Қозоғистон президенти мукофотлардан воз кечди
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тўқаев ваколатлари тугагунига қадар на маҳаллий, на хорижий мукофотларни қабул қилмасликка қарор қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизматига таяниб,Тенгриньюс нашри хабар берди.
Аввалроқ қозоғистонлик сиёсатшунос Ербол Едилов ўз манбаларига таяниб, Кремл Тўқаевни Александр Невский ордени билан тақдирлаш ниятида бўлганини айтганди.
"Худди шу сабабли Бишкекка ташрифи чоғида Президент Қирғизистоннинг энг олий “Биринчи даражали “Манас” орденини олмади”, деб ёзди таҳлилчи.
Шу билан бирга, Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Тўқаевнинг Россия мукофотидан бош тортганини рад этди. Унинг сўзларига кўра, унга бирор мукофот бериш режалаштирилмаган.
"Қозоғистон бўлгинчи худудларни тан олмайди"
Бундан олдинроқ Қозоғистон раҳбари Қосим-Жўмарт Тоқаев халқаро ҳуқуқ БМТ Низомига асосланишини таъкидлаб, ушбу ҳужжатнинг иккита асосий принципи - халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи ва давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги зиддиятга киришганини билдирди.
"Шу сабабдан биз на Тайван, на Косово, на Жанубий Осетия, на Абхазияни тан оламиз. Бундан чиқди, бу тамойил, бизнингча, Донецк ва Луганск бўлган сохта давлат ҳудудларига ҳам қўлланилади".
Бу нутқ сўзланганда саҳнада Тоқаев билан бирга Владимир Путин ўтирган эди. Қозоғистон президентининг бу баёноти Россия сиёсатчилари ва пропагандачилари ғазабини келтирди. Улар Қозоғистонга очиқчасига таҳдид қилган бўлсалар, академик Рамзан Қодиров ҳам насиҳатлардан четда қолмади:
"Россия Қозоғистонни қутқарди. Арманлар. Арманистон ва Озарбайжон ўртасида уруш бўлганида асосий ролни Путин ўйнади. Қозоғистон суверенитетини йўқота бошлаганида, ким ёрдам берди? Ҳеч кимдан қўрқмаган Россия!"
Қримда Россия армияси юк машинасига хизмат кўрсатмаган автосервис бузиладиган бўлди
Москва томонидан аннексия қилинган Қрим яриморолида жойлашган автосервислардан бири расмийлар томонидан бузишга қарор қилинди. Бунга корхонанинг Россия армияси юк машинасига хизмат кўрсатишдан бош тортгани сабаб бўлган, деб ёзди “Настояшчее время” нашри.
Автосервис вакиллари бортида Z белгиси бўлган машинани тузатишдан бош тортганига оид видеоролик ижтимоий тармоқларда пайдо бўлгани ортидан корхонага текширувчилар келган - улар бино ноқонуний қурилган, деган қарорга келишган.
Айни пайтда автосервис эгаси хизмат кўрсатишдан бош тортилишига ҳеч қанақа мафкуравий сабаб йўқлиги, корхона енгил машиналарни тузатиш билан шуғулланиши ва юк машинасини қабул қилишга мослаштирилмаганини иддао қилмоқда. Маҳаллий парламент раҳбари бу иш ортидан автосервис эгасига таҳдид қилган.
Машҳур боксчи Майк Тайсон украиналикларга қўллов видеомурожаатини йўллади
Бокс бўйича оғир вазнда жаҳоннинг мутлақ чемпиони бўлган Майк Тайсон украиналикларга қўлловини билдирди.
Қисқа видеороликда “Темир Майк” ўзининг Украина халқи билан бирга эканини айтган.
Мазкур видео беларуслик фотосуратчи Алексей Колесников томонидан олинган. Хабарларга кўра, АҚШнинг Колорадосида машҳур боксчига дуч келиб қолган фотограф Тайсондан украиналикларга мурожаат қилишни сўраган, собиқ чемпион эса бу таклифни рад этмаган.