Беларусь Тергов қўмитаси 2020 йил августда бўлиб ўтган митинглар иштирокчиларининг калтакланиши юзасидан жиноят иши очишни рад этди – кучишлатар идоралар ходимлари зўравонлигидан жами 680 фуқаро шикоят қилган эди.
Қўмита хабарномасига кўра, тўпланган далиллар ИИВ ходимлари томонидан жисмоний куч ва махсус воситалар мутаносиб равишда, қонун доирасида ва “юзага келган вазиятда энг кам зарар етказишни кўзлаган ҳолда” қўлланилганини кўрсатади.
“Кейинчалик экстремистик деб топилган айрим телеграм-каналларнинг гўё фуқароларни қийноққа солиш, жинсий таҳқирлаш каби ҳолатлар бўлганлиги ҳақидаги хабарлари тасдиқланмади, ариза берувчиларнинг тушунтиришлари ҳам шундан далолат беради”, дейилган ТҚ баёнотида.
Идора маълум қилишича, 2020 йилнинг 9–15 август кунлари кучишлатар ходимлар 2000 дан зиёд кишини тутиб, ҳибсхоналар ва милиция бўлинмаларига келтирганлар. Улардан 680 нафари ИИВ ходимларининг қонунга зид хатти-ҳаракатларидан шикоят қилган.
Тергов қўмитаси иддаосига кўра, уларнинг ариза беришдан мақсади кейинчалик ушбу мурожаатни “бошқа мамлакатлардан сиёсий бошпана олишда восита ўлароқ фойдаланиш” бўлган.
Беларусда ўтган йилнинг ёзидан бери ялпи норозилик чиқишлари давом этмоқда. Акциялар иштирокчилари ҳукуматни президент сайлови натижаларини сохталаштиришда айблайди.