Линклар

Шошилинч хабар
25 октябр 2020, Тошкент вақти: 22:04

Profelite IMP фирмасидан алданганларнинг норозилик чиқиши натижасиз якунланди


Profelite IMP фирмасига пул бериб алданганлардан бир гуруҳи.

6 октябрь куни Тошкентда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги олдида Profelite IMP фирмасидан алданганлар пулини қайтариб берилмаётганига норозилик билдириб, тўпланди.

Норозилар билан учрашган мутасаддилар ҳозирча мижозларнинг пулларини қайтариш имкони йўқлигини айтишган.

Айни пайтда жами ўндан зиёд хусусий бандлик агентликларига қарши фирибгарлик моддаси бўйича иш очилган, кейинги бир йилда жами 48та агентликка берилган лицензия бекор қилинган.

Ҳукумат хусусий бандлик агентликларига хорижга ишчи жўнатишни бутунлай тақиқлашни режалаштирмоқда.

Алданганларнинг навбатдаги норозилиги

6 октябрь куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги биноси олдида Profelite IMP фирмасидан алданганларнинг навбатдаги норозилик чиқиши бўлиб ўтди.

Норозилардан бири- Андижон вилояти Андижон туманида яшовчи 43 яшар Бахтиёр Аҳмедов Кореяга ишга кетиш мақсадида Profelite IMP хусусий бандлик агентлигига пул бериб, алданиб қолган 300 киши рўйхатида бор.

“Келишни режалаштирганлар кўпчилик эди. Лекин атиги ўнта одам келди. Қолганлар қўрққанидан келмади. Уйининг тагида милиция ўтирганлар, участковой чиқармаганлар ҳам бор. ИИБ “бормайсизлар, йиғилмайсизлар” деган. “Борсанг жарима, 15 сутка” деганда. Қўрққанидан кўпчилик келмади”, дейди Бахтиёр Аҳмедов.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:23 0:00
Бевосита линк

Унга кўра, агентлик олдига тўпланганлар билан мутасаддилар онлайн учрашган, бироқ учрашувдан бирор натижа бўлмаган.

“Бизни Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ичкарисига олиб кириб, вазирлик мулозимлари билан онлайн учраштиришди. Меҳнат вазирининг ўзи ва унинг ўринбосарлари қатнашди. Биз “пулимизни тезроқ беринг” дегандик, улар бунинг иложи йўқлигини айтишди. “Карантин пайти жамғармадаги барча пулларни кам таъминланган оилаларга ишлатдик. Ҳозир жамғармада пул йўқ. Фирма бошлиғи Жонузоқов қўлга олинса, кейин пулларинг берилади” деди. Жонузоқов хорижда қочиб юрган бўлса, демак, пулларимизни бу яқин орада олмас эканмиз”, дейди Бахтиёр Аҳмедов.

Profelite IMP фирмасидан алданганлар президентга мурожаат қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:59 0:00

Суд ҳукмига кўра, хорижга қочиб кетгани айтилган Profelite IMP агентлиги раҳбари Иброҳим Жонузоқов фирибгарликда айбланиб, қидирувга берилган.

Ушбу агентликка 300дан зиёд киши жами 9 миллиард сўм бериб, алданиб қолгани аниқланган.

Profelite IMP фирмасидан пулини ололмаётган ўнлаб киши 21 сентябрь куни ҳам норози бўлиб, бош вазир қабулига келган ва уйларига “қуруқ” қайтганди.

2019 йилнинг 12 апрель куни давлат рўйхатидан ўтиб, лицензия олган ушбу агентлик фаолияти жорий йилнинг 16 март куни тўхтатилди.

Бир йилда ўндан зиёд фирмага иш очилди

Ўзбекистонда хусусий бандлик агентликлари фаолиятига 2018 йил кузидан бошлаб рухсат берилган эди. Шундан кейин ўтган икки йил давомида 75 та агентликка фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш билан шуғулланиш учун лицензия берилган.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидан олинган маълумотга кўра, кейинги бир йил ичида жами 48 та агентликнинг лицензияси бекор қилинган.

“Ҳозир 27 та агентлик ўз фаолиятини давом эттиряпти. Улар қонунан ишлаб, ҳар йили минглаб фуқарони хорижга жўнатмоқда. Лекин фирибгарлик билан шуғулланган ўндан зиёд агентликка қарши жиноят иши қўзғатилган. Бир қанча агентликнинг суди якунланди, раҳбарлари узоқ муддатга қамалди. Айрим агентликларнинг бизнинг вазирлик ҳисоб рақамига депозитга қўйган пуллари ва раҳбарларининг мол-мулки ҳисобига хорижга кета олмай қолган фуқаролар пуллари қайтарилди. Жами 48 та агентлик лицензияси бекор қилинди. Улар одамлардан пул олиб, бирорта ҳам одамни хорижга юбормагани аниқланди. Бугун ҳам раҳбарларимиз агентликлардан алданган фуқаролар билан видеоконференция қилди. Бироқ унинг тафсилотларидан мен бехабарман”, деди матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми очиқланмаслигини сўраган вазирлик ходими.

Дастлаб Германия ва Чехияга ишчи ёллаб, жўнатмаган ва ишчиларнинг пулларини қайтариб бермаган “Human”агентлиги лицензияси Озодлик мақоласидан сўнг тўхтатилди.

Жорий йилнинг 17 февраль куни ўнлаб одам Тошкентдаги Мустақиллик майдонига йиғилиб, “Human” агентлигининг ўзларига етказган зарарини тўлаб беришни талаб қилиб чиқди.

Норозилар билан учрашган Бош вазир Абдулла Арипов президент топшириғи билан “Human” хусусий бандлик агентлигидан зарар кўрган 1086 фуқарога маблағлари тўлаб берилишини маълум қилди.

Бандлик агентликлари фаолияти ўзгартирилади

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг 6 октябрь куни Озодлик мухбири билан гаплашган мулозимига кўра, хусусий бандлик агентликлари фаолиятини қайта ташкил қилиш режаланмоқда.

Бир ой ичида эълон қилиниши кутилаётган янги қонунга мувофиқ, эндиликда бандлик агентликлари фақат консалтинг хизматлари кўрсатиш билан шуғулланади.

Хорижга ишга жўнатиш билан эса бундан буён фақат Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги шуғулланиши режаланган.

Шарҳларни кўринг

Алоқадор

XS
SM
MD
LG