Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:52

Қийноқ, шантаж, сохта далиллар. Украин ва қрим-татар фаоллари устидан жиноят ишлари қандай бичиб-тўқилмоқда?


Қримда Свобода радиосининг (Озодлик радиоси рус хизмати) жамоатчи мухбири Владислав Есипенко қўлга олинди, уни Украина махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилишда айблашмоқда. Журналистнинг адвокати Алексей Ларинга кўра, уни ҳимоясидаги шахс билан учраштиришмаяпти. Озод Европа/Озодлик радиоси президенти Жейми Флай журналист дарҳол озод этилишини талаб қилди.

Есипенкони 10 март куни Симферополда, Тарас Шевченко ҳайкали пойига гул қўяётган чоғида қўлга олишганди. Шундан сўнг Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) уни номаълум томонга олиб кетган. Уларнинг иддаосича, журналист украин махсус хизматлари манфаатини кўзлаб теварак-атрофнинг фото ва видео тасвирини олиш билан банд бўлган.

Украинада ФХХ баёнотини “Қрим яримороли босиб олинганига олти йил тўлиши муносабати билан ўтказилган пропаганда тадбири” деб аташди. Ҳуқуқбонлар Владислав Есипенко зудлик билан қўйиб юборилишини талаб қилмоқдалар.

Адвокат Эмил Курбединов ҳамда Қрим ҳуқуқбонлик гуруҳи раҳбари Ольга Скрипник Қримда жосуслик ва экстремизм бўйича очилаётган жиноят ишларининг хос жиҳатлари, бу каби ишларнинг қандай сохталаштирилиши ва фаолларнинг қийноққа солиниши ҳақида сўзлаб берди.

Чунончи, Курбединовнинг сўзларига кўра, тинтув вақтида 100 дан 99 ҳолатда унга адвокатни қўйишмайди. Тинтувни ўз билганларича ўтказиш ва кишини ФХХ учун манфаатли кўрсатув олиш мақсадида атай шундай қилинади. Кейинги пайтларда Курбединов ҳимоя қилган шахслар оператив ходимлар тинтув чоғида турли нарсаларни ташлаб қўяётганидан шикоят қилишмоқда экан.

“Кейинги босқичларда, масалан, ҳибсхонага киритишмаса ёки эҳтиёт чорасини белгилаш ва сўроқ каби процессуал ҳаракатлардан четлатишса, билингки, улар ҳимоянгиздаги шахсни дўппослашган ва танасидаги мўматалоқларни сиз кўришингизни хоҳлашмаяпти.

Бошқа ҳолатларга чидаш мумкиндир, балки, аммо ҳимоямиздаги шахс билан учрашишдек оддий ҳуқуқдан маҳрум этилсак, бу ҳеч бир мезонга сиғмайди. Бунақа пайтларда овозимиз борича ҳайқиришимиз керак”, — тушунтиради адвокат.

Курбединов жосуслик ва экстремизм каби жиноятлар бўйича айбловлар асосан махфий гувоҳларнинг кўрсатувлари ва бебилиска ўқ-дори, портловчи моддалар каби далилий ашёларга асосланишини айтади.

“Эдем Бекиров ишини эсланг: гаражидан бир тонна тротил топилган эди. Айблов томони унинг ҳокимият биносини портлатмоқчи бўлганини тасдиқловчи СМС-ёзишмани кўрсатди. Ҳамкасбларимиз эса булар барчаси уюштирилганини бекам-кўст исботлаб бердилар. Аммо судья уларнинг иддаоларини мутлақ ҳақиқат деб қабул қилиб, аямай жазо тайинлади”, — дейди Курбединов.

Адвокатнинг сўзларига кўра, у Қримда бирон жойни портлатиш, ёқиб юбориш ёки Украина учун жосуслик қилишда гумон қилиниб, пировардида суд томонидан оқланган одамни ҳали учратмаган.

“Кўплаб жиноят ишларини бичиб-тўқишдан мақсад — йўқ жойдан ваҳима кўтариш, яъни украин ва қрим-татар фаолларини террорчи қилиб кўрсатиш орқали йўқ қилиш, айни чоғда халқаро ҳамжамият олдида ўзларини оппоқ қилиб кўрсатиш. Ваҳоланки 2014 йилгача бу ҳудудда экстремизмнинг учқуни ҳам бўлмаган”, — таъкидлайди адвокат.

Қрим ҳуқуқбонлик гуруҳи раҳбари Ольга Скрипник ФХХ қўлга олинган фаолларга айбини тан олдириш мақсадида уларга нисбатан даҳшатли қийноқлар, шу жумладан жинсий тусдаги зўрлик қўллаётганини маълум қилди.

“Далилларни ҳарчанд сохталаштиришмасин, биз уларнинг қалбакилигини қанчалик исбот қилмайлик, суд албатта озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлайди. Айримлар тергов билан келишади. Ихтиёрий эмас: қийноқ ва руҳий босимлар остида, мажбурликдан. Айниқса, оилали одамларнинг “нозик жойи” бу. Масалан, “онангни обкелиб қамаймиз” ёки “болангни тортиб оламиз” деб, истаган йўриқларига солишлари мумкин”, — изоҳ беради ҳуқуқбон.

Маҳкумлар ўз муддатини одатда Россия Федерациясининг олис ҳудудларидаги қамоқхоналарда ўтайди. Аксарий ҳолларда бу қаттиқ тартибли, чинакам террорчи ва жиноятчилар сақланадиган муассасаар бўлади. Ва айбсиз одамлар, ўз тартиб-қоидалари ҳамда маҳкумларнинг турмуши билан дунёда ёмон ном қозонган Россия колонияларида ашаддий жиноятчилар билан ёнма-ён яшашга мажбур бўлишади.

“Бунақа жойларда Украина фуқароларига, боз устига жосусликда айбланган кишиларга қанай муносабатда бўлишларини тасаввур қилаверинг”, — маъюс қўшимча қилади ҳуқуқбон Ольга Скрипник.

XS
SM
MD
LG