари келиб, эшигимизни тақиллатди. Чиқсам, ёнида участковой ва гражданкадаги бир неча киши турибди, адашмасам Фарғона вилоят ИИБ Жиноят қидирув бўлимидан. “Ўғлингиз блогер экан, қилаётган ишларининг қайси бир тўғри, қайси бири нотўғри экани ҳақида тушунтириш бериб, қўйиб юборамиз”, деб туман ИИБга олиб кетишди. Ҳужжат кўрсатишмади. Шу бўйича ўғлим билан қайтиб кўришолмадим”.

Оиласи, блогер Дадахон Ҳайдаровга нисбатан айблов эълон қилинганми ёки йўқми - бу ҳақда ҳам бирор расмий маълумот берилмаганини билдирган эди.

Аммо, 29 август куни маҳаллий Gazeta.uz нашрига интервью берган отаси ўғли билан бир кез гаплашгани, ўшанда ўғли бошига қора халта кийдириб, вертолётда Фарғонага олиб кетишганини айтган:

"Эрталаб Дадахоннинг ўзи телефон қилди. У Фарғонада, ҳоласиникида эди. У уни милицияга олиб келишганини, кейин бошига халта кийгизиб, вертолётда олиб кетишганини айтди", дея иқтибос келтирди нашр блогернинг отасидан.

Озодлик бу борада қўшимча саволлар билан 30 август куни Шерали Эралиевга боғланишга уринди, аммо муваффақ бўлмади. Блогернинг бошқа яқин қариндошидан олинган маълумотга кўра, ота-онаси қўрққани боис, бу ҳақда аввал гапирмаган, ҳозир эса матбуотга интервью беришдан тийилмоқда.

Шунингдек, бу яқини, блогернинг ҳибсга олинишига оид бирор расмий ҳужжат ёки маълумот оиласига тақдим қилинмаганини айтди.

22 яшар сўхлик Дадахон Ҳайдаров-Ҳайдаржон Бобоҳайдаров оилали, 8 ойлик фарзанди бор.

Youtube тармоғида 800 мингдан ортиқ обуначи йиққан Дадахон Ҳайдаров, бу низолар ортидан туманга бориб, норози сўхликлар билан юзма-юз учрашган Бош вазир Абдулла Арипов олдида сўзга чиққан.

Ўша учрашувда Ҳайдаров, ўзи яшаб турган Сўх тумани муаммоларини ёритишида маҳаллий раҳбарлар тўсқинлик қилишини айтган, туман муаммоларини Тошкентга етказишда А. Ариповдан ёрдам сўраган.

Шунингдек, у туман раҳбарлари ҳамда Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевни алмаштиришни сўраган:

“Сўх туманида ягона мен блогер бўлиб ишлайман. YouTube тармоғида ўзимнинг аудиториям бор. Қачонки, Сўх муаммосини Интернетга чиқарадиган бўлсам, мана шу ўзимизнинг ҳокимиятдагилар: “Чиқарма, ўзингнинг бошингга бало бўлади!” дейшади. Сиздан илтимос, Сўх туманида шундай ташкилот яратингки, бу ерни муаммоларини тўғридан-тўғри Тошкентга етказсин! Бизга Фарғона ҳокимияти керак эмас! Сўхни туманигаям янги ходимларни жойлаштиринг, илтимос! Керак бўлса, Фарғона вилоят ҳокимини ҳам алмаштиринг!” .

Ўз навбатида, бу муаммоларнинг борлигини эътироф этган Абдулла Арипов блогер тилга олган муаммоларни тез орада ҳал қилиб беришни ваъда қилганди.

Cўхлик блогер Дадахон Ҳайдаровнинг Бош вазир Абдулла Арипов билан мулоқоти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:25 0:00

Шу йилнинг 11 августда 23 яшар сўхлик Давлатжон Маллаев, чегарадаги жанжал пайтида вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевга нисбатан “зўрлик ишлатганлик”да айбланиб қўлга олингани ҳақида Озодлик 19 август куни хабар қилган.

Озодликка йўлланган суд ҳукми 11 август куни Фарғона шаҳар судида ўтган маҳкамада қабул қилинган.
Озодликка йўлланган суд ҳукми 11 август куни Фарғона шаҳар судида ўтган маҳкамада қабул қилинган.

Маллаев устидан чиқарилган ажримда қайд этилишича, Фарғона вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари даъвоси асосида, унга Жиноят Кодексининг 244-модда (Оммавий тартибсизликлар), 219-модданинг 2-қисми (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) да кўзда тутилган жиноятларни содир этганлик айби қўйилган.

Фарғона вилояти ҳокими матбуот котиби Обидов: "Мендаги маълумотларга кўра, Сўхдаги тўполонлар жуда катта тайёргарлик билан уюштирилган. Ҳозирча батафсил айтолмайман, чунки бу тергов сири”, деб маълумот берган.

Шу йилнинг 31 май куни Фарғона вилоят, Сўх туман, Чашма қишлоғининг Қирғизистоннинг Боткен вилоят, Кадамжай туман, Чечме айили билан чегарадош ҳудудида жойлашган Чашма булоғи бўйида икки давлат фуқаролари ўртасида оммавий жанжал содир бўлган.

Икки томондан қарийб минг киши қатнашган, жараёнда Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев тошбўрон қилингани акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалган.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг 25 август куни маълум қилишича, ушбу низо бўйича шу йилнинг 1 июнь куни жиноят иши очилган, 22 августдаги ҳибслар ана шу иш тергови доирасида амалга оширилган.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан исмини ошкор этмасликни сўраган сўхликлар, ҳибсга олинганларнинг барчаси ўша тўқнашувда қатнашган тумандошлари эканини айтмоқда.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG