Линклар

Шошилинч хабар
02 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:44

Уйғур трибунали: Хитой ҳукумати Шинжонда мусулмонларни геноцид қилмоқда


2017 йилдан бери Хитой маъмурияти миллиондан ортиқ уйғур, қозоқ, қирғиз ва бошқа шинжонлик мусулмонларни “сиёсий қайта тарбия жамлоқлари”га қамаган.
2017 йилдан бери Хитой маъмурияти миллиондан ортиқ уйғур, қозоқ, қирғиз ва бошқа шинжонлик мусулмонларни “сиёсий қайта тарбия жамлоқлари”га қамаган.

Лондондаги уйғур трибунали Хитой ҳукуматини Шинжондаги уйғур, қозоқ ва бошқа мусулмон халқларнинг геноцид қилинишида айбдор деб топди. Трибунал мусулмонларнинг таъқиб этилишига Си Цзиньпин бошлиқ Хитой раҳбарияти “тўғридан-тўғри алоқадор”лигини таъкидламоқда.

Уйғур трибунали қарори айрим мамлакатлар томонидан 2022 йилда Пекинда ўтадиган қишки Олимпия ўйинларига дипломатик бойкот эълон қилиниши манзарасида қабул қилинди.

Уйғур трибунали жорий йилнинг сентябрида ўз ишини бошлаган эди. Трибунал мажлисларида Шинжондаги жамлоқларнинг собиқ тутқунлари бўлмиш ўнлаб қозоқ ва уйғурларнинг, шунингдек гувоҳлар ва тадқиқотчи олимларнинг сўзлари тингланди.

Этник қозоқлар Ўринбек Кўксебек, Эрғози Ўтарбой ва Бакитали Нур Шинжон жамлоқларида тутқунликда бўлганини таъкидламоқда. Улар жамлоқларда кўрган азоб-уқубатлари ҳақида сўзлаб бериш учун Қозоғистондан Лондонга етиб келишган.

“Хитой Шинжонда уйғурлар ва бошқа этник озчиликлар нуфусини камайтириш бўйича кўп йиллардан бери изчил сиёсат юритиб келмоқда. Шу мақсадда ҳукумат уйғурлар орасида туғилишни назорат қилди ва чеклади”, дея баёнот берди трибунал раҳбари, юрист Жеффри Найс 9 декабрь куни.

Уйғур трибунали “Хитой раҳбари Си Цзиньпин, Чэнь Цюаньго ва Коммунистик партиянинг бошқа расмийлари Шинжондаги зўравонликлар учун жавобгар”, деб ҳисоблайди.

“Хитой етакчиси ва бошқа расмийлар тутқунларни қийнаш ва жинсий зўрлашга тўғридан-тўғри буйруқ беришмаган, бироқ ушбу хатти-ҳаракатлар Си Цзиньпин сиёсатининг бевосита натижаси эканлигига суднинг ишончи комил. Қатъий иерархия ўрнатилган бундай мамлакатда олий ҳокимият ҳеч бир ишдан бехабар қолмайди”, дейди Найс.

Уйғур трибунали (УТ) мустақил нодавлат ташкилот бўлиб, у 2020 йилда британиялик юрист Жеффри Найс томонидан Жаҳон уйғурлари конгресси (ЖУК) илтимосига кўра ташкил қилинган. Жорий йилда Хитой Найс ва яна бир неча британияликка нисбатан санкциялар жорий этди.

Уйғур трибунали, мустақил ва ноҳукумат суд бўлгани сабабли жазолаш ваколатига эга эмас. Уни ташкил қилишдан мақсад трибунал қарорларига халқаро ҳамжамият эътиборини тортишдир.

Лондондаги трибуналда айтилишича, Шинжонда одамлар оммавий ўлдирилганини тасдиқловчи далиллар йўқ, бироқ қийноқлар, аёлларни бепушт қилиш ва туғилишни назорат қилиш фактлари “геноцид” тушунчаси таърифига тўлиқ мос тушади.

Қароргоҳи Германияда жойлашган Жаҳон уйғурлари конгресси (World Uyghur Congress) Лондондаги трибунал қарорини Шинжондаги уйғур, қозоқ ва бошқа мусулмон халқлар учун “катта дастак” ўлароқ баҳолади.

“Бу уйғур халқи учун тарихий кун. Уйғурлар геноциди мустақил орган томонидан тан олиниши унинг халқаро ҳамжамият томонидан кенг миқёсда тан олиниши йўлида муҳим қадамдир. Бу БМТ ҳамда 1948 йилда имзоланган Геноцид тўғрисида конвенция аъзоси бўлмиш барча мамлакатларга улар неча йиллардан бери давом этиб келаётган геноцидни тўхтатиш ва мазкур жиноятларда айбдор кимсаларни жавобгарликка тортиш бўйича халқаро ҳуқуқ юклаган юридик ва маънавий мажбуриятларини бажаришлари лозимлигини яна бир карра эслатади”, деди ўз баёнотида конгресс президенти Долкун Айса.

9 декабрь куни, Лондондаги трибунал ўз қарорини эълон қилганидан сўнг Хитой ҳукумати вакили Би-Би-Сига берган изоҳида “ушбу сохта суд ва аксилхитой кучлар одамларни чалғитмоқда” деди.

Лондон трибунали мажлислари чоғида ҳам расмий Пекин суд жараёнини кескин танқид қилиб, уни “Хитойга қарши сиёсий фитна” деб атаганди.

Лондондаги трибунал қарори АҚШ, Буюк Британия ва Канада 2022 йилда Пекин шаҳрида бўлиб ўтадиган қишки Олимпия ўйинларига дипломатик бойкот эълон қилиши манзарасида қабул қилинди. Вашингтон, Лондон ва Оттава Пекин Олимпиадасига юқори мартабали мулозимларни юбормайди, уларнинг делегациялари фақат спортчилардан иборат бўлади.

БМТ маълумотига кўра, 2017 йилдан бери Хитой маъмурияти миллиондан ортиқ уйғур, қозоқ, қирғиз ва бошқа шинжонлик мусулмонларни “сиёсий қайта тарбия жамлоқлари”га қамаган. Халқаро тадқиқотчилар эса Хитой ҳукумати Шинжонда аёлларни ҳомиласини олдириб ташлашга мажбурлаганини, уларни кимёвий йўл билан бепушт қилаётганини аниқлашди. Жамлоқлардан эркинликка чиққан собиқ тутқунлар у ерда аёллар жинсий зўрланиши ва эркаклар қийноқларга солинишини айтишмоқда.

Хитой ҳукумати эса жамлоқларни – “касб-ҳунарга ўргатиш марказлари”, Шинжондаги сиёсатини эса “экстремизмга қарши кураш” дея иддао қилади. Пекин Ғарб мамлакатлари ва БМТ вакилларининг Шинжон вилоятига киришини тақиқлаб қўйган.

Хитойнинг давлатга қарашли оммавий ахборот воситалари Шинжон халқи гўё “шод-хуррам ва бахтиёр” яшаётганини исботлашга уринади.

XS
SM
MD
LG