Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2021, Тошкент вақти: 08:18

Меркель миграция инқирозига ечим топишда Путиндан кўмак сўради


Беларусь-Польша чегараси, 9 ноябрь, 2021 йил.

Германия канцлери Ангела Меркель Беларусь-Польша чегарасидаги миграция инқирозини бартараф этишда Россия президенти Путиндан ёрдам сўради. Бу ҳақда Меркелнинг расмий сайтида маълум қилинган.

Хабарга кўра, немис сиёсатчиси Польша ҳудудига ёриб кираётган мигрантлар билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилиш учун Путинга қўнғироқ қилган. Меркель мигрантларнинг ЕИга қарши қўлланишини “ғайриинсоний ҳаракат” деб атаб, Россия раҳбаридан Минскдаги режимга таъсир ўтказишни сўраган.

Кремль матбуот хизмати хабарида Путин ЕИ вакиллари ва Лукашенко режими ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар ташкил этиб беришни таклиф қилган. Мулоқот чоғида бирон-бир келишувга эришилганми, йўқми – маълум қилинмаган. Евроиттифоқ Лукашенкони Беларуснинг легитим президенти ўлароқ тан олмайди.

Беларуснинг ЕИ мамлакатлари билан чегарасида миграция инқирози Ғарбнинг 2020 йил августда ўтказилган Беларусь президенти сайлови натижаларини тан олмаслиги, шунингдек мамлакатда кўтарилган оммавий норозилик ҳаракати ҳукумат томонидан аёвсиз бостирилиши ортидан келиб чиққан. Лукашенко Ғарб муносабатига жавобан чегарада назоратни бўшаштиришга ва ЕИга ўтадиган “наркотиклар ва мигрантларни” тўхтатмасликка ваъда берган.

Қатор суриштирувларга кўра, мигрантлар Беларусь ҳукуматига оид ширкатлар томонидан Ироқ ва Суриядан махсус келтирилиб, Евроиттифоқ чегараларига йўналтирилмоқда.

Польша бош вазири Матеуш Моравецкий 9 ноябрь куни парламент йиғилишида вазиятни президент Путин шахсан бошқараётганини айтган. Минск инқироз учун жавобгарликни тан олмайди, Москва эса вазиятга алоқадорлигини инкор этмоқда.

XS
SM
MD
LG