Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:26

ДХХ ва "жабрланувчи" блогерлар. Миразиз Бозоров ўзининг айбсизлигини таъкидламоқда


Миразиз Бозоров
Миразиз Бозоров

Тошкентнинг Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди томонидан 3 йилга озодликни чеклаш жазосига маҳкум этилган блогер Миразиз Бозоров ўзининг айбсиз эканини таъкидламоқда.

Ҳимоя томони Озодликка тақдим этган Бозоровнинг 21 январь куни ўтган маҳкамадаги сўнгги сўзида блогер ўзига қарши айбловлар ортида Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) турганини иддао қилади.

Ҳукм эълон қилиниши ортидан адвокат Сергей Майоров маҳкамани асоссиз ва адолатсиз, деб атаганди.

Бозоров Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми г-банди билан "ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат" қилишда айбдор, деб топилди, ҳукм маҳкама бошланганидан бир кун ўтиб эълон қилинди.

30 яшар блогер ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон ҳукуматига қарши коррупция айбловлари ва Жиноят кодексидан “Бесоқолбозлик” моддасини чиқариш ҳақидаги чақириқлари билан танилган.

Айбловга оид тафсилотлар

Бозоров устидан суд 4 шахснинг даъвоси асосида кўрилди.

Булар - Ислом цивилизацияси маркази собиқ ходими, тармоқларда Аброр Мухтор Алий тахаллуси остидаги зиддиятли чиқишлари билан танилган Аброр Абдуазимов, Ютюб тармоғидаги канали билан танилган Шуҳрат Мусаев, Телеграм тармоғидаги блогер Абусолиҳ Салимов ҳамда Тошкентдаги 110-мактаб ўқитувчиси.

Суд ҳукми эълон қилингач, маҳкама тафсилотларини ошкор қилган адвокати Сергей Майоровга кўра, судга тақдим қилинган хулосада айблов 3 пунктдан иборат бўлган.

Булардан бири, пойтахтдаги 110-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиларидан тушган жамоавий шикоят асосида илгари сурилган айбловдир.

Майоровга кўра, норозилар блогернинг ТикТок тармоғидаги чиқишлари, жумладан “Мактаб-эски қуллар ва омадсизлар, ёш авлодни қул ва омадсиз бўлишга ўргатадиган жой” каби гапларига эътироз билдиришган.

Қолган икки айблов, 3 нафар блогер шикояти асосида илгари сурилган. Адвокатга кўра, Бозоров уларни ДХХ га хизмат қиладиган "ДХХ блогерлари" ҳамда "ИШИД тарафдорлари", деб айблагани, жиноят ишида 3 блогерга нисбатан туҳмат, деб малакаланган.

Сергей Майоровга кўра, уч "исломчи блогер", штат бирлиги ёки штатдан ташқари шаклда ДХХда ишламаслиги, ИШИДга аъзо эмаслиги ҳақида судга, Давлат хавфсизлик хизматидан олинган маълумотномани тақдим қилишган. Суд буни инобатга олган.

Бозоровнинг сўнгги сўзи

Озодликка келиб тушган суддаги сўнгги сўзида Миразиз Бозоров ўзига нисбатан илгари сурилган айбловни тан олмаслигини бот-бот такрорлайди.

"Менга эълон қилинган айбловдаги айбни тан олмайман. Ўз аккаунтларида менга қарши роликлар жойлаштирган, мени таъқиб қилган, мен ҳақимда ёлғон маълумотларни тарқатган ва онлайн террор тўлқинини қўзғатган, шунингдек Тошкент марказида исломчилар тўполонига сабаб бўлган (бунинг учун мутлақо жазоланмаган) юқорида исмлари кўрсатиб ўтилган уч блогерни ростдан ҳам “ДХХ блогерлари” деб ҳисоблайман. Терговчи Б.Тожиев терговни нохолис олиб борди", деган блогер.

Бундан ташқари, Тошкентдаги 110-мактаб ўқитувчилари жамоаси ўзига қарши илгари сурган даъвони ҳам тан олмаслиги ва асоссиз, деб билишини таъкидлаган:

"Хусусан, 110-мактаб ҳақидаги роликнинг аниқ бир адресати йўқ – у 110-мактабнинг муайян ўқитувчисига қаратилмаган. Эксперт Абдуллаева 2021 йил 30 мартдаги хулосасида ўзининг илмий асосланмаган фикрлари билан ушбу хулосани номақбул далилга айлантириб қўйди. “Қуллар ва омадсизлар” ҳақидаги сўзларимни ҳақиқат ва менинг ўз фикрим деб ҳисоблайман".

Миразиз Бозоровга кўра, бу шикоятлар, унга нисбатан ДХХ босими кучайган паллада ўртага чиққан.

Озодликка тақдим этилган сўнгги сўз матнида, Бозоров давлат хавфсизлик хизматининг ўзига нисбатан босимлари калтакланишидан қарийб 10 ой аввал бошланган:

"2020 йил июль ойида мен “Facebook”даги аккаунтимда ХВФ (Халқаро валюта жамғармаси) ва ОТБ (Осиё тараққиёт банки)га очиқ хат эълон қилиб, унда ҳукумат COVID-19 га қарши курашга йўналтирилган фондларни суиистеъмол қилиши хавфи борлигини урғуладим. Очиқ хат ўзбек фойдаланувчилар орасида машҳур бўлиб кетди, фавқулодда ижобий фикрлар билан кутиб олинди. Шундан сўнг мени дарҳол Давлат Хавфсизлик хизмати (ДХХ) сўроққа чақирди, эртасига Beeline Uzbekistan мобил алоқа оператори менинг интернетимни блоклади, ижтимоий тармоқларда менинг аккаунтларимни бузиб киришга уринишлар қайд этилди".

Айни пайтда блогер Миробод туман судидаги маҳкамада "жарбланувчи" сифатида келтирилган уч нафар блогер аслида унга нисбатан ижтимоий тармоқлар орқали "ҳақорат" ёғдиргани, "таҳдид қилгани" ҳамда оила-аъзолари ҳаётини хавфга қўйганини даъво қилган:

“Жабрланувчи” блогерлар мени таъқиб этишгани, интернетда менинг шахсий маълумотларимни ва яқинларимнинг маълумотларини ошкор қилишгани ҳақидаги даъволаримни инобатга олмади. Агарда суд мазкур уч блогерни иш бўйича жабрланувчи деб топса, яъни уларнинг ДХХга алоқадорлигини “туҳмат” деб эътироф этса, у ҳолда мазкур иш бўйича чиқарилган ҳукм ҳар қандай одамга Давлат Хавфсизлик Хизмати билан боғлиқлик Ўзбекистон фуқаросини бадном қилишининг расмий тасдиғи сифатида судья Содиқов Сардорбек Улуғбековичнинг қарорига таяниш имконини беради".

"Бозоровни зудлик билан озод қилинг!"

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Бозоровга бўлган ҳужум ва унинг ҳибсга олинишини қоралаб келмоқда.

24 январь куни Human Rights Watch ташкилоти вакили Ҳью Уилямсон Ўзбекистон ҳукуматини Бозоровни зудлик билан озод қилишга чақирди.

“Сиёсий мотивлар билан эълон қилинган айбловлар асосида блогер Миразиз Бозоровга 3 йил озодликни чеклаш жазоси берилганидан жуда хавотирлидир. У уй қамоғидан зудликда озод қилиниши керак, айбловлар бекор қилиниши лозим", деб ёзди ўзининг Твиттер саҳифасида Human Rights Watch ташкилоти вакили.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари вазияти бўйича махсус маърузачиси Мэри Лолор ҳам Бозоровнинг жазоланишини "ташвишланарли" деб баҳолади:

"Ўтган йил июнь ойида ҳукумат билан мулоқотда бу борадаги хавотирларни билдиришимга қарамай, Миразиз Бозоровнинг 3 йилга "озодлиги чекланганини" эшитиб, ташвишландим. Интернетдан фойдалана олмаслиги ва жамоат тадбирларида қатнаша олмаслиги боис, эндиликда унинг ҳуқуқ ҳимояси соҳасидаги фаолияти ўта чекланади".

"Адолатсиз маҳкама"

Адвокати Сергей Майоров Бозоров устидан кечган маҳкамани адолатсиз деб атаб, ҳукмни бекор қилишга чақирган:

- 3 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Шу пайтгача ўтказган уй қамоғи муддати ҳам қўшилади. Яъни 2 йилдан ортиқроқ муддати қолди. Суд ҳукми ноқонуний, адолатсиз, яққол кўриниб турган ҳолатлар инобатга олинмай қабул қилинган қарор. Бу қарор устидан албатта шикоят киритилиши ва бекор қилиниши лозим. Чунки маҳкама расман қонунбузарликларсиз ўтган бўлса-да, аслида адолатсиз ва нохолис ўтказилди.

Блогер устидан суд 20-21 январь кунлари бўлиб ўтди. Ҳар икки мажлис очиқ, деб эълон қилинганига қарамай, унга журналистлар қўйилмади.

Маҳкамада қатнашган “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташановга кўра, чет эл дипломатик корпуси, Европа Иттифоқи ва БМТ ваколатхонасидан вакиллар судга киритилган.

"Жабрланувчи"дан "жиноятчи"га

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон ҳукуматини коррупцияда айблаб, кескин танқид қилган ва ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хусусан Жиноят кодексидан “Бесоқолбозлик” моддасини чиқариб ташлашга чақирган 30 яшар блогер Миразиз Бозоров Ўзбекистонда туғилиб-ўсган.

Тошкентдаги Вестминстер университетини тамомлаган, иқтисодчи. Психология билан қизиққан, Facebook саҳифасида бу борада кўп постлар қолдирган. Бозоров рус тилида ёзиб, фаолият юритган.

Унинг устидан жиноят иши ўтган йил 28 апрелда очилган ва тергов қарийб 10 ой давом этди. Иш тафсилотларини кузатган Абдураҳмон Ташановга кўра, терговнинг чўзилишига пандемия ҳамда айбланувчининг соғлиги сабаб қилиб келтирилган.

Блогернинг ўзи 29 апрелда уй қамоғига ташланган, судга ҳам уй қамоғидан олиб келинди. Тергов жараёнида блогер аввал жабрланувчи бўлди, кейин гумонланувчига айланди ва жиноятчи ўлароқ судга келтирилди.

Ўтган йилнинг 28 март оқшомида юзига ниқоб таққан номаълум шахслар блогерни ўз уйи олдида бейсбол тўқмоқлари билан калтаклаб кетди. Оғир тан жароҳатлари олган блогер касалхонага ётқизилди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси суриштирув бошлади. Блогерни калтаклаганлардан бирининг фотороботини эълон қилди.

Адвокат Сергей Майоровга кўра, Бозоровнинг калтакланишига оид ҳодиса расман суриштирила бошлаган бўлсада, аслида бу суриштирув давом эттирилмаётир, ИИВ эса калтаклаганларни қидирмаётир.

Аммо суриштирув ниҳоясида ИИВ, шифохонада ётган Миразиз Бозоров устидан ҳам 28 та ариза тушгани, булар орасида Миробод тумани 110-сон умумтаълим ўрта мактаби ўқитувчилари борлигини маълум қилди.

Сўнгра шикоятчилар сафига блогерлар қўшилди, Бозоровни ҳақорат ва туҳматда айблашди.

Шу тариқа, оғир аҳволда аравачада шифохонага етказилган блогер, у ердан қўлида кишан билан олиб чиқилди ва уй қамоғига ташланди.

"Ҳукумат корона-инқирозни эплай олмаётир"

Аммо, Амир Темур хиёбонидаги воқеалардан аввал ҳам блогер жамоатчилик диққат марказида қолаётган эди.

У ўзининг “Канал Базарова” Телеграм-каналида, президент Мирзиёев бошқаруви остида коррупция кучайгани, янги бошланган сиёсий-иқтисодий ислоҳотларни халқ учун “катта йўқотиш” деб билиши, пандемия пайтида ҳукумат “халқ пулини ўғирлади” деган хулосалари акс этган видеопостларни бот-бот эълон қилган.

2021 йил 24 октябрда бўлган президентлик сайловини “бойкот қилишга” ҳам чақирган.

"Ўта ҳурматли Шавкат Мирзиёевнинг режими аҳолини иқтисодий муаммолардан чалғитиш учун гомофобия мавзуидан усталик билан фойдаланмоқда. Натижада, ҳукумат корона-инқироз боис юзага келган иқтисодий бўҳрон оқибатларини умуман эплай олмаётир ва мамлакатимизнинг ташқи қарзи бир неча баробар ортиб кетди, ЯИМ ҳажми эса умуман кўпайгани йўқ", деган эди 2021 йил бошида қилган чиқишларидан бирида Миразиз Бозоров.

XS
SM
MD
LG