Линклар

Шошилинч хабар
01 декабр 2021, Тошкент вақти: 10:48

“Қадр-қиммат”. Ҳуқуқлари бузилган қозоғистонликлар БМТга шикоят йўлламоқда


“Қадр-қиммат” жамоат бирлашмаси муассиси ва лойиҳа муаллифи Анор Ибраева (ўртада).

Қозоғистонда “Қадр-қиммат” ҳуқуқбонлик ташкилотининг “Бир ғишт” номли махсус лойиҳаси бор: у Қозоғистонда ҳуқуқлари поймол бўлган фуқароларнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотига шикоят билан мурожаат қилишига кўмаклашади.

“Дунё иморатида ўз ўрнингни топ”

Лойиҳа номи ва шиори буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоевнинг “Сен ҳам дунёда мисоли бир ғишт, ушбу иморатда ўз ўрнингни топ”, деган сўзларидан олинган.

– Одамлар ҳуқуқлари давлат томонидан бузилган тақдирда, БМТга мурожаат қилиш мумкинлигини билишмайди. Биз “Бир ғишт” лойиҳаси орқали барчага шундай имконият беришни хоҳлаймиз, – дейди “Қадр-қиммат” жамоат бирлашмаси муассиси ва лойиҳа муаллифи Анор Ибраева.

Унинг айтишича, адвокат хизмати учун ҳақ тўлашга қурби етмаган одамларга “Бир ғишт” орқали краудфандинг ташкил қилинади.

– Юристларни ёллашга молиявий имкониятларимиз ҳар доим ҳам йўл беравермайди. Шу боис баъзан аукционлар уюштириб, “Мен БМТ қўмитасининг Қозоғистонга оид қарорлари ижро этилишини хоҳлайман” деб ёзилган футболкаларни сотамиз. Айрим рассомлар “сотиб, пулини ишлатинглар” дея суратлар совға қилишади, – сўзида давом этади ҳуқуқбон.

Унга кўра, БМТ қарор қабул қилишига 4 йилдан 6 йилгача вақт кетади, бу “охиригача бориш керак бўлган олис йўл”дир.

– Ижобий қарор олган бўлсангиз, давлат нима қилгани, қандай чоралар кўргани ва суд қандай қарор чиқаргани ҳақида БМТ қўмитасига хабар беришингиз керак. Қўмита эса уни давлатга жўнатиб, изоҳ сўрайди. Бу оғир йўлга тушдингизми, охиригача боришингиз керак. Давлат қарорни бажармагунича БМТ ишни ёпмайди, – таъкидлайди Ибраева.

БМТга шикоят қилган қозоғистонликлар

Ҳуқуқ фаолининг маълумот беришича, ҳозирда БМТ қўмиталарида қозоғистонликларга оид юзга яқин иш кўрилмоқда. Лойиҳа сайтида ёрдам сўраб БМТга мурожаат қилган айрим кишиларнинг кечмишлари эълон қилинган.

БМТнинг Қозоғистонга оид биринчи қарори 2011 йилда қабул қилинган бўлиб, у шинжонлик уйғур Аршидин Исроил ҳақида эди. 2009 йилда у Урумчидаги норозилик чиқишлари вақтида полиция бир неча уйғурни уриб ўлдиргани тўғрисида “Озод Осиё” радиосига сўзлаб бергани учун Хитой ҳукумати томонидан террорчиликда айбланган. Исроил таъқибдан қочиб, Қозоғистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтган. Кейинроқ Қозоғистон, БМТ қочқин мақомини берганига қарамай, уни Хитойга топширган.

2011 йилда БМТ Қийноқларга қарши қўмитаси Қозоғистонга қочиб ўтган 29 нафар Ўзбекистон фуқаросига қочқинлик мандатини берган. Тошкент уларни терроризм ва экстремизмга алоқадорликда айблаган. Ва Қозоғистон бу сафар ҳам, БМТ қароридан юз ўгириб, уларни юртига қайтариб юборган.

БМТга, хусусан, қозоғистонлик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Бакитжон Торегожина мурожаат қилган. Инсон ҳуқуқлари қўмитаси унинг фойдасига қарор чиқарган ва Қозоғистон ҳукумати идоралари 2010 йилда унинг тинч норозилик акциялари ўтказиш ҳуқуқини поймол қилганини эътироф этган.

2009 йилда коррупцияда айбланиб, 14 йилга “кесилган” “Қозатомсаноат” ширкати собиқ директори Мухтор Жакишев ҳам БМТга шикоят йўллаган. 2015 йилда ташкилот Жакишевнинг адолатли ва шаффоф судлов ҳамда адвокат билан учрашиш ҳуқуқлари бузилганини тан олиб, Қозоғистондан ҳукмни бекор қилишни ва Жакишевни озод этишни талаб қилган. Қозоғистон эса қарорни бажаришдан бош тортган.

Бундан ташқари, адвокат Зинаида Мухторова, фаол Дилнор Инсенова, журналистлар Розлана Таукина, Рамазон Эсергапов ва Берик Жагипаровларнинг шикоятлари бўйича ҳам ижобий қарорлар қабул қилинган.

Ибраевага кўра, БМТ Қозоғистондан келган шикоятлар бўйича жами 49 та қарор чиқарган. Аксари Инсон ҳуқуқлари қўмитаси (38 қарор) ва Қийноқларга қарши қўмита (10) томонидан қабул қилинган. Яна бир қарорни БМТнинг Аёлларни камситишга барҳам бериш бўйича қўмитаси қабул қилган.

Ташкилот қарорлари мамлакатлар ҳукуматига жабрланувчиларга товон тўлаш, уларга тиббий ёрдам кўрсатиш, ишни қайта тергов қилиш мажбуриятини юклайди. Шунингдек, давлат қонунчиликка ўзгартишлар киритиши, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мажбуриятларини бажариши, кўрилган чора-тадбирлар ҳақида ташкилотни хабардор қилиши ва БМТ қарорларини қозоқ тилига ўгириб, эълон қилиши керак.

Аммо бу қарорларнинг кўпи ҳануз ижро этилгани йўқ. Қозоғистон ҳукумати қатор ҳолатларда ташкилот қарорларини “тавсиявий тусда”, деб уларни бажаришдан бош тортади.

– Товон пули, масалан, атиги икки кишига берилди, ҳолбуки чиқарилган деярли барча қарорларда шунақа банд бор. Бажарилган деб аташ мумкин бўлган қарорлар сони тўққизта холос. Улар қозоқ ёки рус тилига ўгирилиб, расмий сайтларда эълон қилинган. Мухтор Жакишев ва Дмитрий Тянь ишларида БМТ “ҳукм қайта кўриб чиқилсин”, деб аниқ кўрсатганига қарамай, Қозоғистон уни бажармади. Кўпинча “БМТ қўмитаси қарори тавсиявий тусга эга”, деган сийқаси чиққан баҳона билан ўзларини оқлашади, – дейди Ибраева.

Қозоғистон БМТга 1992 йил 2 мартда аъзо бўлган. Мамлакат, жумладан, ушбу халқаро ташкилотнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси, Қийноқларга қарши қўмита, Ирқий камситишга барҳам бериш қўмитаси ҳамда Аёлларни камситишга барҳам бериш қўмитаси шартларига розилик берган.

Ибраеванинг фикрича, БМТ қарорлари ижро этилишига эришиш кўпинча жуда қийин бўлса-да, бу уриниб кўрмаслик керак, дегани эмас. Шикоят резонансни вужудга келтиради, БМТ қарорлари ижро этилмаслигини эса халқаро майдонда Қозоғистон ҳукуматининг ўзига қарши қўллаш мумкин.

– Давлат БМТ ваколатларини тан олиб, халқаро шартномаларни ратификация қилгач, уларни бажариши шарт. Мазкур ҳужжатлар мажбурий юридик кучга эга. Ратификация – қуруқ гап эмас, – дейди Ибраева.

XS
SM
MD
LG