Киевдаги элчихона: эвакуация режасини ҳозирланяпти
Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси, ўз расмий сайти орқали, бу давлатда бўлиб турган ўзбекистонликларга мурожаат эълон қилди.
Унда мамлакатдаги вазият "кескинлашгани ва фавқулодда ҳолат жорий этилганини инобатга олиб" эвакуация режаси ҳамда фуқаролар рўйхати тузилаётгани билдирилди:
- Ҳозирда Ўзбекистон Республикасининг Киевдаги элчихонаси томонидан эвакуация режаси ва Украина ҳудудини тарк этишни хоҳловчи фуқаролар рўйхати ишлаб чиқилмоқда. Украина ҳаво ҳудудининг ёпилишини инобатга олган ҳолда жўнаб кетиш йўналишлари ва жўнаб кетиш жойи ишлаб чиқилмоқда.
- Мақбул эвакуация йўналишлари бўйича масалалар учинчи давлатларнинг манфаатдор хизматлари билан келишилган сари, Ўзбекистон фуқаролари Элчихонанинг www.uzbekistan.org.ua сайти ва ижтимоий тармоқлардаги каналларида қўшимча равишда хабардор қилинади.
- Украинадан чиқиб кетишни хоҳловчи Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари паспорт маълумотларини Элчихонанинг embassy@uzbekistan.org.ua электрон манзилига юборишлари сўралади.
- Украинада бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан тинчлик сақлашларини ва қўшимча саволлар туғилганда Элчихона билан алоқада бўлишларини сўраймиз.
Украинада ўққа тутилган шаҳарлар харитаси:
Украинада урушнинг бошланиши. ВИДЕОХРОНИКА
Озодлик мухбири Владимир Ивахненко Киевдан хабар қилади:
- Бутун Украина бўйлаб – Луганскдан Житомиргача ҳарбий объектларга ракета зарбалари берилмоқда. Ракеталар портлаши бутун Киев шаҳрида эшитилиб турибди.
- Россия-Беларус қўшинлари Украина шимолида чегарани кесиб ўтди. Украина Мудофаа вазирлиги хабарномасига кўра, украин ҳарбийлари Россиянинг беш ҳарбий учоғи ва битта вертолётини уриб туширганлар, Счастье шаҳри (Луганск вилояти) ҳудудида душманнинг икки танки мажақланган. (Бу маълумотлар ҳозирча бошқа манбалар орқали тасдиқлангани йўқ).
- Россия армияси ракета зарбалари йўллашда давом этмоқда.
- Ракета зарбалари билан бир пайтда, маълум қилинишича, Россиянинг Қора денгиз флоти томонидан Азов ва Қора денгизларда десант ташлаш амалиёти бошланган. Николаев шаҳрида кучли ёнғинлар бўлмоқда.
- Эрталаб Одессанинг бир қисми электрсиз қолди. Харьковда ракета-артиллерия қуроллари таркиби йўқ қилинди. Шунингдек, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига, хусусан, Киев яқинидаги Васильково авиабазасига киберҳужумлар бўлаётгани айтилмоқда.
- Белоцерков туманидаги (Киевдан 120 чақирим жанубда) ўқ-дори омборлари ва Вишгород туманидаги (Киевдан 20 чақирим) Украина Миллий гвардияси штабида портлаш ва ёнғинлар содир бўлди, Нежинда (Киевдан 150 километр) Давлат фавқулодда вазиятлар хизматининг уч ходими яраланди.
- Украина ғарбида Луцк ва Ивано-Франковск яқинидаги ҳарбий авиация базалари ракетадан ўққа тутилди. Киевнинг “Борисполь” аэропорти зарарланмаган, аэропорт ходимлари ва йўловчилар эвакуация қилинмоқда. Львов ва Киевда сиреналар янграмоқда. Львовдаги аэродромда портлашлар ва ёнғин бўляпти.
- Киев мэри Виталий Кличко барча таълим ва давлат муассасалари ёпилганини эълон қилди, шифохоналар кучайтирилган тартибда ишламоқда. Пойтахт йўлларида катта тирбандликлар кузатилмоқда. Метро одатий тартибда ишлаяпти.