Линклар

Шошилинч хабар
25 октябр 2021, Тошкент вақти: 00:42

"Қозиғи тилла" Отабек Умаров ва каламушлар - тармоқлар Озодлик суриштируви ҳақида


Отабек Умаров устига олтин кукуни сепилган стейклари билан машҳур бўлган туркиялик қассоб ва ошпаз Нусрат Гўкча билан.

Ўзбекистон президенти администрацияси ва бошқа расмийлар Озодликнинг Ўзбекистон суверен бойлик фондидан Мирзиёев қудаваччасига ўнлаб миллион доллар маблағ ажратилгани ҳақидаги суриштирувини жавобсиз қолдираркан, ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида Мирзиёев куёвлари трендга чиқди.

Озодликнинг Мирзиëев оиласига бевосита алоқадор Orient Group компаниялари кейинги тўрт йил ичида президентнинг бевосита иштироки ва ҳомийлиги остида ўз бойлигини камида уч бараварга кўпайтирганига оид суриштирувини YouTubeда бир миллиондан ошиқ¸ тармоқларда эса жами икки миллиондан кўп одам кўрди.

Суриштирув минглаб ўзбекистонликларни унда кўтарилган мавзуга муносабат билдиришга ундади.

Тармоқ фойдаланувчилари орасида қизғин муҳокама қилинаëтган Озодлик суриштирувига на у эълон қилингунча ва на эълон қилинганидан сўнг алоқадор томонлардан бирортаси расман¸ очиқ муносабат билдирмади.

Озодлик 9 сентябрь куни Президент матбуот хизмати¸ Orient Group ва Ўзбек-Оман инвестиция компаниясининг жамоатчилик билан алоқалар бўлимига суриштирувдан туғилган саволларни ëзма шаклда жўнатган эди. Айни куни президентнинг қудаваччаси Ойбек Умаров мулкдори бўлган ўнга яқин МЧЖ раҳбарларига ҳам қўнғироқ қилиб¸ Ойбек Умаровни топишга уринган эди.

Суриштирув эълон қилиниши билан тармоқларда бошланган ҳужумлар алоқадор томонларнинг бу суриштирувга жавобнинг бошқача¸ тажрибада аввал ҳам синалган усули орқали беришга қарор қилганини кўрсатади.

"Троллар" хуружи

15 сентябрь куни Озодлик суриштирув видеосини YouTube каналида премъера қилишни бошлаган илк сонияларданоқ видео мазмуни билан ҳали тўлиқ таниш бўлмаган "фойдаланувчилар" видео остида айни мазмундаги юзлаб изоҳларни қолдира бошлади.

Озодлик ëлғончи¸ бу бўҳтон¸ президентни обрўсизлантириш учун уюштирилган уйдирма”¸ деган изоҳлар тўхтовсиз пост қилинди.

Озодлик ҳаммаси айни мазмундаги бу постларни такрор ва такрор ëзган аккаунтларнинг аксарияти 10-13 сентябрь кунлари очилганини аниқлади. Озодлик суриштирувга алоқадор томонларга ëзма ва телефон орқали 9 сентябрь куни мурожаат қилган эди. Бу аккаунтларнинг на Озодлик суриштируви¸ на ундан сўнг кўринмагани¸ улар кўпининг бир марталик аккаунтлар эканини кўрсатади.

Томошабинларни Озодлик суриштирувига асос бўлган расмий факт ва далиллардан чалғитишга уринган “шарҳловчилар”нинг энг фаоллари ўз аккаунтига ҳукуматни танқид қилиб келаëтган фаоллар номи ва суратини қўйган.

Хусусан¸ улар орасида мухолифатчи профессор Хидирназар Аллақулов¸ ҳуқуқ фаоли Абдужалил Бойматов¸ фаол Намоз Нормўмин¸ мустақил журналист Қудрат Бобожон номи ва сурати билан очилган аккаунтлар бор.

Элтуз нашри муҳаррири Қудрат Бобожон ўз номи ва суратининг ўзбек тилли троллар томонидан биринчи марта ишлатилмаëтганини таъкидлайди.

- Олдин ҳам Facebookда менинг номим ва расмим билан сохта аккаунт очиб¸ постлар қўйишганди. Энди YouTubeга ўтишибди. Жамоатчиликни жиддий суриштирувда келтирилган фактлардан чалғитиш учун "троллар фабрикаси" ишга солингани кўриниб турибди. Тролларга бизнинг исм-фамилиямизни бериш билан ҳужум буюртмачилари икки қуëнни уришмоқчи. Ҳам Озодлик¸ ҳам мустақил ва мухолифатчи фаолларни дискредитация қилиш. Айни пайтда¸ орамизга низо солиш¸ яъни умумий жанжал фони ҳосил қилишдир¸ - дейди Қудрат Бобожон.

Озодлик 2018 йили ўтказган суриштирув давомида Ёшлар Иттифоқининг бир гуруҳ фаол аъзолари Facebook тармоғида фейк аккаунтлар очиб, троллик қилиб келаётгани ошкор бўлган эди.

Озодлик суриштируви: Ёшлар Иттифоқи троллар гуруҳининг илк қадамлари
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:43 0:00
Бевосита линк

Орадан бир йил ўтиб¸ журналист Дилбар Исматуллаева ва Alimoff канали ҳамкорликда ўтказган суриштирув давомида Тошкент ахборот технологиялари университети қошида махсус “троллар фабрикаси” мавжудлиги юзага чиққан эди.

Бу суриштирув давомида Facebook ижтимоий тармоғидаги иштирокчиси кўп бўлган гуруҳлар¸ хусусан¸ Озодликнинг тармоқлардаги саҳифасига “Шавкат Мирзиёев олиб бораётган ислоҳотлар” ҳақида ижобий постлар қолдириш буюрилгани айтилган эди.

Суриштирув ТАТУдаги "троллар фабрикаси"ни университетнинг ўқув ишлари бўйича проректори Файзулла Агзамов бошқараëтганини кўрсатган.

Шу йил июнида Озодлик Самарқанд ва Андижонда талабалар троллик қилишга мажбурланаётгани ҳақидаги ёзган эди.

Билвосита муносабат?

Озодликнинг “Фарғоналик куëвлар: Мирзиëевнинг қудаваччаси қандай қилиб миллиард долларлик бизнес эгасига айланди?” деб номланган суриштируви ўзбек блогосферасида очиқдан-очиқ тилга олинмади.

Айрим блогерлар унга Эзоп тилида муносабат билдирди.

Ўткир сатираси ва аччиқ танқиди билан бошқа ўзбек блогерларидан ажралиб турувчи @Tentakminds Телеграм-канали муаллифи суриштирувга¸ уни тилга олмай туриб шарҳ қолдирди.

Олдин келинлар эди, энди куёвлар бўлди, тизим ишласа бўлди-да, қаердан қандай пул келишининг аҳамияти йўқ”¸ деб ëзди @Tentakminds.

Телеграмдаги айрим каналларда ўзбекистонлик журналист Саид-Абдулазиз Юсуповнинг президентнинг кенжа куëви Отабек Умаров ҳақида айтган гаплари гўë Озодлик суриштирувига Умаров лагеридан берилган жавоб сифатида тарқамоқда.

Тармоқларда тарқаган қисқа видеода Юсупов¸ Отабек Умаровни “чодирининг қозиғигача тиллодан бўлган бой йигит”¸ ўзбек ëшлари учун бутун бошли ИИВ қила олмаган ишларни қилган "қаҳрамон" сифатида тасвирлайди.

Озодликда журналист Дилшода Матчонованинг "Сийрат" кўрсатувида янграган бу сўзларнинг айнан ўз суриштирувига жавоб эканининг тасдиғи йўқ. Айни пайтда видео Озодлик суриштируви эълон қилинган 15 сентябрь куни YouTube порталида пайдо бўлди.

2019 йил сентябрида Жиноят Кодексининг фирибгарлик ва пора бериш моддалари билан айбланиб, 6.5 йилга маҳкум этилган ва ўтган йил июлида озодликка чиқарилган Юсупов бундан аввал президентнинг кенжа куëвини ўзбек ëшлари эргашиши керак бўлган “кумир” деб атаганди.

У солиқ тўловчи ҳисобидан ойлик оладиган юқори мартабали давлат хизматчиси бўлган Умаровнинг қандай қилиб “чодирининг қозиғигача олтиндан бўлган бой йигит”га айлангани ҳақида гапирмаган.

Тролл бўлмаганлар шарҳлари...

Озодлик суриштируви Ўзбекистонда кейинги беш йил ичида очиқ амалда бўлиб келаëтган манфаатлар тўқнашувининг бевосита Биринчи оилага бориб тақалишини ўртага чиқарди.

Бу эса¸ 2016 йили “Ўзбекистонни дабдала қилган ўғри ва каламушлар¸ хусусан¸ “тўда-тўда бўлиб халққа хиëнат қилган фарғоналик келинлар”ни йўқотишни ваъда қилган Шавкат Мирзиëевнинг ўз асосий ваъдаси устидан чиқмаганини кўрсатди.

Мирзиëевнинг бу каби ваъда ва катта-катта баëнотлари билан амалдаги ишлари ўртасидаги жарлик манзараси тармоқда мемга айланиб улгурган.

Озодлик суриштируви муносабати билан оддий ўзбекистонликлар ëзаëтган шарҳларда жамоатчиликнинг бу иккиюзламачиликдан ҳафсаласи тобора пир бўлаётганини кўриш мумкин.

Ўзбекистон Президенти администрацияси шу йил февралида Озодликнинг Тошкент вилоятида президент Мирзиёев учун махсус қурилган махфий Шоввозсой резиденцияси ҳақидаги суриштирувида кўтарилган саволларни аввалига жавобсиз қолдирганди.

Озодлик суриштируви Мирзиёев ва оиласи учун қурилган махфий дам олиш мажмуаси ва сунъий сув омбори давлат ғазнасига камида 1 миллиард долларга тушганини аниқлаган.

Суриштирувдан бир неча кун ўтиб, қурилиш буюртмачиси бўлган "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ махсус резиденция ва сув омборини ўз ичига олган махфий оромгоҳ Мирзиёев учун қурилганини рад этишга уринган, аммо Озодлик "Темир йўллари"нинг расмий раддиясидаги видео сохталаштирилганини ўртага чиқарганди.

Жорий йилнинг 19 март куни президент Мирзиёевнинг собиқ матбуот котиби Комил Алламжонов "Ўзбекистон темир йўллари" Шоввозсой борасида ёлғон ахборот ва сохта видео тарқатганини тан олди.

Алламжоновнинг баёноти президент Мирзиёевнинг "Шоввозсой" резиденцияси мавжудлиги тан олинган баёнотида бир кун ўтиб янгради. 18 март куни Президент матбуот хизмати ходими бўлган маҳаллий блогернинг саволига жавобан Мирзиёев: «Бу «Ўзбекистон темир йўллари»нинг давлат корхонаси. Ҳеч ким у ерда туриб, яшаб ёки бировга ўтказилгани йўқ. У давлатнинг жойи”, деб айтган эди.

Президент Мирзиёевнинг раддиясига қарамасдан, "Шоввозсой" Ўзбекистон ҳокимиятининг юқори эшелонларидаги коррупция, непотизм ва манфаатлар тўқнашувининг рамзига айланди. Озодликнинг президент куёвлари ҳақидаги охирги суриштируви ортидан кўплаб тармоқ фойдаланувчилари яна бир бор "Шоввозсой"ни ёдга олди ва Мирзиёев президентлиги даврида коррупциянинг гуллаб-яшнаётганига эътибор қаратди.

XS
SM
MD
LG