Линклар

Шошилинч хабар
28 октябр 2020, Тошкент вақти: 17:18

Яна бир сўхлик ўғлининг бошига қора халта кийдирилиб, Фарғонага олиб кетилганини иддао қилди


22 август куни Сўхда ушланган Фирдавс Аҳроров (сурат бир неча йил аввал олинган)

22 август куни Сўхда ушланган 25 яшар Фирдавс Аҳроровнинг отаси ўғлининг бошига қора халта кийдириб, тумандан Фарғонага олиб кетилганини иддао қилмоқда.

31 август куни Озодлик гаплашган 55 яшар Муллоҳусейн Аҳроровнинг айтишича, шу кунга қадар ўғлининг ҳибсга олиниши ва унга нисбатан айблов эълон қилинганига оид бирор ҳужжат кўрмаган.

Фирдавс Аҳроровнинг адвокати, Озодлик билан микрофонсиз мулоқотда, ҳимояланувчисига нисбатан айблов эълон қилинганини тасдиқлади, аммо бошқа саволларга жавоб бермади.

Фарғона вилояти прокуратурасидан бу борада ҳануз расмий маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Бош прокуратура, шу йилнинг 31 майида Сўхда бўлган воқеаларда айбланиб, 6 кишига нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган.

31 август куни Озодлик билан суҳбатда Муллоҳусейн Аҳроров ўғли 22 август куни ҳибсга олингани ва ўшандан буён унинг ҳолидан хабар йўқлигини айтди.

Сўхда ушланган 25 яшар Фирдавс Аҳроровнинг отаси – 55 яшар Муллоҳусейн Аҳроров
Сўхда ушланган 25 яшар Фирдавс Аҳроровнинг отаси – 55 яшар Муллоҳусейн Аҳроров

“Мен ўша куни ишда эдим, оқшом келсам ўғилча йўқ. Ҳокимиятга борсам, ўғлингизни олиб кетишди, деб айтишди, қаерга ким олиб кетганини айтишмади. Шундан бери ўғлимни кўрмадим, у билан гаплашмадим. Қўлимга ҳужжат беришмади. Кўрганлар: “Бошига қора халта кийдириб, вертолётда олиб кетишди”, дейишяпти. Ўша куни болалар ИИБнинг девори устига чиқиб, ичкарида бошига халта кийидириб, орқа эшикдан олиб чиқиб кеташаётганини кўрган экан. Ҳозир Сўх халқи айтяпти шу гапни”, деди Аҳроров.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:08 0:00
Бевосита линк

Унинг айтишича, 24 август куни Фарғона вилояти прокурори сўхликлар билан учрашган. Бу йиғинда 31 май куни ўзбек-қирғиз чегарасидаги “Чашма” булоғи устида чиққан низога алоқадорлар рўйхатида Фирдавс Аҳроровнинг исми борлиги айтилган.

“Лекин расман аниқ маълумот беришмади. Аслида ўғлим, жанжал пайтида у ерда бўлмаган. У фақат Бош вазир Арипов билан учрашувга борган, мен ҳам борганман. Ўша ерда у ҳам Ариповга муаммоларни гапирган, лекин бировга тош отгани, ургани йўқ – тўполон куни у Абдусаттор аканинг уйида ишда бўлган, буни у киши ҳам тасдиқлайди", деди Аҳроров.

Аҳроровга кўра, Фарғона вилояти прокурори 24 август кунги учрашувда қўлга олинганларга Жиноят кодексининг 219- (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 244-моддалари (оммавий тартибсизликлар) билан айблов эълон қилиниб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланганини айтган.

Айтилишича, 25 яшар Фирдавс Аҳроров қурувчилик қилади, ота, она ва акаси хаста бўлган оиланинг ягона боқувчисидир.

25 август куни Бош прокуратура шундай айблов эълон қилинган сўхликлар сони 6 нафар эканини билдирди, аммо исм-фамилияларини эълон қилмади.

Фирдавс Аҳроровнинг Озодлик боғланган адвокати мижозига нисбатан айблов эълон қилинганини тасдиқлади, аммо бошқа маълумот бермади.

Сўхда 22 августда бошланган ҳибслар ва қўлга олинганларнинг ота-оналаридан Озодликка келган мурожаатларга ҳозирча Фарғона вилоят прокуратурасидан муносабат ва маълумот олишга муваффақ бўла олмади.

XS
SM
MD
LG