Линклар

Шошилинч хабар
01 май 2024, Тошкент вақти: 23:53

Украина ЕИга аъзоликка номзод мақомини қўлга киритди. Уруш хроникаси

Урушнинг 120-куни

Украинанинг Северодонецк шаҳрида жойлашган “Азот” заводидаги бомбапаноҳда 568 киши жон сақлаяпти, улар орасида 38 нафар ёш бола бор.

Украинанинг “Жануб” оператив қўмондонлиги Қора денгиздаги Змеиний оролига зарба берилганини билдирди. Айтилишича, “зарбалар Панцир С-1 зенит-ракета комплекси, радиолокация станцияси ва автомобиль техникасига теккан”.

АҚШда Украинадаги ҳарбий жиноятларни тергов қилиш учун махсус гуруҳ тузилади.

Ростов вилоятидаги Новошахтинск нефтни қайта ишлаш заводига учқичсиз дрондан зарба берилди.

Зеленский: "Улар барча шаҳарларимизни Мариуполга айлантиришни қасд қилганлар"

Украина президенти Владимир Зеленский 22 июндаги видеомурожаатида Европа Иттифоқи жанглардан толиққан мамлакатга аъзолик мақомини бериш кутилаётганини олқишлар экан, Россия қўшинлари Украинанинг иккинчи йирик шаҳри – Харьковни ҳамда Донбасснинг шарқий қисмини ўққа тутганини айтди.

Зеленскийга кўра, у “Украинанинг номзод бўлиши масаласи ижобий якун топиши учун” эрталабдан Европа давлатлари раҳбарлари билан сўзлашган, музокаралар давом этиши кутилмоқда.

“Мулоқотларни эртага ҳам давом эттираман, зеро давлатимизга мумкин қадар ёрдам беришимиз керак. Эртага кечқурун Европа муҳим қарор қабул қилади”, деди президент.

“Донбассга авиация ва артиллериядан кенг кўламли зарбалар берилмоқда. Босқинчиларнинг ушбу йўналишдаги мақсадлари ўзгармаган – улар бутун Донбассни ер билан яксон қилишмоқчи. Лисичанск, Славянск, Краматорск – улар барча шаҳарларимизни Мариуполга айлантиришни қасд қилганлар. Яъни, буткул вайрон қилишмоқчи... Шу боис ҳам биз Украинага қурол етказиб беришни тезлаштиришга қистаяпмиз. Бу иблис лашкарини тўхтатиш ва уни Украина тупроғидан улоқтириб ташлаш учун зудлик билан жанг майдонида кучларни тенглаштиришимиз лозим. Юртимизни озод этишимиз ва тезроқ ғалабага эришишимиз зарур. Мумкин қадар тез. Бу бизнинг миллий ғоямиздир, уни рўёбга чиқариш учун тинимсиз ишлашимиз шарт”.

Бугун, 23 июнь куни Брюсселдаги саммитда Украина ЕИга аъзо бўлишдек узун йўлда расман илк одимини қўяди. Кўп жиҳатдан рамзий тусда бўлса-да, бу ҳозирги оғир шароитда миллат руҳини кўтаришга ёрдам беради.

Украина Қуролли кучлари: Россия армияси Луганск вилоятидаги икки қишлоқни ишғол қилди

Россиялик ҳарбийлар Луганск вилоятидаги Рай-Александровка ва Лоскутовка қишлоқларини эгаллаб олишган. Бу ҳақда Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълумот тарқатди.

Шу тариқа Россия армияси вилоятдаги Горское ва Золотое аҳоли пунктларини ҳимоя қилаётган украиналик ҳарбийларни ўраб олиш бўйича ўз мақсадларига яқинлашишган.

Британия ҳарбий разведкаси маълумотига кўра, Россия Лисичанск йўналиши бўйлаб 5 километр илгарилаган. Қамалда қолмаслик учун Украина армиясининг айрим бўлинмалари чекинишган.

Россия армиясининг Луганск вилоятида Украина назорати остида қолаётган сўнгги шаҳар томон ҳаракатланаётганига оид маълумотларни АҚШнинг Урушни тадқиқ қилиш институти (ISW) экспертлари ҳам келтиришмоқда.

Украинадаги уруш туфайли Чехия 2023 йил мартигача россияликларга виза бермоқчи эмас

Чехия Ташқи ишлар вазирлиги биноси
Чехия Ташқи ишлар вазирлиги биноси

Чехия 2023 йилнинг март ойи охиригача Россия ва Беларусь фуқароларига виза ҳам, яшаш рухсатномаси ҳам бермайди. České noviny нашри хабарига кўра, ТИВнинг бу борадаги таклифи Чехия ҳукумати томонидан маъқулланган. Бунда фақат гуманитар мақсад билан келаётган шахсларгагина истисно сифатида виза берилиши мумкинлиги айтилган.

Мазкур чора, чех расмийлари қайдича, Украинадаги уруш манзарасида “Чехиянинг ташқи сиёсий манфаатларини ҳимоя қилиш” ҳамда Россия ва Беларусга босим ўтказиш мақсадида амалга оширилмоқда.

Россия: Петрозаводскда урушга қарши постлар ёзган 76 ёшли пенсионерга 30 минг рубль жарима солинди

Владимир Малегин
Владимир Малегин

Петрозаводск шаҳар суди урушга қарши мавзуда постлар ёзган 76 ёшли пенсионер Владимир Малегинга Россия армиясини “обрўсизлантирганлик” моддаси бўйича 30 минг жарима тайин қилди. Бу ҳақда Озодликнинг Север.Реалии лойиҳаси хабар қилди.

Жиноят иши материалларида у “ВКонтакте” тармоғида жорий йилнинг 8 март, 23 ва 24 апрель кунлари ёйинлаган иккита пост ва битта сурат ҳақида гап боради.

23 апрелдаги постида Малегин: "Шаҳарлар, қишлоқлар вайрон этилди, тинч аҳоли вакиллари нобуд бўлди. Кўплаб одам ертўлаларда егуликсиз ва сувсиз ўтирибди, миллионлаб одам ўлдирилишидан қўрқиб, уйларини тарк этган. Бу тутуруқсиз хунрезлик тўхтатилмаса, эртага бошқалар ҳам ҳалок бўлиши мумкин”, деб ёзган. Бу постга Малегиннинг қўлида “Тинч шаҳарлар бомбаланишига қатъиян қаршиман!” деган плакат ушлаб турган сурати илова қилинган.

Малегиннинг адвокати судга ўз мижози Украинадаги уруш тўғрисида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатмагани, чунки Украинада аҳоли пунктлари бомбаланиб, тинч фуқаролар ҳалок бўлгани халқаро расмий манбалар, шу жумладан БМТ томонидан тасдиқланганини билдирган. “Плакатли фотосуратда эса Украина ва Россия Қуролли кучлари ҳақида ҳеч нарса дейилган эмас”, деган адвокат суд қарори устида шикоят аризаси ёзишини қайд этган.

Иккинчи гуруҳ ногирони бўлган Владимир Малегин петрозаводскликлар орасида танилган фаоллардан бири бўлиб ҳисобланади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG