Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:21

Афғон армияси ҳарбий техникасини қўлга киритган Толибон минтақадаги кучли қўшинга айланди


АҚШ Афғонистоннинг қочиб кетган ҳукумати қўшинларига дунëдаги энг илғор ҳарбий техника¸ хусусан¸ авиация воситаларини тақдим қилган эди
АҚШ Афғонистоннинг қочиб кетган ҳукумати қўшинларига дунëдаги энг илғор ҳарбий техника¸ хусусан¸ авиация воситаларини тақдим қилган эди

Афғонистонни ишғол этган Толибон ҳаракати ҳукумат кучлари ва ўз қуролли мухолифларига қарашли бўлган катта миқдорда қурол-аслаҳа ва замонавий ҳарбий техникани ҳам қўлга киритди.

Америка Овози радиосининг билдиришича¸ 2002-2017 йиллар давомида АҚШ ва НАТО ҳарбий кучлари томонидан афғонларга қарийб 28 миллиард долларлик қурол-яроғ етказиб берилган.

АҚШ президентининг хавфсизлик бўйича бош маслаҳатчиси Жейк Салливаннинг айтишича, АҚШ армияси Афғонистондаги кўп миллиардли ҳарбий техникасининг катта қисмини йўқ қилган. Шу билан бирга, расмий Толибон жангарилари қўлига тушган қуролларнинг аниқ сони ҳақида маълумотга эга эмаслигини ҳам тан олди.

- Шубҳасиз, бизда ҳар бир ҳарбий техниканинг қаерга йўқолгани ҳақида тўлиқ тасаввур йўқ. Лекин, аниқки, уларнинг катта миқдори толиблар қўлига ўтди ва улар бу аслаҳани аэропортда бизга осонликча топширишига шубҳа билдирамиз, деди Салливан Оқ уй матбуот анжуманида қилган чиқишида.

Собиқ президент Доналд Трамп Fox News телеканалид қилган чиқишида АҚШ қўшинларининг Афғонистондан тартибсиз чиқиб кетиши ортидан Толибон қўлига тушган энг замонавий ҳарбий техника ва технологиялари Россия ва Хитой қўлига тушишига ишонишини айтди.

Ижтимоий тармоқларда жангариларнинг собиқ Америка базаларида қўлга киритган ҳарбий ўлжалари сурат ва видеоларини эълон қилинди.

Айтилишича¸ Қундузда толиблар ўнлаб зирҳли машина, совет давридан қолган Т-55 танки ва хизмат кўрсатадиган учувчисиз бошқариладиган Scan Eagle учоғи; Бағрам базасида - юзлаб махсус ускуна, эҳтиёт қисмлар, ҳарбий ускуналар; Мозори-Шариф ва Қандаҳорда - вертолёт ва енгил қирувчи учоқларни қўлга киритган.

“The Military Balance” таҳлилий бюллетенига кўра, Афғонистон ҳукумати кучларида СССР билан уруш давридан қолган 40 та Т-55 ва Т-62 ўрта танклари, 640 та MSFV зирҳли транспорт воситаси, 200 та MaxxPro зирҳли машинаси ва бир неча минг “HUMMER” бўлган. Бундан ташқари, афғон қўшинларида русларнинг 50та РСЗО "Град", 85та 122 мм-ли Д-30 ва 24 гаубицалари, 155 мм-ли М114А1 артиллерия мосламаси, 600га яқин миномётлари бўлган. Бу қурол ва ҳарбий техниканинг толиблар арсеналига қўшилгани тахмин қилинмоқда.

Бундан ташқари, нашрнинг ëзишича¸ мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари таркибига 22 та EMB-314 Super Tucano енгил ҳужумчи самолёт, тўртта C-130H Hercules транспорт, 24 та енгил Cessna 208B ва 18 та турбовинтли PC-12 учоғи кирган. Толиблар босқинига қадар Афғонистон армия авиацияси таркибида олтита Ми-35 ҳужум вертолёти, 76 та Ми-17 ҳарбий учоғи¸ 41 та енгил MD-530F ва 30 тача кўп мақсадли UH-60A Black Hawk вертолёти бўлган.

Бундан ташқари, ҳукумат армиясининг мағлубияти ортидан толиблар Ғарбда ишлаб чиқарилган ўн минглаб ўқотар қурол, минглаб тонна ўқ-дори, тунги нишонга олиш жиҳозлари, тепловизорлар, махсус техника, ҳарбий униформа ва ҳимоя воситаларини қўлга киритди.

Мутахассислар санаб ўтилган техниканинг барчаси яроқли ҳолатда бўлмаса-да, унга эгалик қилиш толиблар қудратини кескин ошириб юбориши ва уларни энг қудратли армиялар сафига олиб чиқиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Толиблар ҳукумати барча собиқ ҳарбий ва давлат хизматчиларига умумий авф эълон қилиб, уларни ўз иш ўринларига қайтаришга уринмоқда. Оқибатда¸минглаб ноилож аҳволда қолган ҳарбий мутахассислар, хусусан яхши профессионал тайёргарликдан ўтган ҳарбий учувчи ва инженерлар толиблар ҳокимияти тарафига ўтмоқда.

Ўзбекистон чегарасини қанча афғон ҳарбийси кесиб ўтди?

Собиқ афғон ҳукумати ҳарбийларининг бир қисми қўшни давлатлар, хусусан Эрон, Тожикистон ва Ўзбекистон чегарасидан ўз ҳарбий техникаси, асосан учоқ ва вертолётлар билан ўтишга муваффақ бўлди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 14–15 август кунлари Афғонистоннинг 22 та ҳарбий самолёти ва 24 та ҳарбий вертолёти Ўзбекистон ҳаво ҳудуди чегарасидан ноқонуний ўтгани, уларда жами 585 нафар қуролланган ҳарбий хизматчи бўлганини хабар қилган эди. Билдирилишича, 15 август куни Қарши шаҳридаги “Хонобод” аэропортига қўниш учун рухсат сўраган Афғонистоннинг 3 та “ЭМБРАЙЕР-314” русумли ҳарбий самолёти Термиз аэропортига қўниш тўғрисида огоҳлантирилиб, улар Ўзбекистон Республикасининг 2 та “МИГ-29” русумли ҳарбий самолётлари кузатувига олинган.

15 август оқшомида Телеграм каналларида тарқалган видеода ўнлаб афғон ҳарбий техникасининг Термиздаги "Дўстлик" кўприги устида тўпланиб тургани акс этган эди.

Шу куни 158 нафар афғон фуқароси ва қуролланган ҳарбий хизматчиларининг дарё орқали Термиз тумани ҳудудига қонунга хилоф равишда ўтгани ҳам хабар қилинди.

Ўзбекистон расмийлари 14 август куни Ўзбекистон давлат чегарасидан ноқонуний ўтган 84 нафар Афғонистон ҳарбий хизматчиси таслим бўлгани, уларга тиббий ёрдам ва вақтинчалик бошпана берганини тасдиқлади. Хабарда Ташқи ишлар вазирлиги афғон фуқароларини ватанига қайтариш ҳамда Термиз-Ҳайратон кўпригидаги вазиятни юмшатиш учун афғон томони билан музокаралар олиб бораётгани айтилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан Жиноят кодексининг 223-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Аммо ҳозиргача Ўзбекистон тарафига ўтган ва таслим бўлган афғон жангчиларининг аниқ сонига оид бирор расмий маълумот берилгани йўқ.

"Учоқлар ва вертолётлар Ўзбекистонда қолади"

Афғонистондаги нотинчлик кучайиб¸ Толибон мамлакат аксар ҳудудини ишғол қилишни бошлаши ортидан ўзбек расмийлари ўзаро чегарани қўриқлаш кучайтирилгани ҳақида кетма-кет баëнот берди. Август ойи бошида Россия ҳарбийлари билан ўтказилган қўшма машғулотлар ҳам Ўзбекистон ҳудудига қилинадиган ҳар қандай дахлнинг қайтарилиши кафолатлангани далил сифатида кўрсатилди.

Айни пайтда¸ жамоатчилик тармоқларда тарқаган видеолар орқали Ўзбекистон чегара қўшинлари жанговар ҳозирлик ҳолатига келтирилган бир пайтда¸ афғон ҳарбий учқич ва вертолëтларининг Ўзбекистон ҳудудига бемалол ўтиб¸ пахта даласига қўнганига гувоҳ бўлди.

Бу видеолар ўзбек армиясининг жанубий қўшни ҳудудидан бўладиган ҳаво ҳужумларидан қанчалик ҳимоялангани борасида жиддий хавотир уйғотмай қолмади.

Москвадаги Карнеги маркази илмий маслаҳатчиси, Марказий Осиё бўйича мутахассис Темур Умаров Ўзбекистон чегарачилари нима учун афғон ҳарбийларининг ўз ҳаво ҳудудига киришига томошабин бўлиб турганини "ҳуқуқий хаос" билан изоҳлади.

- Ўзбекистон чегарачиларида¸албатта¸ ҳаво мудофааси тизими бор. У жуда замонавий бўлмасада, ҳар ҳолда рус Зенит системалари ва ракеталаридан иборат. Чегарада юзага келган ғалати ҳуқуқий ҳолат сабабидан ўзбек томони афғон ҳарбийларининг вертолëт ва самолëтларини уриб туширмади¸ деб ўйлайман. Лекин чегара бузилиши ортидан ўзбек тарафи жиноят иши очди. Мен ҳозирча бу техникага қизиқиш билдираётган томонларни кўрмаяпман ва билишимча, бу учоқлар ва вертолётлар Ўзбекистонда қолади¸ дейди Темур Умаров.

Т.Умаров: Учоқлар ва вертолётлар эсон-омон Ўзбекистонда қолади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:16 0:00
Бевосита линк

Ўзбекистон қуролли кучлари минтақадаги энг қудратли армия саналади. Global Firepower гуруҳи ҳисоб-китобича¸ Ўзбекистон қуролли қучлари ихтиëрида 420 танк, 715 пиёдалар жанговар машинаси, 143 дона ўзиюрар артиллерия мосламаси, 880 артиллерия қуроли ва 109 дона замбарак бор. Шунингдек, Ўзбекистон 69 қирувчи учоқ, 89 бомбардимончи, 50 та транспорт учоғи, 70 вертолётга (25таси жанговар) эгадир.

"Ҳарбийлар БМТ ҳимоясига ўтиши керак!"

Парижда жойлашган Марказий Осиë инсон ҳуқуқлари уюшмаси раҳбари Надежда Атаева Ўзбекистон ҳукумати ва жамоатчилигини чегарадан ўтган афғон қочқинлари, шу жумладан ҳарбийлар тақдирига бефарқ бўлмасликка чақирди.

Н.Атаева: Нега ўзбек жамоатчилиги афғон масаласида жим?!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:18:12 0:00
Бевосита линк

- Биринчидан, бу одамларни зинҳор қайтармаслик керак! Чунки Афғонистонда ҳокимият жиддий жиноий тарихга эга қуролланган одамлар қўлига ўтди. Иккинчидан, қурол билан Ўзбекистонга ўтган одамлар бу ҳарбий техника толиблар қўлига тушиб қолмаслигини таъминлаб берди. Учинчидан, улар ўз ҳаётларини сақлаб қолиш ҳуқуқига эга. Улар қаршилик кўрсатмаса, қуролни топширса, Ўзбекистон қонунларини ҳурмат қилса – Ўзбекистон уларга бошпана бериши лозим! Ўзбек чегарасидан ўтган қочқинлар “Қочқинлар тўғрисида конвенция”, “Қийноқлардан ҳимояланиш конвенцияси”, Инсон ҳуқуқлари Европа конвенцияси, судсиз ва терговсиз қатллар борасидаги халқаро ва қатор бошқа ҳужжатлар ҳимояси остидадир.

Ўзбекистон “Қочқинлар мақоми” тўғрисидаги Конвенцияни имзоламаган бўлсада, бу одамлар БМТ ҳимояси остига ўтиши ва вақтинчалик қочқинлик берилиши шарт. Акс ҳолда Ўзбекистон халқаро жамоатчилик олдида толиблар ҳамкорига айланиб қолиши хавфи бор!

20 август куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат ҳудудига ноқонуний ўтган афғон фуқароларидан 150 нафарининг Толибон билан музокаралардан сўнг Афғонистонга қайтарилганини эълон қилди.

Расмий Тошкент таъкидича¸ Толибон раҳбарияти вакиллари бу шахсларга нисбатан ҳар қандай зўравонлик, тазйиқ ва таъқибларнинг олдини олишни ваъда қилган.

XS
SM
MD
LG