Линклар

Шошилинч хабар
18 май 2021, Тошкент вақти: 07:50

СССРни сақлаш референдумига 30 йил тўлди. Иттифоқда қолишни Ўзбекистон раҳбарияти тарғиб қилган эди


30 йил олдинги "Правда" газетаси "Буюк иттифоқни сақлаш" чақириқлари билан тўла

Бундан 30 йил олдин - 1991 йилнинг 17 мартида СССР ва унинг таркибий қисми бўлган Ўзбекистонда ўтказилган референдумда қатнашганларнинг 93,7 фоизи СССРни сақлаш учун овоз берган эди.

Референдум арафасида республикадаги барча ахборот воситаларида СССР таркибида қолиш ғоясини тарғиб қилишга бағишланган кенгқамровли кампания ўтказилган. Бу ғояга қаршиларнинг фикри эшитилмаган, эшиттирилмаган, чунки мустақил нашрлар бўлмаган.

Орадан бор-йўғи 9 ой ўтиб ўзбекистонликларнинг 97 фоизи СССРга қарши овоз берган эди.

Шавкат Мирзиëев даврига келиб, Тошкент жадал суръатлар билан яна Москва билан яқинлашаëтганини кузатувчилар айтмоқда.

Референдумга оид ҳужжатларда (Грузия, Эстония, Латвия, Литва, Молдавия ва Арманистон референдумда қатнашмаган) Совет Иттифоқининг референдум ўтказилган республикаларида жами 80 фоиз, Ўзбекистондан эса 95,4 фоиз сайловчи иштирок этгани ëзилган.

Ўзбекистон мухолифати ҳақидаги китоб муаллифи¸ хозир АҚШда яшаëтган Баҳодир Файзга кўра¸ ўша пайтда Ўзбекистон Компартияси назоратидаги барча ОАВ СССРни сақлаб қолиш заруратини урғулаган тарғиботни олиб борган.

Баҳодир Файзнинг бу сўзига референдум арафасида ўзбек матбуотида чоп қилинган мақолалар далил бўла олади.

1991 йил март ойидаги "Халқ сўзи " газетаси
1991 йил март ойидаги "Халқ сўзи " газетаси

1991 йил 16 ва 17 мартда чоп қилинган “Халқ сўзи” газетаси “Буюк СССРни сақлаб қолиш” қолиш чақириқлари билан тўлган.

“Халқ сўзи” газетасининг 16 март, шанба куни чоп қилинган 54-сонининг биринчи варағида “Буюк Иттифоқ давлатимизни сақлаб қолайлик” сарлавҳали бош мақола чоп қилинган.

Газета бош варзағида эса “Эртага фуқаролик бурчимизни бажарамиз. Лотинчада referendum – ўзбекчада дил изҳори”, деган шиор ўрин олган.

Газетанинг 16 март кунги сони ўзбекларни “СССРни сақлаб қолиш референдумида “ҳа” деб овоз беришга” тарғиб қилади.

“Халқ сўзи”нинг 17 март сони “Тақдир чегараси” ва “СССР президенти овоз беради” сарлавҳали мақолалар туркуми билан очилади.

«Совет Ўзбекистони» ва бошқа нашрлар шоир Абдулла Ориповнинг «Улуғ Совет оиласида мангу ëруғ масканим маним» дея СССРни улуғлаган шеърини қайта чоп қилишди.

“Халқ сўзи” мухбири Ўзкомпартия мулозими Дилмурод Маҳмудовдан иқтибос келтириб, референдум арафасида республика раҳбарияти СССРни сақлаб қолиш учун улкан тарғибот ишлари олиб борганлигини таъкидлайди.

Газетанинг охирги саҳифасида Ўзбекистон ССР округларидаги референдум натижалари эълон қилинган, бу маълумотларга кўра, ўзбек сайловчиларнинг 93,7 фоизи “СССРни сақлаб қолиш учун” овоз берган.

Тахлилчи Баходир Файз
Тахлилчи Баходир Файз

Тахлилчи Баходир Файзга кўра¸ Ўзбекистонда СССРни сақлаб қолиш вазифасини ўша пайтдаги ЎзКомпартия раҳбари Ислом Каримов бажарган.

Москвадаги 15 республика тотувлиги рамзи бўлган ҳайкал
Москвадаги 15 республика тотувлиги рамзи бўлган ҳайкал

Референдум пайтида парламент фракцияси бўлган «Эрк» демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ Озодлик билан суҳбатда 1991 йил баҳорида бўлган референдумни бойкот қилиш борасида «Эрк» демократик партияси қатор тадбирлар ўтказганлигини айтди.

"Эрк" партияси лидери Муҳаммад Солиҳ
"Эрк" партияси лидери Муҳаммад Солиҳ

Суҳбатдошга кўра, 1991 йил Ўзбекистон парламентида озчиликни ташкил қилган “Эрк” демократик партияси референдумда СССРга қарши овоз беришга чақирган ва СССРга қарши варақа чоп қилиб, аҳоли ўртасида тарқатган.

Баходир Файзга кўра¸ референдумда қўйилган савол борасида ўша давр Ўзбекистон зиëли қатламлари орасида ҳам мустақиллик борасида яхлит фикр бўлмаган.

«Марҳум муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бошчилигидаги Ўрта Осиë мусулмонлари идораси СССРни сақлаб қолиш тарафдори бўлган. Ўзбекистон «Бирлик» халқ ҳаракатининг референдум масаласидаги нуқтаи назари “Олдин демократия, кейин мустақиллик“ деган тезисда ифода топган эди».

Орадан 30 йил ўтса ҳам СССР тарафдорлари шашти сусаймаган
Орадан 30 йил ўтса ҳам СССР тарафдорлари шашти сусаймаган

Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида мухолифат фаоли бўлган Мирза Анвар Ҳамидов эслайди:

"Мен 1990 йилларда “Олдин демократия, кейин мустақиллик“ деган фикрда эдим. Адашмасам, биз аввал демократияни Болтиқбўйи республикалаоидан ўрганишимиз керак, деганимда, кўпчилик менга қарши бўлишган. "Эрк" демократик партияси Ёшлар қаноти йиғилишида шу гапларни айтиб, ўша республикаларга ўзимиздан бир гуруҳ ёшларни юборишни таклиф қилганман. Йиғилиш қабул қилмаган...Мустақиллик шуни кўрсатдики, бизнинг халқимиз ҳали демократияни етарлича тушунмас экан. Бизнинг менталитетимиз феодалистик тузум даражасида қотиб қолган! Шунинг учун мустақилликдан кейин бизда амалпарастлик, клептократия, коррупция авжига чиқиб кетди!"

Муфти Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг сайловолди дастури
Муфти Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг сайловолди дастури

1991 йили «Бирлик» халқ харакати Марказий кенгаши аъзоси бўлган Шуҳрат Исматуллаев Озодлик билан жорий йил 15 мартида қилган суҳбатида «референдумда қўйилган саволнинг ўзи чалғитувчи бўлганини» эслайди. Исматуллаевга кўра «Янгиланган Иттифоққа йўқ деганлар мазмунан эски СССР тарафдори» бўлиб қолар эди.

Исматуллаевга кўра¸ ўша даврдаги "Бирлик"нинг оддий аъзолари «Биз ҳам Литва каби мустақиллик хоҳлаймиз» деган варақа тарқатишган.

1991 йилги ўзбек матбуоти эса, «Айрилганни айиқ ер» мақолини сарлавҳага чиқариб "доно халқ СССРни сақлаб қолиш учун овоз берганлигини" мамнуният билан хабар қилган эди.

1991 йилнинг 17 мартида Ўзбекистон ССРнинг референдумда қатнашган ватандошлардан 93,7 фоизи “СССР қолсин”, деб овоз берди.

Олти давлат бош тортган референдумда Ўзбекистон ҳукумати «пешқадам» бўлди.

1991 йил 17 март куни СССР раҳбари Михаил Горбачев овоз бермоқда
1991 йил 17 март куни СССР раҳбари Михаил Горбачев овоз бермоқда

Горбачев ҳуррияти меваси ўлароқ, “мустақиллик парадлари” ортидан ўтказилган СССРни сақлаб қолиш референдумида Болтиқбўйи республикалари қатнашишдан бош тортган эди.

СССР Марказий сайлов комиссияси эълон қилган референдум натижаларига кўра, сайловда қатнашганларнинг 76,4 фоизи Совет Иттифоқи сақлаб қолиниши учун овоз берди, олтита иттифоқдош республика (Литва, Эстония, Латвия, Грузия, Молдавия, Арманистон) бу референдумда қатнашмади.

Бу республикалар ўз парламентлари тарафидан мустақиллик баëнномаси эълон қилингани сабаби билан бу референдумни бойкот қилишди.

Референдумда энг кўп овоз беришда ўзбекистонликлар фақат Туркманистондан орқада қолишди, холос.

Ўшанда Туркманистон ССР фуқаролари 97,9 фоиз овоз бериб, СССР тарафдорлиги бўйича рекорд қўйишди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 1991 йилда
Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 1991 йилда

Ўзбекистон парламенти 1991 йил 31 августда мамлакат мустақиллигини эълон қилди. Раҳбарият СССРдан ажралиш масаласини яна референдум воситасида аниқлашга эҳтиëж сезди.

1991 йил декабрида ўтказилган президент сайловига илова сифатида референдум ҳам ўтказилди. “Сиз Ўзбекистоннинг СССРдан ажралиб мустақил бўлишини истайсизми?” деган савол қўйилди.

Орадан бор-йўғи 9 ой ўтиб энди ўзбекистонликларнинг 97 фоизи СССРга қарши овоз беришди.

"СССРни сақлаб қолишни истаган мулозимлар «мустақиллик қаҳрамони» дея ўзларини тамсил қилишди", дейди Баҳодир Файз:

«Аммо тарих деган илм бор. Бугун мустақиллик меъмори дея улуғланаëтганларнинг аслида мустақиллликка қарши бўлгани архив ҳужжатларида турибди»

«Back In The U.S.S.R.»

Бундан 5 йил олдин Озодлик радиоси рус хизмати давра суҳбатида иштирок этган россиялик сиëсатчи Виктор Аксючиц «ажралган республикаларнинг она Россия бағрига албатта қайтарилишини» айтган эди.

«Парчаланган аммо давлат қурувчи фитрати бўлган рус халқи токи тирик экан, у ўз давлати бутунлигини қайта тиклашга интилади. Бу объектив тарихий жараëн. Бу жараëннинг тез ëки секин қонли ëки қурбонсиз бўлиши сиëсатчиларга боғлиқ»

Жорий йилнинг март ойига келиб ЛДПР фракцияси етакчиси Владимир Жириновский "Говорит Москва" радиостанцияси орқали чиқиш қилиб Ўзбекистонни Россия таркибига губерния сифатида қўшишни таклиф этди.

Жириновский 2018 йили Тожикистонга сафар чоғида
Жириновский 2018 йили Тожикистонга сафар чоғида

Каримов даврида Россиядан масофа ушлаган Ўзбекистоннинг Мирзиëев даврига келиб жадал суръат билан Кремль билан яқинлашаëтгани кузатилди. ЕОИИга аъзолик бўсағасида турган Ўзбекистон яна 30 йил олдинги каби танлов олдида турибдими?

Ангренда совет аскарига қўйилган ҳайкал
Ангренда совет аскарига қўйилган ҳайкал

Ўзбекистон мустақиллиги яна савол остига олиндими? Анқарада сиëсатшунослик бўйича илмий иш ëзаëтган Фирдавс Аннагелдиевнинг Озодликка айтишича, бу риторик савол эмас:

«Улуғ ватан уруши» ва «Ғалаба» деган ва яқин ўтмишда сиëсий луғатдан тушган Совет ватанпарварлигини ифода қилувчи сўзларни жорий президент реанимация қилгани - факт. Қолаверса янги жорий қилинаëтган «миллий мафкура» рамзларидан бири сифатида «Ғалаба» тушунчаси танланди. Буни ëнига Жириновскийнинг бемалол «Янги Ўзбекистонга» келиб азиз меҳмон бўлганлигини қўшсак, мустақиллик масаласидаги танловни маҳаллий раҳбарият ўзаро қилган кўринади».

Совет Ўзбекистони. Макс Пенсон фотоси
Совет Ўзбекистони. Макс Пенсон фотоси

XS
SM
MD
LG