Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:09

Мирзиëев Конституцияда тақиқланган ягона мафкурани яратиш учун бюджетдан 120 млрд ажратди


Президент Мирзиëевга кўра, давлат мафкураси танқидчилари "миллий ғоя мазмунини англаб етмаган"
Президент Мирзиëевга кўра, давлат мафкураси танқидчилари "миллий ғоя мазмунини англаб етмаган"

22 январь куни Озодлик суҳбатлашган экспертлар президент Шавкат Мирзиёевнинг янги давлат мафкурасини яратиш ташаббусига танқидий муносабат билдирди.

19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича Тошкентда ўтказилган селектор йиғилишида президент янги мафкурани давлат бюджетидан молиялаш ҳақида ҳам топшириқ берган.

Мирзиëевга кўра¸“Янги Ўзбекистоннинг мафкураси – эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади ва бу ғояни ишлаб чиқиб ҳаëтга тадбиқ этиш учун давлат маблағи аялмайди.

Мафкура учун 120 миллиард

Президент матбуот хизмати тарқатган ҳабарга кўра¸ “Янги Ўзбекистон мафкурасини ишлаб чиқиш учун тузилажак янги ташкилотга маблағ ажратилган”.

“Миллий ғоя тарғиботи учун «Ижод» жамоат фонди негизида Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилади. Бу жамғармага 120 миллиард сўм ажратилади. Бу маблағнинг 90 миллиард сўми ҳудудларда маънавий-маърифий соҳаларни ривожлантиришга, 20 миллиард сўми Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини қўллаб-қувватлашга, 10 миллиард сўми мамлакат миқёсида маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил қилишгайўналтирилади”, дейилади хабарномада.

Ягона мафкурани асосан ëшлар миясида шакллантириш режаланди
Ягона мафкурани асосан ëшлар миясида шакллантириш режаланди

Ўзбекистон президенти Мирзиëев “давлат мафкураси яратиш” масаласини кейинги икки йилда уч марта кун тартибига қўйди.

2019 йилнинг 8 апрель куни Мирзиëев “Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида миллий ғояни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиш ҳамда ўзша йилнинг 3 май куни “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга имзо чеккан эди.

Конституция изн бермайди

Ўзбекистон конституциясида тақиқланган давлат мафкураси бюджет пулига жорий қилинаëттанига Озодлик суҳбатлашган экспертлар танқидий муносабат билдирди.

Ўзбекистон Конституциясининг 12-моддаси “ Республикада ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланишини кафолатлайди ва “ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас”лигини урғулайди.

Ўзбекистон Конституцияси
Ўзбекистон Конституцияси

Конституцияда назарда тутилмаган ягона мафкурани тузиш Конституцияга хилоф ҳисобланади ва қонунга биноан жавобгарликка тортишга асос бўлади.

Совет ғояси эмас?

Ўзбекистон президенти Конституцияда “мумкин эмаслиги” айтилган мафкура танқидчиларига қарата йиғилиш давомида мана бу гапларни айтди:

“Афсуски, ҳали орамизда миллий ғоянинг, маънавиятнинг моҳиятини тўлиқ англаб етмаганлар, маънавият керакми-йўқми деб юрганлар ҳам йўқ эмас. Миллий ғоя деганда эски совет мафкурасини тасаввур қилиб, лабига учуқ тошаётганлар ҳам йўқ эмас. Бу ҳам ҳақиқат.

Лекин агар мафкура одамий бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини, унинг қадр-қимматини улуғлашга хизмат қилса, нима учун ундан қўрқишимиз керак? Ҳамма ҳаракатларимизнинг асоси – халқимизни рози қилиш. Шу муносабат билан таъкидлаб айтмоқчиман, биз яратилаётган Янги Ўзбекистоннинг мафкураси – эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади. Биз мафкура деганда аввало фикр тарбиясини, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини тушунамиз. Албатта, бу юксак ғоялар осмондан тушмаган. Улар халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қадриятларига асосланган”.

Мирзиëевга кўра мафкура бугун пайдо бўлмаган
Мирзиëевга кўра мафкура бугун пайдо бўлмаган

Ягона давлат мафкураси яратиш ишларига бағишланган мажлисда Тошкент шаҳридаги «Ғалаба боғи» мажмуаси “халқ ва айниқса, ёшлар учун ҳарбий тарих ва аждодлар қаҳрамонлигини ўрганиш бўйича илмий марказга айлантирилиши” билдирилди. Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримов даврида “хотира ва эслаш куни” деб нишоналанадиган 9 май куни Мирзиëев даврида “Улуғ ватан урушида эришилган ғалаба” дея Россия тарғиботи кўринишини касб қилди. Катта бюджет маблағлари сарфланиб барпо қилинган “Ғалаба” боғи Озодлик суҳбатлашган санъатшунос Турдиев назарида “Сталинизм ва советпарастликнинг тимсолига айланган”.

Ўзбекистонда бир вақтлар совет мафкураси бўлган
Ўзбекистонда бир вақтлар совет мафкураси бўлган

Германияда истиқомат қиладиган сиëсий таҳлилчи¸ сиëсатшунослик фанлари доктори Хуршид Ҳабибнинг Озодликка айтишича¸ ягона давлат мафкураси тоталитар, автократик давлатларга хос нарсадир:

"Лекин Ўзбекистонда ягона мафкура деб аталаётган нарса миллий қадриятлар йиғиндиси, ўзига хос "одоблар хазинаси". Буни давлат қандай қилиб тарғиб қилмоқчи, бундан қандай фойдаланмоқчи? Бу мен учун биринчи жумбоқ. Агар буни ягона мафкура сифатида қонунлаштириб, унга бюджетдан пул олинса, бу албатта ноқонуний харакат".

Мустақил таҳлилчи Алишер Илҳомов
Мустақил таҳлилчи Алишер Илҳомов

Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари марказининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Алишер Илҳомов таъкидича, “Ўзбекистонда жамиятни бир қолипга соладиган мафкура йўқ”.

“Гап жамиятни бирлаштирадиган ва илҳом берадиган миллий ғоя ҳақида бормоқда. Бир қарашда, яхши кўринган бу ғоянинг камида икки муаммоси бор. Биринчидан, бу ғоя самарали бошқарув йўқлиги деб аталган аврат очиқлигин ëпувчи анжир барги бўлиши керак. Менимча good governance деб аталадиган самарали бошқарув ҳар қандай мафкурадан аъло. Масалан, Голландияда ҳеч қандай мафкура йўқ. Аммо Голландия гуллаб-яшнамоқда. Иккинчидан, давлат мафкураси жорий қилиниши бизга СССР давридаги мафкура бўйинтуруғини эсга солади. Яна бир муаммо эса, мафкура дейишга арзирли ғоянинг йўқлиги. Мирзиëев айтган одамийлик, эзгулик, одоб ва аҳлоқ, бу- ғоя эмас. Систематик доктринага эга ва пухта ўйланган ғояга мафкура дейилади. Қадриятлардан муаммони ëпадиган том каби қўлланиб бўлмайди”.

Ўзбекистонлик рассом Нўъмонжон Холмирзаев жамият тараққиëти учун ягона мафкуравий тушовнинг хавфли эканлигини айтади:

“Мен рангтасвирчи рассомман. Бир манзара яратиш учун турли ранглардан фойдаланаман. Фақат бир турли гул билан гулзор бўлмайди. Табиатга қарасангиз ҳам турлилик ва турфаликни кўрасиз. Конституцияда кафолатланган мафкуралар ва фикрлар хилма-хиллиги ҳам табиатдан илҳомланиб ëзилган. Шимолий Кореядаги каби ҳамма бир хил кулиб, бир хил йиғлайдиган жамиятда яшашни истамас эдим. Мафкурадан холи турфа ғоялар мусобақасидан иборат жамиятни яхши, деб биламан. Мен таниган ўқитувчилар хали ҳам Каримовнинг расмига сиғинишади, болаларга тарғиб қилишади. Шогирди ҳам халқнинг онгини заҳарлаб, гипноз қилмоқчи ýзининг ягона мафкураси билан”.

Ўзбекистон сиëсати хануз Каримов соясида қолмоқда
Ўзбекистон сиëсати хануз Каримов соясида қолмоқда

Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин Конституцияга “мафкурадан холи” бўлиш концепцияси ëзилган бўлса ҳам ягона мафкура яратишга турли уринишлар бўлди.

Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовнинг “Маънавият - енгилмас куч” китоби худди Туркманистондаги “Руҳнома” каби “ маънавиятни асраш ва юксалтириш, ёш авлоднинг қалби ва онгини турли зарарли ғоя ва мафкуралар таъсиридан сақлаш ва ҳимоя қилиш” иддаосини илгари сурган эди.

Аммо таҳлилчилар давлатнинг бу каби мафкура яратиш уринишлари мамлакат аҳолисининг реал муаммолари, орзу ва интилишларидан узоқ, тараққиётга асос бўладиган ижтимоий ҳамда иқтисодий тамойиллардан узилиб қолганига эътибор қаратишади.

XS
SM
MD
LG