Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:08

"Малибудаги брат". Ижтимоий тармоқлар Олмалиқда қоидабузар ҳайдовчининг қўйиб юборилиши ҳақида


 «Малибу» русумли автомобиль ҳайдовчиси ҳаракат вақтида хавфсизлик камаридан фойдаланмаганлиги сабабли тўхтатилган.
«Малибу» русумли автомобиль ҳайдовчиси ҳаракат вақтида хавфсизлик камаридан фойдаланмаганлиги сабабли тўхтатилган.

Тошкент шаҳар ИИББнинг Олмалиқда ЙПХ ходими томонидан тўхтатилиб, "юқоридан буйруқ бўлгани учун" қўйиб юборилган Малибу ҳайдовчиси билан боғлиқ расмий изоҳи тармоқларда янада кўпроқ саволларни пайдо қилди.

28 июль куни содир бўлгани айтилган ва "Тошкент" телеканали орқали намойиш этилган қоидабузарликда, ЙПХ ходими А.Исмоилов томонидан “OʼZTEMIRYOʼLMASHTAʼMIR” унитар корхонасига тегишли бўлган «Малибу» русумли автомобиль ҳайдовчиси ҳаракат вақтида хавфсизлик камаридан фойдаланмаганлиги сабабли тўхтатилган.

ИИББ ҳайдовчига нисбатан МЖтКнинг 125-моддаси 1-қисмга (хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларини бузиш) асосан баённомани баённомани расмийлаштириш жараёнида ЙПХ ходимининг командири алоқага чиқиб, кўп ушлаб турмаслигини, ҳайдовчига нисбатан «хушмуомала»да бўлишини айтиб, транспорт воситасини қўйиб юборишни"сўраганини тасдиқлаган.

"Шундан сўнг ҳайдовчи ҳаракатни давом эттирган, дейилади баёнотда.

Рация орқали боғланган "2-минтақавий ҳудуд ЙПХ отряди командири амалдаги меъёрий ҳужжатлар талабларини бузганлиги учун интизомий жазолангани" айтилган расмий хабарга жарима расмийлаштирилгани айтилган баённома нусхаси илова қилинган, аммо унда ҳайдовчининг исм-шарифи яширилган.

Тармоқ фойдаланувчилари шунингдек, ҳужжатда баённомани расмийлаштиргани айтилган ЙПХ ходими Аброр Исмоилов ўрнига бошқа ходимнинг исми-шарифи келтирилганига эътибор қаратишмоқда.

Қоидабузарлик содир этилган 29 июлда президент Шавкат Мирзиёев янги мис бойитиш комбинатининг тамал тошини қўйиш маросимида иштирок этиш учун Олмалиқ шаҳрига ташриф буюрган ва шу куни шаҳарда Тошкентдан борган мансабдор шахсларнинг кўп бўлгани айтилмоқда.

Телеграмдаги "TentakMinds" канали автомобилни бошқарган ҳайдовчи бош вазирнинг қудратли ўринбосари Очилбой Раматовнинг "жияни" эканини ёзди.

"...ўша Малибуда Очилбой Раматовнинг жияни Р. Н. А. (исми тўлиқ келтирилган-таҳр.) ҳаракатланади, у халқ тилида ТРЗ деб ном олган “Ўзбектемирйўлмаштаъмир”нинг норасмий хўжайини ҳисобланади.

Энди ҳам ҳеч нарса қила олмайсизлар, сизларга бу ҳам кам", деб ёзди Телеграм-канал муаллифи.

Тошкент шаҳар ИИББ расмий хабарга илова қилган баённома.
Тошкент шаҳар ИИББ расмий хабарга илова қилган баённома.

Телеграмдаги "Мухбир Далиев" канали эса Раматовнинг жияни экани иддао қилинаётган шахснинг кимлиги ва эгаллаб турган лавозими ҳақида "Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг расмий сайтидан олинган батафсил маълумотни жойлади.

Аммо на "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ва на "Раматовнинг жияни" ишлаши айтилган “Ўзбектемирйўлмаштаъмир” унитар корхонаси бу хабарларга расмий муносабат билдиргани йўқ.

"Адлия вазирлиги амалдорларга йўл қоидаларига амал қилинглар, демадими ҳали?" дея истеҳзо қилди Davletovuz.

"Малибудаги брат эса шу арзимаган пул учун телефон қилдирган. Бундай инсонларда пул симидан, лекин улар қонундан юқорироқ туришларини ҳис қилишни исташади", деб ёзди Alimof Телеграм-канали.

"Тўхтатган гаи ходими нима бўлади дегандик, қўйвор деган бошлиғини жазолашибди. Келажагимиз чириган давлат", деб ёзди Adam K исмли Твиттер фойдаланувчиси.

"1| 584 ААА қора Малуба кимга тегишли эканлигини айтсам, яна уриб кетишмасмикан-а?" дея твит қилди Mufasa.

Малибуни бошқарган ҳайдовчисининг шахси сир қоларкан, айни пайтда тармоқларда "Қора Малибу" га аталган шеърий сатрлар пайдо бўлди.

Аксар тармоқ фойдаланувчилари Ўзбекистон йўлларидаги бу каби кўриниш оддий ҳол эканини айтаркан, айримлар "Қора Малибу"ни тўхтатган ЙПХ ходимини мукофотлашни таклиф қилишди.

"Аброр Исмоилов қўрқмасдан қопқора ва камига ААА номерли машинани тўхтатиб қонун талаб қилгани учун мукофот берилсин!" деб ёзди Телеграмдаги Alimoff Live канали.

"Жаноб вазир Пўлат Бобожонов! (Ички ишлар вазири) мана шу ходимга (Аброр Исмоилов) медал тақсангиз сизни бошқа танқид қилмайман. Чин сўзим!" дея истеҳзо қилди Muxbir Daliyev.

Ички ишлар вазирлиги бу танқид ва таклифларга муносабат билдирмади. "Қора Малибу" эгасининг ҳам, уни хушмуомалалик билан қўйиб юбориш ҳақида топшириқ берган "командир"нинг ҳам шахсига аниқлик киритилганича йўқ.

Айни пайтда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мазкур ҳолатни ўрганаётгани айтилмоқда.

Маҳаллий нашрларнинг агентлик вакилига иқтибосан хабар беришича, "ҳолат юзасидан ҳуқуқий баҳо бериш учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига тегишли мурожаат юборилган".

XS
SM
MD
LG