Линклар

Шошилинч хабар
23 октябр 2021, Тошкент вақти: 10:14

Марҳум ҳуқуқбон Азимжон Асқаров ўлимини тергов қилиш билан МХДҚ шуғулланади


Азимжон Асқаров 2020 йил июнида Қирғизистон қамоқхонасида вафот этган - Бишкек маҳкамаси, 10 январь, 2017

Қирғизистон Бош прокуратураси марҳум инсон ҳуқуқлари фаоли Азимжон Асқаров ўлимини тергов қилишни Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига (МХДҚ) топширди.

2010 йил июнь воқеаларига алоқадорликда гумон қилиниб умрбод қамоққа ҳукм қилинган Азимжон Асқаров ўтган йили Бишкекдаги 47-сонли ахлоқ тузатиш муассасасида вафот этганди. Аввалроқ бу иш бўйича ҚР Жазони ижро этиш давлат хизмати (ЖИЭДХ) тергов олиб борган.

Марҳумнинг турмуш ўртоғи Хадича Асқарова энди адолатли тергов ўтказилиши, айбдорлар аниқланиши ва жазоланиши лозимлигини айтади.

– Менга бу ҳақда хабар қилишди. Энди, ниҳоят, холис қарор чиқарилади, деб умид қиламан. Чунки ўшанда Азимжон хасталигига қарамай, зарур чоралар кўрилмаган. Нимадир қилишга уриниб кўриш мумкин эди-ку ахир. Умид қиламанки, иш рисоладагидек тергов қилиниб, тегишли қарор қабул қилинади.

Сентябрь ойи бошларида “Бир дунё – Қирғизистон” жамоат ташкилоти адвокатлари ҳуқуқбоннинг ўлимига доир иш бўйича терговни бошқа идорага топширишни сўраб ҚР Махсус прокуратаси ва ЖИЭДХга мурожаат қилишган эди. Адвокатлар ўз илтимосини “ЖИЭДХ ўз ходимларига нисбатан қонун доирасида чора кўра олмаслиги” билан изоҳлаган.

“Бир дунё – Қирғизистон” раҳбари Тўлекан Исмоилова ташкилот позициясини қуйидагича тушунтиради:

– Бизнинг эксперт ва юристларимиз катта хизмат қилишди. Мана натижа. Агар Азимжон Асқаров иши бўйича тергов лозим даражада ўтказилишига эриша олсак, бу ёрдамга муҳтож бошқа фуқароларнинг ишлари қайта кўрилишини тезлаштиради. Улар адвокатларнинг аризасини кўриб чиқиб, одилона қарор чиқаришди. Ишни бошқа идорага бериш тўғри қарор бўлди. ЖИЭДХ ўз фаолияти ҳақида қанчалик мақтанмасин, улар ўзларига қарашли муассасанинг камчиликларини яширишга ҳаракат қилишар эди барибир. Ахир Азимжон Асқаров ўша пайтдаги расмийлар инсон ҳақларига аҳамият беришмагани туфайли қарийб ўн йил қамоқда ўтирди.

Азимжон Асқаров Ўзбекистонда дафн этилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:39 0:00

Азимжон Асқаров 2020 йил 25 июль куни 69 ёшида вафот этган. Расмий маълумотга кўра, у зотилжам хасталигидан ўлган. Марҳум жасади Ўзбекистонга келтирилган ва пойтахт Тошкентда дафн қилинган.

Ҳуқуқбоннинг ўлими бўйича тергов тезда бошланган бўлса-да, кейинроқ ЖИЭДХ терговчиси ишни судгача юритишни тўхтатиб қўйган. 2021 йил 27 июлда Бишкек шаҳри суди Свердлов тумани судининг ЖИЭДХнинг жиноят ишини тугатиш ҳақидаги қарори устидан адвокат шикояти бўйича ишни юритишдан тўхтатишга оид қарорини бекор қилди.

Шундан сўнг сентябрь ойи бошида ЖИЭДХ янги ҳолатлар очилиши муносабати билан Азимжон Асқаров ўлимига доир ишни тергов қила бошлади.

Мазкур идора матбуот котиби Элеонора Сабатарова ишни қайси орган тергов қилмасин, натижа бир хил бўлади, чунки ишда қонун бузилишига йўл қўйилмаган, деб ҳисоблайди:

– Тергов энди бошланган пайтда салбий фикр-муносабатлар билдирила бошланган эди. Аммо шикоят қилишадими, йўқми, қатъи назар, биз табиий сабабларга кўра вафот этган одам ўлимини тергов қиляпмиз. Биздан кейин ишни махсус прокуратура кўриши керак эди. Энди уни қайси идора тергов қилмасин, бизнинг муассасамиз ҳамкорлик қилишга тайёр. Азимжон Асқаров ўлимида қонунга зид хатти-ҳаракатлар бўлмаган.

Қатор халқаро ташкилотлар Азимжон Асқаров ўлими муносабати билан Қирғизистон ҳукуматини танқид қилган эди. Ушбу масала 6 сентябрь куни Брюсселда ўтказилган Европа Иттифоқи ва Қирғизистон ўртасидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича йиллик мулоқотнинг 11-раунди чоғида ҳам кўтарилган.

Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Ҳю Уильямсон Қирғизистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Нуран Ниёзалиев билан 23 сентябрь куни Бишкекдаги учрашувида Азимжон Асқаров ўлими бўйича қайта тергов ўтказиш масаласини кун тартибига олиб чиқди.

Озодлик радиосининг қирғиз хизматига берган интервьюсида Ҳю Уильямсон янги тергов холис ўтказилиши ва тўғри қарор қабул қилинишидан умидворлигини билдирди:

– Қирғизистон ҳозирда турбулентлик ҳолатини кечирмоқда. Аввалроқ президент Садир Жапаров инсон ҳуқуқларини дастаклашини маълум қилган эди. У БМТ Бош ассамблеясидаги чиқишида ҳам у Қирғизистон демократия йўлидан қайтмаслигини урғулади. Биз Қирғизистон ҳукумати билан конструктив мулоқот олиб боришда давом этамиз. Инсон ҳақларини ҳимоя қилиш ва илгари суришда ҚР ҳукуматига кўмаклашишни хоҳлаймиз. Умид қиламизки, Азимжон Асқаровнинг қамоқда вафот этиши бўйича янгидан бошланган тергов мустақил бўлажак ва фожианинг чин айбдорлари аниқланажак.

Ҳуқуқбонлик ташкилотлари Азимжон Асқаров иши муносабати билан Қирғизистон ҳукуматини бир неча бор танқид қилиб, ўз тавсияларини берган. Аммо тергов идоралари унинг айби исботланганини иддао қилганлар. Ҳуқуқбоннинг ўзи эса айбсизлигини, унга қарши жиноят ишини эса қирғиз милицияси ўч олиш мақсадида сохталаштирганини ҳаётлигида бир неча марта айтган эди.

“Бир дунё – Қирғизистон” раҳбари Тўлекан Исмоилованинг фикрича, “Қирғизистон ҳукумати халқаро даражада Азимжон Асқаров масаласи кўтарилмаслигини истаса, тўғри қарор қабул қилиниши зарур”.

– Унинг ўлими тергов қилиниши – бу биринчи қадам, дастлабки ижобий силжиш деса ҳам бўлади. Бу атиги битта мисол холос. Ёпиқ муассасаларда бунақа ҳолатлар кўп. Қирғизистон инсон ҳуқуқлари ҳимояси масаласида бир поғона юксалишни истаса, мазкур иш адолатли тергов қилинмоғи лозим. Ҳозир бир нималар қилиняпти, албатта, лекин бу осон кўчмайди. Ҳар ҳолда бурунги ҳукуматнинг хатоларини тан олиб, барчасини тузатиш имконияти бор. Ишонаманки, айни пайтда қамоқда ўтирган бегуноҳ одамларга нисбатан ҳам тўғри қарорлар қабул қилинажак. Бошқа йўл йўқ.

Аввалроқ Европа Иттифоқи, “Human Rights Watch” ҳамда Журналистларни ҳимоя қилиш халқаро қўмитаси Азимжон Асқаров ўлимини мустақил тергов қилиш ва ҳуқуқбоннинг оиласига товон тўлашга чақирган эди.

Азимжон Асқаров Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туманида яшаган ва ҳуқуқбонлик фаолияти билан шуғулланган. 2010 йил июль воқеаларидан сўнг у тартибсизликлар чиқариш ва милиция ходимининг ўлдирилишида иштирок этишда гумон қилинган эди. Барча суд инстанциялари қарори билан у умрбод озодликдан маҳрум этилган.

2017 йил 24 январда Чуй вилояти суди янги очилган ҳолатлар бўйича ишни кўриб чиқишга киришган, бироқ пировардида аввалги қарорни ўз кучида қолдирган эди. Айни қарорни 2020 йил 13 майда Олий суд ҳам ўз кучида қолдирган.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси 2016 йилда Асқаров иши юзасидан хулоса берган. Унда урғуланишича, Азимжон Асқаров қамоқдалигида қийноққа солинган, шунингдек тиббий ёрдам олиш ва холис судлов ҳуқуқларидан айирилган. Шу муносабат билан у ўтган йили февралда Бишкек туманлараро судига мурожаат қилиб, ҳукумат БМТ қўмитасининг қарорини бажармаётганини айтган. ҚР Олий суди 15 июнда Бишкек маъмурий суди ҳуқуқбоннинг Қирғизистон ҳукуматига нисбатан қўзғатган даъвосини иш юритувидан тўхтатганини маълум қилган.

Азимжон Асқаров қамоқхонада зотилжам хасталигига чалиниб, 2020 йил 25 июль куни 69 ёшида вафот этган эди. У ўзининг васиятига биноан Ўзбекистонда дафн қилинган.

XS
SM
MD
LG