Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2021, Тошкент вақти: 05:09

AҚШ Холокост музейи: Хитой уйғурларга қарши репрессияларни кучайтирди


Қошғар, Шинжон - 4 июнь, 2019.

AҚШнинг Холокост мемориал музейи (геноцидлар тарихини ўрганувчи музей) Хитойнинг ғарбий Шинжон вилоятида уйғур мусулмонларига қарши репрессиялар кучайиб бораётгани ҳақида далиллар тўплаганини маълум қилди.

“Associated Press” агентлигининг янги ҳисоботдан иқтибос келтиришича, музейнинг Геноцидлар олдини олиш маркази уйғурларга қарши жиноятлар уларни яширишга қаратилган уринишлар билан бир вақтда кучайиб бораётганини ва буни кўрсатувчи “арзирли сабаблар” борлигини таъкидлаган.

“Хитой ҳукумати уйғурларга қарши жиноятлар ҳақидаги маълумотларнинг ошкор бўлмаслиги учун қўлидан келган барча ишни қилмоқда. Уйғур халқига қарши босим тўхтатилиб, халқаро мустақил кузатувчиларга тергов ва суриштирувлар ўтказишга рухсат берилиши керак”, дея қўшимча қилган музейнинг Виждон қўмитаси раиси Том Бернштейн.

Гувоҳларнинг кўрсатмалари, очиқ манбалардаги маълумотлар ва инсон ҳуқуқлари гуруҳлари томонидан тақдим этилган маълумотлар келтирилган ҳисобот музейнинг 2020 йилнинг март ойидаги хулосаларини кенгайтирди. Ўша ҳужжатда Хитой Коммунистик партияси уйғурларни қувғин қилгани, қонунга хилоф равишда қамоққа олгани ва бошқа йўллар билан жисмоний эркинликларидан маҳрум қилгани ҳақида баён қилинган эди.

Янги далиллар жинсий зўравонлик, қуллик, қийноқлар ва мажбурий кўчиришларга далолат қилади. AҚШ ҳукумати Хитойнинг Шинжондаги уйғур мусулмонлар ва бошқа озчилик аҳолига қарши ҳаракатларини аллақачон геноцид деб топган.

Музейнинг Саймон-Скотт номидаги Геноцидлар олдини олиш маркази директори Наоми Киколер ҳам шундай деди: “Хитой ҳукуматининг уйғур жамоасига ҳужуми – бир миллиондан уч миллионгача одамнинг қамоққа олиниши, қийноқлар, жинсий зўравонлик ва мажбурий меҳнат деганидир ва бу ўта жиддий ва хавотирли муаммо. Уйғур оилалари ва уларнинг жамоасига етказилган зарар чуқур жисмоний ва руҳий из қолдирмоқда. Бу ваҳшийликларнинг жароҳати уйғурларнинг авлодларига ҳам зарар етказади”.

Киколернинг айтишича, “Бизни аста-секин йўқ қилиш учун: Хитой ҳукуматининг уйғурларга ҳужуми" номли 59 саҳифалик ҳисобот халқаро ҳамжамият учун Шинжондаги репрессияларни тўхтатиш ва Пекинга босимни кучайтириши йўлида огоҳлантириш қўнғироғи бўлиб хизмат қилиши керак.

Хитой инсон ҳуқуқлари бузилаётгани ва минтақада шафқатсизликлар бўлаётгани ҳақидаги даъволарни қатъиян рад этиб келади.

Хитойнинг БМТдаги элчиси Чжан Жун ўтган ой 43 та давлат томонидан имзоланган баёнотга жиддий норозилик билдирган эди. Чжан Жун асоссиз айбловларни қоралар экан, AҚШ ва бошқа давлатларни ҳамкорлик муҳитини бузишда ва “инсон ҳуқуқларидан зиддият чиқариш учун баҳона сифатида фойдаланишда” айблади. Мазкур баёнотда мамлакатлар Хитойни Шинжонда уйғурлар ва бошқа диний, этник озчиликларга нисбатан ҳар қандай қийноқлар ва тазйиқларни тўхтатишга чақирган.

XS
SM
MD
LG