Линклар

Шошилинч хабар
17 май 2024, Тошкент вақти: 11:31

AҚШ сенаторлари инсон ҳуқуқлари борасида Ўзбекистонга босим ўтказишга чақирмоқда


Президент Шавкат Мирзиёев АҚШга сафари чоғида - Вашингтон, май, 2018
Президент Шавкат Мирзиёев АҚШга сафари чоғида - Вашингтон, май, 2018

Сенатор Боб Менендез (Демократ, Ню-Жерси), Ташқи алоқалар қўмитаси раиси ва яна бошқа беш нафар сенатор AҚШ маъмуриятини бўлажак мулоқот чоғида инсон ҳуқуқлари масаласи юзасидан Ўзбекистон раҳбариятига босим ўтказишга чақирди.

6 декабр куни эълон қилинган мактубда сенаторлар “Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича эришаётган ютуқларини” тан олишларини таъкидлаб, Ўзбекистонни “президент Шавкат Мирзиёев ваъда қилган” кенг кўламли ислоҳотларни ўтказишга чақирган.

Икки давлат вакиллари шу ой охирида стратегик ҳамкорлик бўйича биринчи мулоқотни ўтказишлари режалаштирилган.

Сенаторларнинг таъкидлашича, мазкур учрашув “AҚШ ва Ўзбекистон муносабатлариниг муҳим таркибий қисми бўлган инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурматни ошириш учун ноёб имкониятдир”.

Сенаторлар ўз мактубида, шунингдек, сўз ва матбуот эркинлигининг чекланиши ҳамда сиёсий либераллаштириш йўлида ҳеч қандай ижобий ўзгаришлар йўқлиги билан боғлиқ хавотирларни алоҳида қайд этган.

AҚШ давлат котиби Энтони Блинкенга юборилган мактубни сенаторлар Крис Ван Холлен (Мериленд), Дик Дурбин (Иллинойс), Кирстен Гиллибранд (Ню-Йорк), Шеррод Браун (Огаё) ва Бен Кардин (Мериленд) ҳам имзолаган.

“Ислоҳотлар кўп эътироф этилаётган бўлса-да, Ўзбекистон дунёдаги эркинлик юқори даражада чекланган давлатлар қаторида қолмоқда ва бу сўнгги ютуқларга путур етказиши мумкин”, — деб ёзган сенаторлар ўз мактубида.

"AҚШ қўшинлари Aфғонистондан олиб чиқиб кетилганидан сўнг Ўзбекистон билан икки томонлама муносабатларимиз икки давлат манфаатлари ва қадриятлари учун янада муҳим аҳамият касб эта бошлади. Хавфсизлик ва терроризмга қарши курашда ўзаро ҳамкорлигимизни кучайтирар эканмиз, шу билан бирга Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари таъминланиши ҳамкорлигимиз учун ҳам муҳимлигини таъкидлашимиз лозим".

Сенаторлар президент Жо Байден маъмуриятини Ўзбекистон Жиноят кодексини ислоҳ қилиш йўлида Тошкент билан яқиндан ишлашга ҳам чақирмоқда.

Ўтган ой Human Rights Watch (HRW) Мирзиёевнинг иккинчи муддатга қайта сайлангани, сайловда мухолифатдан ҳақиқий номзодлар иштирок эта олмагани мамлакатда инсон ҳуқуқлари бўйича “ яққол орқага силжишлар” фонида юз берганини билдирган эди.

Мирзиёев сайлов арафасида танқидчилар ва фаолларни таъқиб қилгани учун танқид остига олинган.

Ўзбекистон президенти унинг ҳукумати ҳам узоқ йиллар мамлакатни бошқарган аввалги президент Ислом Каримовнинг авторитар тузуми томон кетаётгани ҳақидаги фикрларга қарши зўр бериб курашиб келмоқда.

Мирзиёев Марказий Осиёнинг энг кўп аҳолисига эга давлатни хорижий сармоялар учун очди, Ўзбекистоннинг қўшнилари билан муносабатларини яхшилади ва Каримов даврида диний эркинликларга қўйилган чекловларни юмшатди ва ўнлаб сиёсий маҳбусларни озод қилди.

Aммо ўзидан олдинги президент каби, Мирзиёев ҳам Ўзбекистонда деярли чексиз сиёсий ҳокимиятни қўлида тутиб туради. Унинг яқинлари эса, Мирзиёевнинг сиёсий нуфузидан бойлик орттиришда фойдаланганликда айблаб келинади.

XS
SM
MD
LG