Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:16

Навальний устидан яна бир суд иши судланувчи ва судьянинг айтишувидан бошланди


Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисига туҳмат қилганликда айбланаётган Навальний устидан Москвада ўтаётган судлов жараёни бир муддат танаффусдан сўнг давом этди. Илк мажлис судья билан даҳанаки айтишувдан бошланди.

Туҳмат айблови асосида қўзғатилган бу ишни Навальнийнинг ўзи унинг попугини пасайтириб қўйиш ва бадном қилиш учун Кремль томонидан уюштирилган пиар акция деб атади.

Навальний Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Игнат Артеменкога туҳмат қилганликда айбланмоқда. Артеменко амалдаги президент Владимир Путиннинг ваколатларини узайтиришга бағишланган тарғибот ролигида конституцияга ўзгартишларни ёқлаб чиққан шахслардан бири эди.

12 февраль куни бошланган маҳкамада Навальний ва унинг адвокатлари суд жараёнида фото ва видео тасвир тақиқланган бўлса-да, баъзи давлат тасарруфидаги телеканаллар суд видеокамерасидан олинган кадрларни эфирга узатганидан норозилигини билдирди.

“Нормал журналистлардан ҳам сўрайлик-чи, уларнинг қай бирига бу кадрлар берилган экан”, деб сўради Навальний.

“Сизда сўроқ қилиш ҳуқуқи йўқ”, деб жавоб берди судья бунга.

“Аҳамият беринг, ҳар гал гувоҳ саволимга жавоб беришда қийналиб қолаётганида сиз савол-жавобни тўхтатиб, унга ташқарида турган шахслардан йўриқ олиб келиш учун чиқиб келишига рухсат беряпсиз, бу асабга тегмоқда”, деди бошқа масалада Навальний.

У шунингдек судьяни “Жиноят кодексни яхши билмасликда” ҳамда “тўти каби бир гапни қайтариб туришда” айблади, деб хабар берди “Дождь” телеканали ўз Twitter саҳифасида.

"Сиёсий театр қўйиб, уятга қолгандан кўра, савиянгизни оширсангиз бўлмайдими”, деган Навальний судьяга.

Суддаги айбловлар Навальний июнь ойида ижтимоий тармоқларда қўйган изоҳларидан бирига асосланган. Унда Навальний Артеменко ҳам қаташган тарғибот ролиги иштирокчиларини “сотқин малайлар”, “мамлакат учун иснод” ва “виждонсиз одамлар” деб атаганди.

Россия Тергов қўмитасининг фикрига кўра, изоҳ орқали уруш қатнашчисининг “шаъни ва обрўсига путур етказувчи атайлаб сохталаштирилган маълумот” тарқатилган.

Навальнийга мазкур модда асосида жарима, мажбурий меҳнат жазоси ёки қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

Маҳкамада жабрланувчи, 95 ёшга кирган Игнат Артеменко ўтган ҳафта соғлиғи ёмонлашиб, Тез ёрдамда олиб кетилганидан сўнг танаффус эълон қилинган эди. Шифохонага олиб кетилишидан олдин Артеменко Навальний уни “қўғирчоқ” деб атагани учун узр сўрашини талаб қилган. Навальний уйидан туриб видеоалоқа орқали маҳкама ишида қатнашаётган Артеменко суд жараёнида қатнашиш учун ақлан қобил эканлигига шубҳа билдирган.

“Сизлар қонунчиликни ўзингизга мослаб олгансизлар. Энди эса Артеменконинг медаллари билан Путин ва унинг гумашталарини ҳимоя қилмоқчисизлар”, деган Навальний судьяга.

Бу маҳкама Навальний “Ив Роше” иши бўйича қамоқхонада яна 2 йилу 8 ой ўтказиши керак деб топган суд ишидан кейин бошланди.

XS
SM
MD
LG