Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:21

COVID-19: Расмий ва норасмий беморлар - бепул “Ремдесивир” ҳаммага ҳам йўқ


Соғлиқни сақлаш вазирлиги 7 октябрь куни Ўзбекистонда коронавирус беморлари етарли миқдорда бепул дори-дармонлар билан таъминланаётгани ҳақида баёнот берди.

Вазирликка кўра, шу кунларда “Ремдесивир” препарати 15 минг доза (2 ярим минг кишига етади), “Фавипиравир” препарати эса, 17 минг дона ҳажмда беморларга бепул етказиб берилган.

Аммо коронавирус беморларининг яқинлари ва уларни даволаётган шифокорларга кўра, бепул дори COVID-19 касаллиги тасдиқланган ва оғир беморларгагина берилмоқда.

Уларнинг ҳисоб-китобича, коронавирус беморларининг учдан бири бепул дорига имконли, холос.

COVID-19 беморларини даволашда энг самарали восита бўлиб қолайтган “Ремдесивир” препарати танқислиги ва яширин тарзда қиммат нархларда сотилаётгани ҳақида Озодлик 6 октябрь куни ёзган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда коронавирус беморларини даволаш учун зарур дори-дармоннинг 24 миллиард сўмлик заxираси шакллантирилганини айтган.

Расмий хабарда айтилишича, шу кунгача поликлиникалар орқали 300 минг тўплам дори қутиси аҳолига тарқатиш учун ажратилган.

Коронавирус беморларини даволашда кенг қўлланилаётган 2 муҳим препарат - “Ремдесивир” ва “Фавипиравир” дори воситалари таъминоти эса, ССВ баёноти мазмунига кўра, президент топшириғи асосида алоҳида назоратга олинган.

“Ҳозирга қадар касалликнинг дастлабки босқичидаги беморлар учун 17 минг дона (17 минг нафар беморга мўлжалланган) “Фавипиравир” ва оғир ҳолатдаги беморлар учун 15 минг дона (2 500 нафар беморга мўлжалланган) “Ремдесивир” дори воситаси даволаш муассасаларига бепул етказиб берилди”, дейилади баёнотда.

Озодликнинг суриштируви ушбу препарат дорихоналарда деярли йўқлиги, аммо "қўлда" 1 млн. 700 минг сўмгача (165 АҚШ доллари) сотилаётганини ўртага чиқарган.

Ижтимоий тармоқлардаги изоҳларда айрим ўзбекистонликлар дорини 3 миллион сўмга сотиб олганликларини ҳам ёзишган.

Ижтимоий тармоқларда қолдирилган шарҳ, 7 октябрь, 2020
Ижтимоий тармоқларда қолдирилган шарҳ, 7 октябрь, 2020
Ижтимоий тармоқларда қолдирилган шарҳ, 7 октябрь, 2020
Ижтимоий тармоқларда қолдирилган шарҳ, 7 октябрь, 2020

Тошкент Тиббиёт академияси клиникасидаги коронавирус беморларига қараётган ҳамширанинг Озодликка айтишича, беморларнинг асосий қисми ҳануз ўз ҳисобидан даволанмоқда.

Унинг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги айтган бепул дори мамлакатдаги коронавирус беморлари сонига нисбатан арзимас даражада.

“Бепул дори бор, йўқ эмас. Лекин ҳеч кимга етмайди бу дори. 2 ярим минг кишига “Ремдесивир” дегани – жуда оз-да. Айниқса, оғир беморларга қуйиладиган “Ремдесивир” жуда танқис. Бепул дори фақат қизил зоналардаги реанимацияларда ётган ўта оғир касалларга, унда ҳам, коронавирус тасдиқланган бўлса. У ҳам чекланган, тугаб қолса, яқинлари бориб ,ўзлари топиб келиши керак”, - дейди тошкентлик ҳамшира.

Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги коронавирус беморлари учун қурилган махсус шифохонада ишлаган шифокор ҳам бу ерда дори-дармон ва даволаниш бепул эканини айтди.

Ижтимоий тармоқларда қолдирилган шарҳ, 7 октябрь, 2020
Ижтимоий тармоқларда қолдирилган шарҳ, 7 октябрь, 2020

“Ўзи бизга беморлар тақсимот марказлари ва бошқа касалхоналардан олиб келинади, рўйхатга дарров киритилади, дорисиям шу рўйхат билан бўлади. Ейиш-ичиш, ҳаммаси бепул. “Ремдесивир”, “Фавипиравир”, ҳамма дорилардан бор. Энди касал кўп, баъзида дорида узилиш бўлиб қолади, яқинлари ўзлари олиб келишяпти. Лекин қиммат дорилар дорихоналарда йўқ, қўлга чиқиб кетгани очиқ гап-ку ҳозир”, - дейди номи ошкор этилишини истамаган шифокор.

Наманган шаҳридаги коронавирус марказларидан бирида ишлайдиган терапевт врач сўнгги бир неча ҳафта ичида дори-дармон ва кислород баллонлари таъминоти нисбатан яхшиланганини айтади.

“Очиғи, кейинги икки - уч ҳафта ичида таъминот бироз яхшиланди. Аммо булар оғир ва ўта оғир беморлар. Коронавирус беморлари рўйхатига кирганлар. Лекин ўрта, анча-мунча ўрта оғир беморларга ҳам қиммат уколлар етмаяпти, таблеткалар бор”, - дейди наманганлик шифокор.

Унинг таъкидлашича, беморларнинг ҳақиқий сони амалда бепул дори олиши мумкин бўлган беморлар сонидан "бир неча баробар кўп".

Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида коронавирус беморларини даволаётган шифокорлар ҳам вазият ўхшаш эканини айтишди.

ССВ тизимидаги манбанинг Озодликка айтишича, ҳозирда коронавирус беморларига, уларнинг аҳволига қараб, 32 миллион сўмдан 82 миллион сўмгача маблағ ажратилмоқда

"Беморларнинг реал сони расмий рақамдан кескин фарқ қилади. Шу сабабли, расмий рўйхатга кирмаган беморлар 200$ бўлса ҳам оламан, деб излаб юришибди. ССВнинг раҳбарияти ўзи қурган қопқонга тушиб қолди. Биринчидан, реал касалланишни яшириб, раҳбариятга яхши кўринмоқчи бўляпти. Иккинчи томондан эса, беморлар расмий сони кам бўлгани учун етарли маблағ ажратилмаяпти. Оқибатда, жабрини оддий инсонлар тортяпти".

ССВ берган сўнгги маълумотга кўра, 7 октябрь соат 17:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 59 697 нафарга етган, 2 минг 745 нафар беморни шифокорлар даволамоқда. Буларнинг қанчаси оғир ёки ўта оғир аҳволда экани ҳақида маълумот берилмади.

Аммо, Ўзбекистондаги мустақил манбалар ва маҳаллий нашрлар коронавирусга чалинган беморлар сони расмий рақамдан анча юқори эканини айтиб келади.

7 октябрь куни баёнотида ССВ Ўзбекистоннинг ўзида “Ремдесивир” препаратини ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши ва шу орқали таъминот қисқа муддат ичида бир неча баробарга оширилиши айтган.

“Ремдесивир” препарати айни номда дунёнинг уч давлати АҚШ, Ҳиндистон ва Покистонда ишлаб чиқарилмоқда.

Бу дори 2015 йилда, АҚШдаги Gilead Sciences компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ва 2020 йилнинг май ойида, дунёдаги COVID-19 пандемиясини инобатга олган ҳолда, Ҳиндистон ва Покистондаги 5 та ширкатга ишлаб чиқариш ҳуқуқи берилган.

Ҳозирча, фақат шу ширкатлар, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти COVID-19 пандемияси тўхтаганини эълон қилгунича, дунёнинг 127 давлатида "Ремдесивир" препаратини сотиши мумкин.

Ўзбекистонда бу дори қандай шартларда ва қандай ном билан ишлаб чиқарилиши ҳозирча номаълум.

Вазирликнинг расмий баёнотида тафсилотлар берилмаган.

ССВ ва Ўзбекистон Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги Озодликнинг бу борадаги саволларини жавобсиз қолдирмоқда.

XS
SM
MD
LG