Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:26

Озарбайжонда мухолифатчи очлик акциясининг 38-кунида сувдан ҳам бош тортди


Солиҳ Рустамли
Солиҳ Рустамли

Мамлакатнинг икки асосий мухолифат гуруҳидан бири – Озарбайжон Халқ фронти партияси вакили 58 ёшли Солиҳ Рустамли қамоқдан озод этилиш талаби билан эълон қилган очлик акциясини давом эттирмоқда. У 38 кундан бери қамоқхонада овқатланишдан бош тортиб келади. 13 декабрда сув ичишни ҳам тўхтатишини айтди.

1998 йилдан буён Россияда яшаб келган Рустамли 2018 йилнинг майида Озарбайжонга келганида ҳибсга олинган. Дафн маросимида қатнашиш учун ватанига қайтиб келганида, суд уни пул ювишда айбдор деб топган ва етти йилдан ортиқ қамоқ жазосига ҳукм қилган. Унинг банк ҳисоб рақамига 420 000 АҚШ доллари миқдорида пул ўтказилганлиги маълум бўлган.

Рустамли ўзига қўйилган барча айбловларни рад этиб, буни сиёсий мақсадда қилинганини таъкидлаган. Нью-Йоркда жойлашган Human Rights Watch ташкилоти ҳам бу айбловларни "сохта" деб атади.

Ўтган йили Озарбайжон Арманистонга билан бўлган Тоғли Қорабоғ учун урушда ғалаба қозонганидан сўнг, жамоатчиликнинг президент Илҳом Алиев режимини қўллаб-қувватлаши энг юқори даражага етди. Энди эса, узоқ вақтдан бери давом этиб келаётган ижтимоий ва иқтисодий муаммолар яна бўй кўрсатиши ортидан мамлакатдаги мухолифат яна жонланди ва ҳукумат бунга қарши курашмоқда.

Рустамлининг адвокатларидан бири Баҳруз Байрамов уни 13 декабрда Бокудаги қамоқхонада кўрганидан сўнг, мижози очлик эълон қилиб, сув ичишни ҳам тўхтатганини тасдиқлади. Унинг айтишича, Рустамли очлик эълон қилганидан бери 16-17 килограммга озган.

Адвокатнинг сўзларига кўра, Рустамлининг аҳволи ёмонлашишда давом этмоқда, у оғриқдан ухлай олмаяпти ва аҳволи жуда заиф. Озарбайжон Жазони ижро этиш хизматидан ва Туркиядан келган бир гуруҳ шифокорлар қамоқхонада бўлиб, унинг аҳволи оғир эканини айтишган.

Эркин ва адолатли сайловлардан маҳрум қилинган Озарбайжон мухолифати Алиев даврида йўқ қилинди. Алиев мамлакат мухолифатини тез-тез “душманлар” деб тилга олади. Танқидчиларга кўра, ҳукумат тез-тез мухолифат фаоллари, журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва фуқаролик жамияти ҳимоячиларини қамоққа ташлаш орқали ўзгача фикрловчиларнинг овозини ўчиришга ҳаракат қилади. Халқаро ҳуқуқ ташкилотлари ҳам ҳукуматни қийноқларда айбламоқда.

Рустамлининг очлик эълон қилиши Озарбайжон мухолифатини яна кўчага чиқишга ундади. Унинг озод этилиши учун Бокуда бир қанча норозилик намойишлари ўтказилган.

1 декабр куни 40 га яқин намойишчи ҳибсга олинган, уларнинг аксарияти Боку марказида “Солиҳ Рустамли учун озодлик” деб ҳайқирган. Намойишчилардан камида беш нафари суд томонидан 30 кунлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

1 декабрдаги норозилик намойишида Мусават мухолифат гуруҳининг етакчиси Тофиқ Ёқублу ҳибсга олинган. Айтишича, полиция ундан видеокамера қаршисида “Озарбайжон раҳбариятини танқид қилмайман” деб айтишни талаб қилган ва калтаклаган.

“Қўлларимни орқамга кишанлаб, бошимга елим халта кийгизиб, шафқатсизларча калтаклашди”,- деб маълум қилган у.

Ички ишлар вазирлиги Ёқублу келтирган маълумотларни рад этди.

11 декабр куни яна бир норозилик намойиши бўлиб ўтди, мухолифатнинг ўнлаб фаоллари Боку шаҳар марказидаги метро бекатида тўпланишди. Улардан бир қанчаси полиция томонидан ҳибсга олинган.

Озарбайжондаги инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Рустамлини сиёсий маҳбус деб тан олган, халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари ва АҚШ уни зудлик билан озод қилишга чақирган.

Рустамли фаолиятида ўзининг яхши бошқаруви ва 1988-1994 йиллардаги Тоғли Қорабоғ учун олиб борилган урушдаги иштироки билан кўпчиликнинг ёдида қолган. Озарбайжон урушда мағлуб бўлаётган бир пайтда Рустамли ўз сафдошлари билан биргаликда стратегик Башкенд қишлоғини (Арчвашен) эгаллаб олди. Бу ўша пайтда Озарбайжоннинг кичик ғалабаси бўлган.

Адвокат Байрамовнинг айтишича, у мамлакат Олий судига мурожаат қилган, бироқ суд санаси ҳали айтилмаган.

6 декабр куни Рустамлининг яна бир адвокати Агил Лайиж Низомий туман судига уни соғлиғи юзасидан қамоқдан озод этишни сўраб мурожаат қилган.

14 декабр куни Озарбайжон мухолифатининг камида етти нафар аъзоси Рустамлини қўллаб-қувватлаб очлик эълон қилганидан сўнг расмийларга босим кучайган.

XS
SM
MD
LG