Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2020, Тошкент вақти: 02:45

Солиқ тизимида яна оммавий қисқартиш - айрим туманларда ходимларнинг ярми бўшатилмоқда


Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси Фарғона вилоят бошқармаси.

Ўзбекистондаги айрим вилоят ва туман солиқ инспекцияларида ходимлар "катта қисқартиш" ҳақида оғзаки огоҳлантирилган.

Қашқадарё, Сурхондарё ва Намангандаги айрим туман солиқ идораларида эса ходимларни қисқартиш аллақачон бошланган.

Қисқаришга тушган солиқ инспекторлардан Озодликка келаëтган хабарларда бу жараëннинг “меҳнат қонунчилигини бузиш” эвазига бўлаётгани иддао қилинмоқда.

Хусусан, Қашқадарё вилоят Миришкор тумани Солиқ инспекцияси ходимлари иддаосича, ишдаги камчиликлари рўкач қилиниб, бир кунда қисқаришга тушганликлари ҳақида огоҳлантирилган.

Озодлик суҳбатлашган солиқ инспекцияси расмийлари штатлар қисқариши сабаб айрим ходимлар билан "хайрлашишга мажбурликлари, лекин бу жараён ҳуқуқий асосда бўлаётганини" айтишди.

Ўзбекистон солиқ тизимида ишловчи 12 мингдан зиёд ходимдан қанчасининг ишидан айрилиши, қанчаси қолиши ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

50 фоизлик қисқартирув

Қашқадарё вилоят, Миришкор тумани солиқ инспекторларидан бири ўзи ишлайдиган бўлимда 40 ходимдан деярли ярми қисқартишга тушганини айтади.

- 2 сентябрда 18 та ходимга ойлик иш ҳақи ёзилмади. Сабабини бухгалтердан сўрасак, сокрашенияга тушибмиз. Бизга айтишмаган ҳам. Ўтган ой августда кечқурун 9-10 гача маҳаллий солиқларни йиғдик, маҳаллий бюджетга режадан ортиқ 9 миллиард сўм тушириб бердик. Нимага айнан биз қисқаришга тушдик, деб тортишсангиз агар, ишдан камчилик топиб, жиноят иши очиш билан қўрқитяпти. Энг қизиғи қисқаришга тушганларнинг кўпчилиги Солиқ академиясини тугатганлар. Менинг ўзим Тошкентдаги Молия институтида ўқиганман. Мутахассислиги тўғри келмайдиган ўрта махсус билимга эга ходимлар қоляпти. Энди қаердан иш топамиз?, - дейди қашқадарёлик солиқчи.

Сурхондарё вилоят солиқ тизими ходимлари ҳам ўз ҳудудида қисқартиришлар бўлаётганини хабар қилди.

Вилоятнинг Қумқўрғон тумани солиқ инспекцияси ходимларидан бири қисқартишга тушадиган солиқчилар тақдири мавҳум қолаëтганини айтади.

- Бошлиқ икки кун олдин ҳаммани йиғиб, катта қисқартириш, бўлади, тайёргарликларингизни кўраверинглар, деди. Туман бўлимида ходимлар сони 30 фоизга камаяр экан. Ҳамма ходимлар аттестация қилиниб, бошқатдан ишга ариза топширар экан. Тепадагилар кимни олиш, кимни олмасликни ўзлари ҳал қилар экан. Шунча йилдан бери режани бажариб мана энди кўчада қоляпмиз, - дейди сурхондарёлик солиқчи.

Наманган вилояти солиқ инспекцияси ходимларидан ҳам айни мазмундаги шикоят тушди.

Озодлик бу иддаолар юзасидан изоҳ олиш учун Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизматига қўнғироқ қилди, лекин телефонни ҳеч ким кўтармади.

Давлат солиқ қўмитасининг Озодлик суҳбатлашган расмийларидан бири тизимда баъзи штатлар қисқариши сабаб айрим ходимлар билан хайрлашишга тўғри келишини айтди:

- Ҳозир тизимлик ўзгаришлар бўляпти бизда. Қўшимча қиймат солиқ тўловчи, ойлик айланмаси 1 миллиард сўмдан кўп хўжаликлар олдин туманнинг ўзига ҳисобот берарди. Ҳозир бундай хўжаликлар тўғри вилоят солиқ бошқармаларига ҳисоб берадиган бўлди. Шунинг ҳисобига ҳар бир туманда қисқариш бўлади. Ўз навбатида вилоят бошқармаларида ҳам реструктуризация кутиляпти. Бу солиқ идоралари фаолиятини оптималлаштириш учун қилиняпти, - деди Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитасининг матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми очиқланишини истамаган мулозими.

Ўзбекистон Солиқ тизимида ишловчи 12 мингга яқин ходимдан қанчасининг ишидан айрилиши, қанчаси қолиши эса, мулозимга кўра, маълум эмас.

Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитасида сўнгги бор йирик қисқартиришлар 2017 йилда бўлган. Ўшанда 3000 дан зиёд солиқчи ишдан бўшатилган эди.

1994 йилда Давлат солиқ қўмитаси ташкил этилганда қўмита 15 400 нафар ходимига эга эди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 12 июлида ўтказилган видеоселекторда солиқ тизими ходимларининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашишлари ва асоссиз текширувлар ўтказишини танқид қилар экан¸ мамлакат солиқ тизимида жиддий ўзгаришлар қилиниши кераклигини айтган эди.

Орадан бир йил ўтиб 2018 йилда Солиқ қўмитасини 14 йил бошқарган, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати собиқ раҳбари Рустам Иноятовнинг қудаси, генерал-лейтенант Ботир Парпиев лавозимидан олинди.

Шундан сўнг Беҳзод Мусаев қўмитага икки йил вақтинча раислик қилди.

Шу йилнинг май ойида эса Меҳнат вазирлигини бошқариб келган Шерзод Қудбиев Давлат солиқ қўмитаси раиси этиб тайинланди.

Давлат солиқ қўмитаси бошқарувига яқин мулозимнинг Озодликка айтишича, "солиқ идоралари фаолиятини оптималлаштириш учун қилинаётган сўнгги ўзгаришлар" қўмитага янги бошлиқ келиши ортидан рўй бермоқда.

XS
SM
MD
LG