Линклар

Шошилинч хабар
01 август 2021, Тошкент вақти: 21:28

Кремль мияга микрочип жойлаштириш дастурига катта пул ажратди


Россия ҳукумати бош мияга микрочипларни жойлаштириш дастурини ривожлантиришга 54 млрд рубль ажратади. “Мия, саломатлик, интеллект, инновациялар” федерал дастури лойиҳаси Таълим ва фан вазирлигида ишлаб чиқилмоқда. Уни президент Путин маъқуллаган, лойиҳада унинг қизи ҳам иштирок этиши мумкин.

Янги федерал дастурни ишлаб чиқиш учун ишчи гуруҳ Россия фанлар академияси ҳамда МДУ томонидан мазкур дастур концепцияси яратилганидан сўнг тузилди, деб хабар қилди “Коммерсантъ” газетаси. Лойиҳа, жумладан, мия электр сигналлари орқали ташқи қурилмаларни тўғридан-тўғри бошқариш имконини берувчи нейроинтерфейслар технологияларини ривожлантиришни назарда тутади.

Хусусан, учоқлар, автомобиллар ва атом электр станцияларини бошқариш учун “одам—техника” интерфейсини яратиш режаланмоқда, дея дастур ҳужжатларидан иқтибос келтирди “Коммерсантъ”.

Бундан ташқари, “мақсадларни мустақил шакллантириш, вазиятни баҳолаш, унинг қай тариқа ривожланишини олдиндан кўра билиш ва қарорлар қабул қилиш”ни таъминловчи интерфейслар яратилиши кутилмоқда. Лойиҳада сунъий идрокдан фойдаланиш режаланган.

Таълим ва фан вазирлиги “Коммерсантъ”га лойиҳа ишлаб чиқишнинг илк босқичида эканини маълум қилган.

Аввалроқ ОАВ Москва давлат университетида сунъий идрок технологиялари билан боғлиқ лойиҳаларга Путиннинг қизи Катерина Тихонова раҳбарлик қилаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берганди. 2018 йил декабрь ойида Тихонова давлатга оид ТВда кўрсатилган “Иннопрактика” институти ҳузуридаги нейромарказ фаолиятига бағишланган лавҳада илк бор жамоатчиликка кўриниш берган.

Лавҳада мия электр сигналларини назорат қилиш орқали инсон ост онгини дастурлаш имконини бериши иддао қилинган технология ўйлаб топилгани ҳақида ҳикоя қилинган. 2020 йил февралда “Ведомости” газетаси Тихонова МДУнинг Сунъий интеллект ва интеллектуал тизимлар муаммоларига доир истиқболли тадқиқотлар институтига раҳбар этиб тайинланиши тўғрисида ёзган. Аммо ўшандан бери ушбу илмий муассасанинг ташкил қилингани ҳақида расмий хабар берилгани йўқ.

Нейроинтерфейслар технологияларини ишлаб чиқиш жаҳон илм-фанидаги истиқболи порлоқ йўналишлардан бири саналади. 2021 йил апрелда Илон Маскнинг Neuralink стартапи ушбу соҳадаги ўз технологиясини тақдимот қилган. Ўшанда бош чаноғига чип ўрнатилган маймуннинг фикр кучи ёрдамида Pong ўйинини ўйнаётгани намойиш этилганди.

XS
SM
MD
LG