Линклар

Шошилинч хабар
15 май 2024, Тошкент вақти: 18:14

Россия элчиси Ўзбекистон билан АЭС бўйича шартнома битиб қолганини билдирди


Жиззах вилоятидаги Тузкон кўли атрофида АЭС қурилиши масаласида олиб борилаётган техник тадқиқот ишлари ("Ўзатом" фотоси)
Жиззах вилоятидаги Тузкон кўли атрофида АЭС қурилиши масаласида олиб борилаётган техник тадқиқот ишлари ("Ўзатом" фотоси)

Атом электр станцияси қурилиши бўйича Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги шартнома асосан ҳозирлаб бўлинди, бу борада фақат техник жиҳатлар ва нарх масаласини кўриб чиқиш қолган, холос.

Бу ҳақда Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденев 21 декабрь куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилган.

Моҳиятан кўп масалаларда келишувга эришилди. Шартнома асосан ҳозирлаб бўлинди. Охирги масала бўлиб, одатдагидай, нарх масаласи қолмоқда. Сўнгги пайтда томонлар қўшимча масалаларни кўриб чиқмоқдалар. Масалан, атом станцияси совитиб турилиши кераклиги каби. Бу ерда сув омбори сувидан фойдаланиш таклиф қилинганди. Бироқ бу ҳозир унча тўғри келмайди. Ҳозир сув истеъмолини камайтириш учун лойиҳага қандай ўзгартишлар киритиш лозимлиги ҳақида ўйланишяпти”, - деган элчи В.Тюрденев.

Рус дипломати Москва ҳам, Тошкент ҳам АЭС лойиҳаси амалга оширилиши керак, деган ёндашувдан келиб чиқаётгани, бу барча даражаларда тасдиқлангани ва гап айнан техник жиҳатлардагина қолганини урғулаган.

Ўзбекистон ҳудудида Россия билан ҳамкорликда АЭС қурилиши бўйича икки мамлакат ҳукуматлари 2018 йил сентябрида келишувга эришгандилар. Бу иш асосан “Росатом” давлат корпорацияси томонидан амалга ошириладиган бўлган. Станция қурилиши учун устувор жой ўлароқ Жиззах вилоятидаги Тузкон кўли яқинида жойлашган майдон танлангани айтилганди.

Ўша йилнинг 19 октябрида президентлар Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Жиззахда АЭС қурилишининг рамзий тугмасини босган эдилар.

2019 йилнинг 3 сентябрида Тошкентга келган “Росатом” бош директори Алексей Лихачёв атом электр станциясини қуриш ишлари 2020 йилнинг бошидан бошланиши ҳақида эълон қилган. Бироқ кейинроқ ТАСС агентлиги қурилиш ишларини 2022 йилдан бошлаш режалаштирилаётгани ҳақида хабар қилганди.

Аввалроқ энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев Ўзбекистон Россия билан АЭС қуриш шартномасини имзолашга ҳозирча тайёр эмаслигини билдирган.

Рodrobno.uz нашрига шу йил 17 августида берган интервьюсида Шерзод Хўжаев: “Бизга контрактни тайёрлаш ва бизни бу шартлар қаноатлантиради, деб айтиш учун бир оз кўпроқ вақт керак. Бир томондан бу ёмон, чунки жараён бир оз чўзилиб кетади. Бошқа томондан олганда, музокараларнинг ҳар бир раундидан кейин ўзбек томонининг имкониятлари кенгаймоқда”, деб айтган.

Ноябрь ойида энергетика вазири Алишер Султонов Ўзбекистондаги АЭС реактори устига Boeing учоғи қулашини ҳисобга олган ҳолда қурилишини, ядро реактори чиқиндилари эса Ўзбекистонда қолмаслигини иддао қилган эди.

Жиззахда АЭС қурилиши бўйича ўзбек расмийларини асосан масаланинг техник жиҳатлари қизиқтираётган бўлса, мамлакат жамоатчилигини асосан мазкур станциянинг нақадар хавфсиз бўлиши ва унга кетадиган пул масаласи ташвишлантирмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” компанияси собиқ раҳбарларидан бири Анвар Ҳусаинов аввалроқ Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистонда АЭС қурилиши масаласига ножиддий ёндашиб бўлмаслигини, бу борада умумхалқ референдуми ўтказиш кераклигини айтган эди.

Россия қуриб бермоқчи бўлаëтган бу АЭС камида 15 миллиард долларга тушади. Бунча катта пулнинг юки яна бориб халқ елкасига тушади. Шунинг учун¸ биринчидан¸ атом энергияси¸ унинг нархи, хавфсизлиги, бошқа энергия манбалари ҳақида мустақил мутахассислар ҳақиқий маълумотларни жамоатчиликка очиқ тақдим этиш керак. Ана ундан кейин АЭС каби жиддий лойиҳа бўйича халқдан фикр сўраш, керак бўлса, умумхалқ референдуми ўтказиш керак бўлади”, деганди А. Ҳусаинов.

Ўзбекистонни атом электр станцияси бор давлатлар клубига қўшиш ташаббуси ортида Россия ҳарбий-хавфсизлик манфаатлари ëтганини таъкидлаган Ҳусаинов ўшанда Мирзиëев ҳукуматини бундай вазиятда миллий манфаатларни ҳимоя қилиш, бунинг учун лаббайчи амалдорлар эмас, балки мустақил мутахассислар фикрига қулоқ солишга чақирган.

Бундан ташқари, ўз илмий тадқиқоти хулосаси ҳукумат, хусусан, президент тарғиб қилаëтган лойиҳага қарши бўлгани боис шахсини очиқламаган бир гуруҳ ўзбекистонлик мутахассислар ҳам АЭС масаласида ўтган йили Озодликка 17 саҳифали мактуб йўллашган.

Мактуб муаллифлари атом электр энергияси ишлаб чиқариш бозоридаги етакчи мавқеини бой бермаслик учун Россия шавқатсиз равишда Ўзбекистон раҳбарлари ва халқини манипуляция қилаëтганини айтишган.

Мактубнинг хулоса қисмида бу мутахассислар арзон деб айтилаëтган атом энергиясини олиш учун давлат бюджетидан йилига 1¸5 миллиард доллардан кўпроқ субсидия ажратиш керак бўлиши; сўм етакчи валюталарга нисбатан тебраниб турган вазиятда бу давлат бюджетига ниҳоятда катта юк қўйиши; ҳукумат гарантияси билан олинадиган ташқи қарзнинг кескин ошиши Ўзбекистоннинг суверен рейтингига салбий таъсир қилиши; Ўзбекистонда АЭС қуриш қайта тикланувчи муқобил энергия манбаларини яратишга ниҳоятда кучли тўсиқ бўлишини билдиришган.

XS
SM
MD
LG