Линклар

Шошилинч хабар
03 май 2024, Тошкент вақти: 04:31

Қирғизистонда сайлов: Собиқ ҳоким аравонлик ўқитувчиларни 2010 йил билан “қўрқитди”


Аравон туман Маданият уйида олинган сурат. Сўзлаётган шахс Шамил Артиқов.
Аравон туман Маданият уйида олинган сурат. Сўзлаётган шахс Шамил Артиқов.

Ўш вилояти Аравон тумани собиқ ҳокими, “Биримдик” партиясининг тумандаги сайлов штаби раҳбари Шамил Артиқов ўқитувчилар билан учрашувда уларни 1990 ва 2010 йилдаги этник низолар билан “қўрқитгани” тўғрисидаги аудиоёзув ижтимоий тармоқларнинг қирғиз контентида кенг муҳокама қилинмоқда.

Собиқ ҳоким ўқитувчиларга 2010 йилда “20та қуролланган қирғиз Аравонга кириб келаётганида” уларни ким тўхтатиб қолганини “эслатиб қўйган”.

Шамил Артиқов Озодлик радиоси қирғиз хизматига бу гапларни Аравон туман ўқитувчилари билан учрашувда айтганини тасдиқлади ва бу сўзлари учун “ҳеч кимдан қўрқмаслигини” таъкидлади.

Ўш вилоят милицияси мазкур воқеа юзасидан дастлабки тергов ишлари бошланганини билдирди. Аммо ҳозирча бу гапларни ҳақиқатан ҳам Шамил Артиқов айтганини тасдиқловчи далил-исбот йўқлигини урғулади.

Бир неча кун аввал ижтимоий тармоқларнинг қирғиз контентида кенг тарқала бошланган аудиоёзувда Аравон тумани собиқ ҳокими, “Биримдик” партиясининг тумандаги сайлов штаби раҳбари Шамил Артиқов экани таҳмин қилинаётган шахс ўқитувчиларга қарата мана бундай гапларни айтган:

“Икки-уч минг сўм пул оламиз деб бошқаларга кетсангиз, эртага вақти келади. Эртага икки минг сўм билан ишсиз қоласизлар. Мен очиғини айтай, сизларнинг ҳар бирингизнинг исм-шарифингиз менда бор. Мен штаб раҳбари сифатида ким қайси партия учун ишлаётганини яхши биламан. Беш йил депутат бўлиб, ҳеч нарса қилмаган одамлар ортидан 5-10 сўм учун сотилиб кетасизми? Айтиб қўяй, бу уят! Ўқитувчиларнинг юзини ерга қаратганлар сизларсизлар! Бугунги кунда ўқитувчи халқни ўз ортидан етаклаб, президентнинг сиёсатини олға суриши лозим. Туғандар (ўзбекчада- қариндошлар, қардошлар, яқинлар деганга яқин маънони беради-муҳаррир), 1990 йилда нима бўлган эдик? Эсингизда борми? 2010 йилда нима бўлдик? Йигирмата милтиқли қирғиз бостириб келганида “Еттиоғайни”да йўлини тўсиб, биз киргизмай қўйганмиз. Ўша жойда биз сизлар ҳақингизда қайғурганмиз. Сизлар эса бугун бизни эмас, 2 минг сўм пулни ўйлаяпсиз. Бироз ақлингизни йиғинг!”

Шамил Артиқов 29 сентябрь куни Озодлик радиоси қирғиз хизматига бу гапларни Аравон туман ўқитувчилари билан учрашувда айтганини тасдиқлади ва бу сўзлари учун “ҳеч кимдан қўрқмаслигини” таъкидлади.

-Мен бу гапларни яхши ниятда гапирганман. Бу ерда бошқа масала йўқ. Ҳозир ҳеч кимдан қўрқмайдиган замон. Мен ҳурмат билан, ўқитувчи сифатида гапирганман. Ўз вақти келганида бу гапларимга ўзим баҳо бераман,- деди Шамил Артиқов.

Собиқ ҳокимнинг ўқитувчилар билан бўлган учрашувда айтган гапларини Ўш вилоят милицияси дастлабки тергов жараёнида ўргана бошлади.

-Овоз кимга тааллуқли экани, номлари айтилган шахслар бу гапни қаерда ва қай тарзда айтганини аниқлаш ишлари бошланди. Биз фақат юридик далил-исботларга таянган ҳолдагина аниқ бир гап айта оламиз. Ҳозирча бу гапларни Шамил Артиқов айтган, деб тасдиқлай олмаймиз. Тергов эндигина бошланди,-деди Ўш вилоят милицияси расмий вакили Жениш Аширбаев.

Айни пайтда мазкур аудиоёзувни Марказий сайлов комиссияси ҳам мустақил текшира бошлади. Комиссия аъзоси Атир Абдрахматованинг билдиришича, бу воқеа Марказий сайлов комиссиясининг Миллий хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура,ва ички ишлар вазирлиги вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳи томонидан ўрганилмоқда.

“Биримдик” партияси ҳозирча бу воқеа юзасидан расман муносабат билдирмади. Шамил Артиқов 2009 йилда Боткен вилояти Қадамжой туманига ҳокимлик қилган. Кейин 2014 йилгача Аравон тумани ҳокими бўлган.2014 йилда тумандаги мактаблардан бирида Ўзбекистон республикаси гимни янграгани ортидан ҳоким лавозимидан бўшатилган ва 2015 йилда парламент депутатлигига сайланган.

20 сентябрь куни Ўш вилоятининг Аравон туманида "Мекеним Киргизстан" (“Ватаним Қирғизистон”) ва "Биримдик" (“Бирдамлик”) партияси тарафдорлари ўртасида оммавий муштлашув содир этилган эди.

Аравондаги муштлашув ортидан Марказий сайлов комиссияси қарори билан парламент депутатлигига номзод бўлган икки киши – “Биримдик” партияси номзоди Шукрулло Файзуллаев ва “Мекеним Киргизстан” партияси номзоди Илҳом Маннонов сайловдан четлатилди.

Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари 2020 йил 4 октябрда бўлиб ўтади. Унда 16 та партия иштирок этади.

XS
SM
MD
LG