Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:21

Россиядан ўқишини кўчираётган талабаларга имтиҳон ҳақида уч кун қолганда хабар берилди


Россия олий ўқув юртларидаги ўқишини Ўзбекистонга кўчириш ҳақида ариза берган талабалар ўзларининг имтиҳон топширишлари ҳақида унга уч кун қолганда чақирув олди.

Ўқишни давом эттириш учун имтиҳонни Ўзбекистонда топшириш сўралган талабаларнинг кўпчилиги чартер рейсга билет берилишини кутиб Россияда қолмоқда.

Айни пайтда¸ ҳукумат қарори билан ўқишини имтиҳонсиз кўчиришга рухсат берилган талабалар ҳам имтиҳон топшириш ҳақида огоҳлантирув хати олганини билдирмоқда.

Расмий маълумотга кўра, 2020-2021 йили ўқишини Ўзбекистондаги олий ўқув юртларида давом эттириш учун дунёнинг турли давлатларида ўқиётган 13 мингдан ортиқ талабадан ариза тушган.

Наманганлик талаба: Россиядан қайта олмаяпман...

Татаристон республикасидаги Қозон федерал университети, Лингвистика бўлими 1-курсини тамомлаган наманганлик 19 яшар Сарвиноз Тўхтақўзиева Наманган давлат университетига ўқишини кўчириш учун ҳужжат топширган.

2 сентябрь куни Озодлик гаплашган бу талаба, 17 июль куни transfer.edu.uz сайти орқали ҳужжатларини онлайн тарзда топширганини айтади.

Имтиҳонда қатнашиш учун талабаларга берилган онлайн рухсатнома
Имтиҳонда қатнашиш учун талабаларга берилган онлайн рухсатнома

- Коронавирус пандемияси бошланиб кетгани учун қайтишга мажбур бўлдим. 15 июлдан 5 августгача онлайн ҳужжат топширишга эълон беришганида, топширдим. 6 август куни аризангиз кўриб чиқиш учун қабул қилинди, якуний қарор маълум қилинади, деган жавоб келди. Лекин, 2 сентябрь куни, Тошкент вақти билан кечаси соат 2 да онлайн шахсий кабинетимга имтиҳонга рухсатнома жўнатишибди - 5 cентябрь соат 9 да имтиҳонга келинг, деб. Мен Қозондаман ҳозир. 3 кун ичида, бунақа пандемия пайтида, қандай қилиб бораман?!

Сарвиноз бу хабарни кўриши билан оиласига хабар берганини айтади.

Унга кўра, ота-онаси Олий таълим вазирлигига боғланган, у ердан : "Қизингиз имтиҳонда қатнашиши шарт, унга етиб келиш масаласи - ўзининг муаммоси" мазмунида жавоб олишган.

- Шу йилнинг июлидан бери чартер рейсга навбат кутаяпман. Қозондаги Ўзбекистон консуллиги орқали рўйхатга турганман. Лекин ҳалиям навбатим келмади. Рейслар бўлмаса, имтиҳонда қатнашиш қандай қилиб менинг муаммоим бўлади?! Бунинг устига, Вазирлар Маҳкамасининг қарори бор , ҳалқаро рейтингда биринчи мингталикка кирган университетдан ўқишини Ўзбекистонга кўчирса, талабадан имтиҳон олинмайди. Қозон федерал университети Олий таълим вазирлиги сайтида эълон қилинган QS World University Rankings рейтингида 370-ўринда. Лекин нега мендан имтиҳон олишмоқчи, нега 3 кун қолганда буни хабар қилишди - бу саволларимга аниқ жавоб ололмаяпман.

Жиззахлик талаба: 3 кун қолганда имтиҳонга чақиришди

Сибирь давлат тиббиёт университетининг 2- курсини тамомлаган жиззахлик талаба ҳам шу йилнинг июлида ўқишини Ўзбекистонга кўчириш учун Олий таълим вазирлигига онлайн тартибда ҳужжат топширган.

Исмини ошкор қилмасликни сўраган талабага кўра, ўша кезда унга дунёда энг яхши университетлар мингталигига киритилган олий ўқув юртларидан келаётган талабалар имтиҳонсиз ўқишини кўчириши мумкинлиги айтилган.

- Мен ўқиган университет - Сибир давлат тиббиёт университети Three University Missions Ranking рейтингида биринчи мингталикка киритилган. Бу дунёдаги иккинчи нуфузли рейтинг. Вазирлар Маҳкамасининг қарорида шунақа халқаро рейтингга кирган Россия университетларидан Ўзбекистонга ўқишини кўчирганлар имтиҳонсиз кўчиради, дейилган. Мен ҳужжат топишрганимда, кутиб туринглар, ўқиш бошланиши билан маълум қиламиз, дейилганди. Мана Интернетга кириб ўқисам, 5 сентябрда имтиҳон топширасизлар, дейишипти. 3 кун қолганда, тайёргарликсиз қандай имтиҳон топшириш мумкин? - дейди бу талаба.

Жиззахлик талаба ҳам Вазирлар Маҳкамаси қарорига ишониб, ўқишини имтиҳонсиз кўчиришни кутгани, аммо кутилмаганда ундан имтиҳон топшириш сўралаётганига эътироз билдириб, Олий таълим вазирлигига мурожаат қилган. Аммо ҳозирча бу мурожаатига бирор шаклда жавоб берилмаган.

Вазирлар Маҳкамасининг қарори

Озодлик гаплашган талабалар тилга олган ҳужжат - Вазирлар Маҳкамаси 2019 йил 27 апрелда қабул қилган "Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида"ги 360-сонли қарордир.

Қарорнинг 23-1 қисмида шундай дейилган:

"Халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтингида биринчи 1000 талик рўйхатдан жой олган Россия Федерацияси олий таълим муассасаларида таълим олаётган талабаларнинг аризаларига мувофиқ уларнинг ўқиши Давлат комиссияси қарори билан Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига синовлар (тест, ёзма иш)сиз тўлов-контракт асосида кўчирилади".

Вазирлар Маҳкамаси қарорида Ўзбекистонда тан олинадиган халқаро рейтинг Олий ва ўрта махсус таълим вазирилиги сайтида берилиши айтилган. Вазирлик сайтида фақат QS World University Rankings 2020 ҳақида маълумот берилганидан¸ Ўзбекистонда шу рейтингнинг эътироф этилгани тушунилади.

Украинадаги талаба: 3 кун қолганда имтиҳонга чақириш - майнавозчиликдир!

Озодликка Украинадан боғланган ўзбекистонлик талаба Украина Тиббиёт университетининг 3 курсига ўтганини билдирди.

Озодликка ёзишича, оилавий аҳволи оғирлашгани ҳамда Украинада коронавирус ёйилиб, вазият ёмонлашгани боис, у ўқишини ватанига кўчириш учун ариза ёзган:

"Украинада бизни ётоқхоналарга қамаб ташлашди, чунки талабалар ва ётоқхонада яшаётганлар орасида 100дан ортик коронавирусга чалиниш ҳоллари аниқланди. Қўшни давлатлардан талабалар имтиҳонсиз ўқишини Ўзбекистонга кўчирди. Биз эса ёз бошидан бери маълумот кўтаётган эдик - бизга имтиҳонлар бўладими, бўлса қандай ўтказилади - ҳеч қандай маълумот беришмади. Имтиҳон онлайн топширилади, деган гапларни ҳам айтишди. Энди бўлса, 5-6 сентябрда имтиҳон бўлади, дейишяпти. Атиги икки кун қолганда. Биз энди имтиҳонларга ҳеч қанақасига улгурмаймиз, чунки қайтиб борсак ҳам, 10 кун карантинда ўтиришимиз керак. Бу шунчаки майнавозчилик".

Шу йилнинг февраль ойида, Ўзбекистон ҳукуматининг қарори билан, қўшни 3 давлат - Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистондаги талабаларга ўқишини имтиҳонсиз кўчириш учун бир марталик имкон берилди.

Ўз вақтида Ўзбекистон ҳукумати бу махсус қарор сабабларини очиқламаган.

Озодликка ижтимоий тармоқ орқали боғланган ва исмини ошкор қилмаган талаба, қўшни давлатларда ўқиётган ватандошларига берилган бу имконият, нега энди бошқа хорижий давлатларда ўқиётган ўзбекистонликларга берилмаётгани сабаб билан қизиқмоқда.

Сентябрда Озодликка ўнлаб талабадан мурожаат келди

Асосий қисми Россия ҳамда бошқа постсовет ўлкаларидан йўлланган мурожаатларда, ўқишини кўчириш учун ҳужжат топширган талабалар имтиҳон куни кутилмаганда, атиги 3 кун қолганда хабар қилинганидан норози бўлиб ёзмоқда.

Уларнинг мурожаатларида тилга олинаётган асосий муаммо, коронавирус пандемияси боис авиақатновлар тўхтаган бир пайтда, Ўзбекистонга қайта олмаётганидир. Бундай талалабаларнинг аксари чартер рейсга навбат келишини 1-2 ойдан бери кутмоқда.

Қисқа муддат ичида, Ўзбекистонга қайтиш имконини қилган тақдирда ҳам, дастлабки 10 кунлик карантин муддатини уйи ёки меҳмонхонадан чиқмай, ўташига тўғри келади.

Жумладан, Москвадан Озодликка мактуб ёзган талаба, юртига қайтишни истовчилар сони 100дан ортганини тилга олган:

"Мен ҳозир Москвадаман. Менга 5 сентябрь куни имтиҳон бўлиши ҳақида бугун хабар келди. Менинг билетим - 6 сентябрга. Имтиҳонни сал орқага суришнинг имкони йўқмикин? Россиядан қайтмоқчи бўлган талабалар 100 нафардан кўпмиз, ҳеч биримиз имтиҳонга улгурмаймиз. Илтимос, бизга ёрдам бериб, имтиҳонни сал кечиктиришларини сўраймиз".

Олий таълим вазирлиги изоҳи

Олий таълим вазирлигидан 2 сентябрь куни олинган маълумотга кўра, ўқишини кўчирмоқчи бўлган талабаларнинг барчасига имтиҳон ёки суҳбат ўтказиладиган кун ва манзил ҳақидаги хабарлар 2 сентябрь куни йўлланган.

Вазирликнинг ўзини тантиштирмаган расмийси, бундай хабар имтиҳон топшириши шарт бўлган талабаларга йўлланганини билдирди.

Мулозим таъкидича¸ Вазирлар Маҳкамасининг 360-сонли қарорида кўзда тутилган тоифалар - хориждаги олий ўқув юртидан ўқишини тест синовларисиз Ўзбекистонга кўчириши мумкин бўлган талабалар иши бўйича Давлат комиссияси буйруқ чиқариши лозим.

"Бу қарор асосида халқаро рейтингда биринчи мингталикка кирганлар имтиҳонсиз қабул қилинади, барибир. Шунинг учун, улар ўқишини кўчирмоқчи бўлган олий ўқув юрти қабул ҳайъатига мурожаат қилишса, аниқ жавоб олишади", деди вазирлик расмийси Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Президент қарорига биноан, хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларидан республика олий таълим муассасаларига ўқишини кўчириш бўйича қарор Давлат комиссияси томонидан қабул қилинади.

2020/2021 ўқув йилида Ўзбекистон олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси раиси Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповдир, комиссия таркибига мамлакат ҳукумат идоралари раҳбарлари ва вазирлардан иборат 17 аъзо киритилган.

Хорижда қолиб кетган талабалар бўйича аниқ жавоб йўқ

Олий таълим вазирлигининг Озодлик гаплашган мулозими, пандемия шароитида ҳануз хориждан қайта олмаётган талабалар мурожаатларидан вазирлик хабардорлигини айтди.

Айни пайтда¸ бу борада конкрет қандай чора кўрилаётгани ҳақида бирор маълумот бера олмаслигини таъкидлади.

Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистонга қайтмоқчи бўлган ватандошлар, шу жумладан ўқишини ватанига кўчираётган талабалардан, ўзлари яшаб турган давлатлардаги элчихона ва консулликларга мурожаат қилиб, рўйхатга туришни сўраган.

Махсус рўйхат асосида Ўзбекистонга чартер рейс билан қайтиш учун навбат кутаëтганлар¸ Озодлик 2 сентябрь куни гаплашган талабаларга кўра, жуда кўп.

- Мен масалан июлнинг бошида рўйхатга ёзилдим. Нечанчи бўлиб ёзилганимни ҳам айтишмади. Ҳалиям кутаяпман, деди Сарвиноз.

Жиззахлик талабанинг айтишича, Россиядан қайтмоқчи бўлган тенгдошлари, навбат кутишдан ташқари, чипталарнинг ошиб бораётган нархидан ҳам хавотирда:

-Чунки, билетлар 51 минг рублга (қарийб 700 АҚШ доллари - таҳр.) чиқиб кетди. Мен имтиҳонда қатнашсам ҳам, тайёрмасман. Ўта олмай қолсам, орқага ҳам қайта олмайман бунақада. Чунки, оилада катта фарзандман, пул топадиган одам - фақат дадам. У ҳам доктор, коронавирус юқиб, икки ой ишлай олмади. Жудда қаттиқ касал бўлди. Яъни, иқтисодимиз жуда оғир ҳозир, Россияга кетишга ҳам шароитим йўқ энди. Ҳозир бу ерда ҳам, у ерда ҳам ўқишдан айрилиб қоламанмикин, деб қўрқиб ўтирибман.

Хориждаги 13 мингдан ортиқ талаба ариза топширди

Олий таълим вазирлигига кўра, 2020-2021 йилги ўқув йилида таълим олишни давом эттириш учун дунёнинг турли давлатларида ўқиётган 13 мингдан ортиқ талабадан ариза тушган. Ўқишни кўчиришни истовчилар ҳужжатлари шу йилнинг 15 июлидан 5 августига қадар онлайн тарзда қабул қилиб олинган.

Олий таълим вазирлиги, ўқишни кўчирувчилар учун имтиҳонлар - тест синовлари ёки суҳбат тарзида 5 - 6 сентябрь кунлари махсус белгиланган масканларда бўлиб ўтиши ҳақида 2 сентябрь куни маълум қилди.

Хориждан ўқишини Ўзбекистонга кўчираëтган талабалар имтиҳонни ўз яшаш манзили бўйича ажратилган жойда топшириши керак.

XS
SM
MD
LG