БМТ: Украинада тинч аҳоли орасидан қурбонлар сони 4, 5 мингдан ошди
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси маълумотларига кўра, Россия Украинага қарши уруш бошлаган 24 февралдан бери, 16 июнь куни якунига кўра, тинч аҳоли орасидан 4 509 нафари ҳалок бўлган. Бир кун аввал бу рақам 4 481 эди. .
БМТ рақамлар анча юқори, бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди, чунки шиддатли жанглар давом этаётган баъзи ҳудудлардан маълумотлар кечикмоқда ва кўплаб ҳисоботлар ҳали ҳам тасдиқланишини кутмоқда.
"Мариупол, Изюм, Попасна ва бу ҳисоботга биринчи марта Лисичанск ва Северодонецк қўшилган, бу ерда кўплаб тинч аҳоли қурбонлари ҳақида хабарлар бор", деб ёзади “Интерфакс-Украина”. Ушбу хабарлар қўшимча текширувдан ўтади ва статистикага киритилмайди.
“Тинч аҳоли орасидан ўлим ёки жароҳатланишларнинг аксарияти кенг таъсир доирасига эга бўлган оғир артиллерия ва кўплаб ракета тизимларидан берилган зарбалар оқибатида содир бўлган”, — дейилади БМТ хабарида.
БМТ томонидан тасдиқланган маълумотларга кўра, 1747 нафар эркак, 1166 нафар аёл, 129 нафар ўғил ва 124 нафар қиз ҳалок бўлган, 41 нафар бола ва 1302 нафар катта ёшли одамнинг жинси ҳали аниқланмаган.
Керимовнинг Фижида ҳибсга олинган яхтаси Гавайига олиб келинди
Сулаймон Керимовга тегишлилиги даъво қилинаётган 300 миллион долларлик "Амадеа" суперяхтаси Фижида май ойида АҚШ илтимосига кўра қўлга олинган эди. 16 июнь куни бу яхта Гавайига етиб келди.
Ўтган ҳафта Тинч океанидаги орол давлати 106 метрли яхтани сақлаш ҳукуматга қимматга тушишини билдирган эди.
Шундан сўнг кема Фижидаги Лаутока портини тарк этди.
Кайман оролларида рўйхатдан ўтган "Амадеа" эгасининг адвокатлари Фижи судида кема Керимовга тегишли эмас, балки санксия қўлланилмаган бошқа россиялик олигархга - "Роснефт"нинг собиқ раҳбари Эдуард Худайнатовга тегишли эканлигини иддао қилишган.
Қўшма Штатлар эса Керимовни "Амадеа"нинг ҳақиқий эгаси эканлигини даъво қилмоқда.
ISW: Украин қўшинлари Изюм яқинида қарши ҳужумга ўтди
Америка урушни ўрганиш институти (ISW) уруш жабҳасидаги 17 июнги холат бўйича хулосасини эълон қилди. Мутахассисларнинг асосий хулосалари бундай:
- Украин кучлари рус ҳарбийларини Словянскка ҳужумдан чалғитиш учун Изюм яқинида қарши ҳужумга ўтди.
- Рус қўшинлари Северодонецк ва унинг жануби-шарқий ҳудудларида муваффақиятсиз ҳужумларини давом эттирди.
- Россия кучлари Бахмут ҳудудида Лисичанск билан алоқа линияларини ҳам шимолдан ҳам жанубдан кесишга уринди.
- Россия қўшинлари фронт чизиғи бўйлаб мудофаа позицияларини эгаллаш учун Запорожье вилоятида куч тўпламоқда.
- Украина манбаларининг хабар беришича, Путин Россия ҳаво-десант кучлари қўмондони генерал-полковник Андрей Сердюковни россиялик десантчилар орасида катта йўқотишлар сабаб лавозимидан озод қилган. Аммо, ISW бу даъволарни мустақил равишда тасдиқлай олмайди.
Reuters: Пентагон Оқ уйнинг Украинага MQ-1C Grey Eagle дронларини бериш режасини тўхтатди
Жо Байден маъмуриятининг Украинага учувчисиз бошқариладиган тўртта йирик ҳужумчи учоқларни сотиш режаси унинг мураккаб кузатув ускуналари душман қўлига тушиши эхтимоли сабаб, тўхтатиб қўйилди.
Бу ҳақда Reuters агентлиги Пентагондаги камида уч манбага таяниб хабар берди.
Пентагоннинг Мудофаа технологиялари хавфсизлиги бошқармаси Оқ уй томонидан тасдиқланган режани рад этди, деб билдирган манбалар.
АҚШнинг Hellfire ракеталари билан қуролланиши мумкин бўлган тўртта MQ-1C Grey Eagle дронларини сотиш режаси ҳақида Reuters шу ой бошида хабар берган эди.
Дронларни экспорт қилиш режаси, кейинчлик эътирозларга сабаб бўлган. Радар ва кузатув ускуналари Россия қўлига тушиб қолса, Америка Қўшма Штатлари хавфсизлигига хавф туғдириши мумкинлиги борасида, хавотир билдирилган.