CIA: Россиянинг ядро қуролини қўллаш таҳдидига енгил қараб бўлмайди
АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Уилям Бёрнс Россиянинг Украинада ядро қуролини қўллаши мумкинлиги ҳақидаги таҳдидига енгил қараб бўлмайди, дея баёнот берди. Бироқ агентлик бу хавотирни тасдиқловчи етарлича далилларга эга эмас.
Бёрнс 14 апрелдаги чиқишида Россия президенти Владимир Путиннинг “потентсиал ноумидлиги” ва муваффақиятсизликлари ҳақида гапириб, Россия қўшинлари катта йўқотишларга учрагани ва Киевни қўлга кирита олмагач, Украина шимолининг айрим қисмларидан чекинишга мажбур бўлганини таъкидлаб ўтди.
“Президент Путин ва Россия раҳбариятининг потентсиал ноумидлигини ва улар ҳозиргача дуч келган ҳарбий муваффақиятсизликларни ҳисобга олсак, ҳеч биримиз тактик ёки паст рентабелли ядро қуролидан фойдаланиш хавфига енгил қарай олмаймиз, - деди Бёрнс.
Кремл 24 февраль куни Украинага қарши асоссиз уруш бошлаганидан ҳеч қанча ўтмай, Россия ядровий кучларини юқори шай ҳолатга келтиргани билан таҳдид қилди. Бироқ, Қўшма Штатлар кўпроқ ташвиш туғдирадиган ядро қуролининг амалда активизация қилиниши борасида “реал далилларни” кўрмади, дея қўшимча қилди Бёрнс Георгиа Теч университети талабалари билан суҳбат чоғида.
Ўтган бир суткадаги ҳужумлар ва қурбонлар
15 апрель куни Украинанинг Запорожье вилоятидаги Васильевка шаҳри ҳам ўққа тутилди. Вилоят ҳарбий маъмурияти спикери Иван Арефьевга кўра, ҳужум оқибатида бир киши ўлган, беш киши яраланган.
14 апрель куни Харьков вилоятининг Боровая қишлоғида тинч фуқаролар ўтирган автобуслар рус аскарлари томонидан ўққа тутилиши натижасида эса етти киши ҳалок бўлган, 27 фуқаро жароҳат олган. Бу ҳақда вилоят прокуратураси спикери Дмитрий Чубенкога таяниб “Суспильне Харьков” нашри хабар қилди.
Брянск, Белгород ва Курск вилоятлари маъмуриятлари ҳам чегара олди ҳудудларида отишма бўлганини билдирди. Мариуполдаги пўлат заводи ҳам руслар қўлига ўтгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.
Россия армияси Херсоннинг йўлдош шаҳри – Алёшкини ишғол қилди. Бу ҳақда шаҳар мэри Евгений Ришчук маълум қилган.
Бугун эрталаб Россия ҳарбийлари Херсон вилоятининг Скадовка шаҳри кенгаши биносидан Украина байроғини тушириб, ўрнига Россия байроғини осишди. Бу ҳақда Скадовка маъмурияти раҳбари Александр Яковлев “Фейсбук”да маълум қилди:
“Уларнинг бу иши шаҳарда юз берадиган барча воқеалар учун жавобгарлик тўлиқ ўзларининг зиммасига тушишини билдиради”.
БМТ: Украинага 870 минг қочқин қайтди
БМТ маълумотига кўра, Россия бостириб кирганидан сўнг Украинани тарк этган қочқинлардан 870 минг нафари ватанига қайтган.
Украинага ҳар куни 30 минг киши қайтяпти, деб хабар берди ташкилот. Бироқ, қочқинларнинг оммавий қайтиши “Украинадаги гуманитар муаммоларни чуқурлаштиради”.
Мамлакатда қуролли можаро бошланганидан бери камида 11,7 миллион киши ўз уйларини тарк этган.
Уруш оқибатида 198 бола ўлди
Уруш бошланганидан бери Украинада нобуд бўлган болалар сони 198 нафарга етган, 355 дан ортиқ бола яраланган.
Украина бош прокуратурасига кўра, 21 март куни Суми вилоятининг Тростянц шаҳри артиллериядан ўққа тутилиши натижасида 14 яшар бола ҳалок бўлган, Харьков вилоятининг Александровка қишлоғида 9 ва 11 ёшли икки бола яраланган.
Украинада жанглар давом этаётгани боис тинч аҳоли орасидаги қурбонларга доир маълумотларини тезкорлик билан текшириш имкони мавжуд эмас.