Линклар

Шошилинч хабар
05 декабр 2021, Тошкент вақти: 15:04

"Эгаридан тушови": Россиянинг арзон машиналари қозоқларга қимматга тушмоқда


Ақтўбедаги ҳайдовчилар норозилиги - 5 октябрь, 2021

Қозоғистонликлар орасида Россияда автомобиль харид қилиб, Қозоғистонда рус давлат рақами билан юриш кенг тарқалган.

Август ойигача Қозоғистон полицияси бу ҳолатга кўз юмиб келаётганди. Аммо ёзда Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги Россия рақамлари илинган автомашиналарни нишонга ола бошлади. Натижада автомобиль эгалари маҳаллий номер олишга мажбур бўлмоқда.

Eurasianet нашрининг хабар беришича, бу қиммат жараён бўлиб, қозоқ номерини олиш транспорт воситасининг ўзидан ҳам кўпга тушиши мумкин.

Натижада айрим ҳайдовчилар норозилик намойишига чиқа бошлади. 10 ноябрь куни шимолий Уральск шаҳрида ўнлаб одам Россия номерлари билан юришга рухсат берилишни талаб қилиб, норозилик намойишини ўтказди. Жорий ҳафтада мамлакатнинг бошқа бурчакларида ҳам ўхшаш митинглар бўлиб ўтди.

Россияда автомобиллар Қозоғистонга қараганда анча арзон туради. Россия ва Қозоғистон Евросиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) савдо аъзо бўлгани учун, икки мамлакат ўртасида божхона тўловлари муаммо эмас.

Қонунга кўра, Қозоғистон фуқароси бошқа давлатда рўйхатдан ўтган автомобилни бир йилдан кўп бўлмаган муддат давомида бошқариши мумкин. Хорижий мамлакатдаги рўйхати тугатилган автомобиллар эса Қозоғистонда 10 кун ичида рўйхатдан ўтказилиши керак.

Қозоғистонда автомобилни рўйхатдан ўтказиш учун утилизация тўлови жорий қилинган. Бу олдиндан тўланадиган қайта ишлаш тўловидир. Бошқача қилиб айтганда, муайян маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар ёки импорт қилувчилар ушбу маҳсулот қачондир утилизация қилиниши учун олдиндан ҳақ тўлайдилар. Ушбу қоида 2016 йилда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш ҳамда янги, атроф-муҳитни озроқ ифлослантирадиган автомобиллардан фойдаланишни рағбатлантириш мақсадида жорий этилган.

Тўлов двигатель ҳажмига боғлиқ бўлиб, айрим ҳолатларда унинг қиймати 8 000 долларгача етиши мумкин. Бу эса айрим автомобилларнинг нархидан қиммат. Номинал ойлик иш ҳақи 520 доллар атрофида бўлган Қозоғистон халқи учун утилизация тўлови нархи жуда баланддир.

Қолаверса, ҳайдовчилардан олинаётган тўловлар эвазига собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг қизи бойитаётгани ҳақидаги миш-мишлар аҳоли норозилигини оширмоқда.

Нур-Султонлик Батирбек Бекжан Озодлик радиоси билан суҳбатда Россияда 4 миллион тенгега (9 300 долларга) машина сотиб олгани, айни машинанинг нархи Қозоғистонда икки баробарга юқори эканини айтди. Қозоғистон номерини олиш учун ҳозир у 3 миллион тенгега (7 000 доллар) яқин тўлов тўлаши керак.

Ички ишлар вазирлиги Қозоғистонда Россия давлат рақамига эга 210 минг автомобиль борлигини тахмин қилмоқда. Улардан 88 минги Россияда рўйхатидан чиқарилган ва шу сабабли ҳозирда Қозоғистонда ноқонуний сақланмоқда.

Қолаверса, Россиядан олиб келинган кўплаб автомобиль Японияда ишлаб чиқарилган ва шунинг учун рули ўнг томонда. Қозоғистон 2007 йилда мамлакатга ўнг рулли автомобилларни олиб киришни тақиқлаган эди.

Россия орқали олиб кирилаётган эски автомобилларсиз ҳам Қозоғистондаги автопарк эскирган. Мамлакатнинг кичик маҳаллий автомобиль саноати манфаатларини ҳимоя қилиб келаётган лобби гуруҳи маълумотларига кўра, 2021 йил январда мамлакатда рўйхатдан ўтган 3,8 миллион автомобилнинг ярми 20 йилдан эски бўлган.

Қозоғистонда аввал ҳам бундай қийинчиликлар юзага келган эди. Ўтган йили Арманистонда машина сотиб олган юзлаб қозоғистонлик бир нечта шаҳарда қиммат тўловларсиз рўйхатдан ўтишга рухсат берилишини талаб қилиб, норозилик намойиши ўтказган эди.

Ҳокимият ўшанда Қозоғистонда Арманистонда рўйхатдан ўтган автомобилларни эскиргунича ишлатишга рухсат берди, аммо уларнинг эгаларига автомобилни сотиш ёки бошқаларга ўтказиб бериш тақиқланди.

XS
SM
MD
LG