Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:31

“Олтин қафас”. Байден Оқ уйдаги ҳаёти ҳақида сўзлаб берди


АҚШ президенти Жо Байден Оқ уйда - 8 февраль, 2021
АҚШ президенти Жо Байден Оқ уйда - 8 февраль, 2021

АҚШ президенти Жо Байден давлат раҳбари курсисига ўтирганидан бери тўрт ҳафта ўтган бўлса-да, Оқ уйда яшашга ҳали тўлиқ кўникмаганини айтди.

Президент сешанба куни CNN телеканалига берган интервьюсида расмий қароргоҳдаги ҳаёти ҳақида очиқ-ойдин сўзлади. 1600 Пенсильвания шоҳкўчасида жойлашган Оқ уйни “олтин қафас”га қиёслаган собиқ президентларга ҳам тўхталиб ўтди.

“Эрталаб уйқудан тураман ва Жиллга қараб “Биз қаердамиз ўзи?” дейман”, – дея ҳазил оҳангида сўз бошлади президент.

Байден хизматкорлар ёрдамига ўрганмаганини ҳам қайд этди. “Костюмимни менга бировлар узатишига кўникмаганман”, – деди у.

Жо Байден Пенсильвания штатидаги Скрантон шаҳрида ишчилар оиласида улғайган. Президент этиб сайланишидан олдин Делавэр штати Уилмингтон шаҳридаги катта уйда истиқомат қилган.

АҚШнинг янги сайланган президенти Жо Байден “бўлувчи эмас, бирлаштирувчи” бўлишга ваъда берди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:56 0:00

Оқ уйда Вашингтон ва Линкольн ёдгорликларини бемалол томоша қилиш мумкин бўлган кенг майсазор мавжуд. Аммо қароргоҳнинг қолган қисмлари иҳоталаган, иморат атрофини муҳофизлар сергаклик билан қўриқлаб туради.

Байденнинг айтишича, Оқ уйнинг президент яшайдиган бўлаги вице-президент резиденциясидан “кескин фарқ қилади”. 32 гектар ҳудудни эгаллаган вице-президент қароргоҳида омма эътиборидан четда сузиш, сайр қилиш ва жисмоний машқлар билан шуғулланиш мумкин.

Собиқ президент Барак Обама даврида вице-президент лавозимида фаолият юритган Байден бугунга қадар давлат раҳбари ўтирадиган овалсимон кабинетда 100 марта ёки ундан ҳам кўпроқ бўлгани, лекин Оқ уйнинг яшаш учун мўлжалланган хоналарига бирор марта кирмаганини билдирди.

Байден гарчи Оқ уйда яшашга буткул мослашмаган бўлса-да, президентлик фаолиятига тўлиқ киришиб кетганини таъкидлади.

“Гоҳида иш кўплигидан эмас, балки воқеа-ҳодисалар жуда тез содир бўлаётганидан [тўрт ҳафта эмас], тўрт йил ўтгандек туюлади... Мунтазам равишда бирор муаммо ёки ҳолатга бор эътиборингизни қаратишингиз талаб этилади”, – дея сўзини давом эттирди давлат раҳбари.

Байден АҚШнинг собиқ президентлари билан телефон орқали суҳбатлашганини тасдиқлади, аммо айнан кимларга қўнғироқ қилганини очиқламади.

“Айтганча, уларнинг ҳаммаси – фақат биттасидан ташқари – гўшакни кўтариб жавоб берди, қолаверса, ўзлари ҳам менга қўнғироқ қилишди”, – деди Байден.

XS
SM
MD
LG