Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:46

Ш. Шерматов мактабда рус тилини ўқитиш бўйича А. Усмонов жамғармаси билан шартнома имзолади


Ўзбекистон ва Россия ХТВ раҳбарлари шартнома имзолади, 11 октябрь, 2020
Ўзбекистон ва Россия ХТВ раҳбарлари шартнома имзолади, 11 октябрь, 2020

Ўзбекистон ва Россия халқ таълим вазирликлари раҳбарлари, Ўзбекистон мактабларида рус тилидаги дарслар сифатини ошириш бўйича келишувга эришди.

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизматига таяниб, маҳаллий нашрларнинг хабар қилишича, икки вазирлик ҳамда Россиядаги ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновнинг Санъат, фан ва спорт хайрия жамғармаси қўшма дастур имзолаган.

Дастурга биноан, Ўзбекистонда рус тили ва умумий фанларни рус тилида ўқитиш сифатини оширишга қаратилган "Зўр!" ("Класс") лойиҳасини бошлаш кўзда тутилган.

Бу дастурни бошлаш ҳақидаги дастурни имзолаш учун, 11 октябрь куни Россия делегацияси Тошкентга борган ва қўшма лойиҳага оид меморандум имзоланган.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигига кўра, "Зўр!" лойиҳасини амалга ошириш учун Россиядан 32 нафар малакали ўқитувчи ва методистлар келиб, ўзбекистонлик ўқитувчилар малакасини оширади.

2021 йилга ўтганда, яна 100 россиялик мутахассис келиши режаланган. Хабарда айтилишича, шу тариқа ҳар йили 100 нафардан мутахассис мамлакатга келаверади.

Бу ҳужжат имзоланган тадбир давомида эса, иштирокчиларга Алишер Усмоновнинг видеомурожаати намойиш қилинган.

"Мен ўзим рус тилидаги мактабни тугатганман, шунинг учун ватанимда рус тилини ўқитиш бўйича Ўзбекистон ҳукумати, Россия Федерацияси Маориф вазирлигининг бундай узоқ муддатли ва стратегик ташаббусини қўллаб-қувватлаётганимдан жуда мамнунман. Ишончим комилки, бу нафақат таълимни қўллаб-қувватлаш, балки умумий анъана ва истеъдодларимизни қўллаб-қувватлашдир. Ушбу ташаббус муваффақиятли бўлади ва бутун Ўзбекистон аҳолиси томонидан яхши қабул қилинади, шунинг учун мен унга улкан муваффақиятлар тилайман", деган А. Усмонов бу видеомурожаатда.

6 октябрь куни Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, Ўзбекистондаги мактабларда инглиз ва рус тилларини ўқитишга алоҳида эътибор қаратилиши, бунинг учун дарс соатларини оширмаган ҳолда, сифатни ошириш устида ишланишини таъкидлаган эди.

Ўшанда вазир, шу мақсад учун Россиядан педагог мутахассислар таклиф қилинаётгани ва уларнинг илк гуруҳи келиб, А. Авлоний номидаги малака ошириш институтида иш бошлаганини билдирган эди.

XS
SM
MD
LG