Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:51

Бандлик агентлиги Латвияга жўнатган ўзбекистонликлар қайтишга пул тополмаяпти


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Польшада бўлиб турган 8 ўзбекистонликни бандлик агентлиги уларга 1000 евродан меҳнат ҳақи берилишини ваъда қилиб, Латвияга ишга жўнатган. Аммо улар 1,5 ой ишлаб, фақат 400 евродан кўпроқ иш ҳақи олган.

Oxiana work хусусий бандлик агентлиги вакили Озодлик радиоси билан суҳбатда айбни муҳожирларнинг ўзига ағдарди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Ташқи миграция масалалари бўйича агентлиги расмийси сўнгги пайтларда бу каби ҳолатлар кўп учраётганини ва айниқса, хусусий бандлик агентликлари томонидан Латвияга ишга жўнатилган ўзбекистонликлардан кўплаб шикоятлар келаётганини айтди.

"Бир ярим ой ишлаб 420 евро иш ҳақи олдик"

Ўз оилаларини ташвиш ва ҳавотирга қўймаслик мақсадида исмларини сир тутишимизни илтимос қилган сирдарёлик, сурхондарёлик ва наманганлик 8 нафар муҳожирнинг Озодлик радиосига айтишича, улар 2019 йилнинг 15 ноябрида Латвия пойтахти Рига шаҳрига етиб келишган.

“Oxiana work хусусий бандлик агентлигига бу ерга ишга келиш учун ҳар биримиз 14 миллион сўмдан пул берганмиз. Биз билан тузилган меҳнат шартномасида Рига яқинидаги ўрмон хўжалигида ишлашимиз ва бунинг учун, солиқларни чегириб ташлаганда, минг евродан ҳақ олишимиз айтилганди. Аммо Латвияга келганимиздан кейин бир ярим ой давомида бир марта 50 евро, иккинчи марта 120 евро, кейин эса 250 евро, жами 420 евро ҳақ олдик. Иш берувчига норозилигимизни айтсак, мен солиқларни чегириб қолдим дейди. Бандлик агентлигига телефон қилсак, ҳеч қандай ёрдам бермади”, деди муҳожирлардан бири.

Унинг айтишича, шундан сўнг саккиз кишидан иборат муҳожирлар гуруҳи Польшага келган. Муҳожирлардан бири бу мамлакатда таниши борлигини айтди:

“Танишимиз орқали иш топдик. Иш ҳақи минг-бир ярим минг евро экан. Польшага келганига уч ой бўлган танишимизнинг ўзи уйига уч минг евро пул чиқарибди. Аммо ҳали ишга киришишимизга улгирмасимиздан туриб, Латвиядаги иш берувчи иш ўрнини ноқонуний ташлаб кетди, деб визамизни бекор қилдириб қўйибди. Энди нима қилишимизни билмай Польшада ўтирибмиз. Ўзбекистонга қайтайлик десак, пулимиз йўқ”.

Хусусий бандлик агентлиги муҳожирларни айблади

Oxiana work хусусий бандлик агентлиги вакили Қодир Мамажонов Озодлик радиоси билан суҳбатда айбни муҳожирларнинг ўзига ағдарди:

“Ўн кун ишлаганлари учун улар 170 евродан ҳақ олишган. Ҳамма жойда уч ойлик синов муддати бўлади. Шартномада синов муддати бўлиши кўрсатилган. Булар ўша синов муддатини ўтамасдан ойликлари оз экан, деб кетиб қолишган. Ўн кунига 170 доллардан ҳақ олганида, ойига 500-600 евро ҳақ олишар эди, чидаб ишлаганларида. Улар шартномани бузиб, кетиб қолганларидан кейин иш берувчи ҳам ортиқча солиқ тўламаслик учун уларнинг визаларини бекор қилдирган. Биз уларни Ўзбекистонга қайтиб келишлари учун самолёт пулларини тўлашга тайёрмиз, аммо шикоятчилар “Бизни алдадинглар, 14 миллиондан берган пулларимизни қайтариб берасизлар, кейин қайтамиз”, деб шарт қўйишаяпти. Бу шартга биз рози эмасмиз”.

Латвия ва Литвага ишга жўнатилганлардан шикоятлар кўп

Мавзуни ўрганиш доирасида Озодлик Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ташқи миграция масалалари бўйича агентлигига боғланди. Озодлик саволларига агентлик матбуот котиби Ортиқхўжа Норов жавоб берди:

“Бу каби ҳолатлар кўп бўлаяпти. Айниқса Литва, Латвияга жўнатилган меҳнат муҳожирларидан алданганлари тўғрисида кўп шикоятлар келимоқда. Шунинг учун қонунчиликка ўзгартириш киритиш масаласида иш олиб бораяпмиз. Яъни меҳнат муҳожирларини алдаган хусусий бандлик агентликларига жазо чораларини кучайтириш таклифини киритаяпмиз, бундан ташқари ишга жўнатиш механизмларини мукаммаллаштириш устида ишлаяпмиз. Бундай вазият 2018 йилдан кейин, хусусий бандлик агентликлари фаолият бошлаганидан сўнг пайдо бўлди. Ҳозирда бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун чора-тадбирлар режаси ишланаяпти”.

Озодлик радиосига 2019 йилнинг 25 декабрида Литвада ишлаётган бир гуруҳ ўзбекистонлик муҳожирлар мурожаат қилиб, "Амили Баҳора" хусусий бандлик агентлигига алданиб қолганларини айтган эдилар.

Муҳожирларга кўра, агентлик уларни Германияга ишга ёллаган, аммо Литвага жўнатган. Бу ерда муҳожирлар иш билан таъминланмай, чиқиндихонада жон боқишга мажбур бўлишганини айтишган.

Шундан сўнг Ташқи миграция масалалари бўйича агентлик ўзбекистонликларни ортга қайтарган ҳамда "Амили Баҳора" ширкати уларнинг айримларига тўлаган пулларини қайтариб берганди.

Бундан аввалги ҳолатлар

Ўзбекистонликларни миллионлаб сўм эвазига хориж¸ хусусан¸ Европа давлатларига яхши ҳақ тўлайдиган ишга жўнатишни ваъда қилиб¸ бу ваъдасини бажармаëтган хусусий бандлик агентликлари сони ошиб бормоқда.

Озодликка келаëтган шикоятлар ортидан¸ бундай агентликларнинг бир қанчаси фаолияти тўхтатилди¸ уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Навоий шаҳридаги Навоий хусусий бандлик агентлиги 211 нафар одамни 633 миллион сўмга алдади. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги 25 ноябрь куни хабар берди.

Аввалроқ Ўзбекистонда иш қидираётган шахсларга чет элдан иш топиб бериш мақсадида лицензияга эга бўлган 65 та хусусий бандлик агентликларидан 30таси бирорта ҳам фуқарони хорижий давлатларга ишга юбормагани маълум қилинган эди.

Бундан ташқари Тошкент шаҳрида жойлашган Korean&Migrations хусусий бандлик агентлигининг уч раҳбари ҳибсга олингани айтилган.

Озодликка мурожаат қилганларнинг даъвосига кўра, Korean&Migrations уларни Жанубий Кореяга ишга юбориш ваъдаси билан ҳар бир кишидан 32 миллион 400 минг сўм миқдорида ҳақ олган, аммо ваъда қилинган муддат якунига етса ҳам, ҳеч ким чет элга ишга юборилмаган.

Олдинроқ эса, 70 га яқин ўзбекистонлик Тошкентдаги HUMAN хусусий бандлик агентлиги Германия ва Чехияга жўнатиш учун тўловларни олгани, аммо жўнатмаганидан Озодликка шикоят қилганди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG