Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2025, Тошкент вақти: 16:03

Украина ЕИга аъзоликка номзод мақомини қўлга киритди. Уруш хроникаси

Урушнинг 120-куни

Украинанинг Северодонецк шаҳрида жойлашган “Азот” заводидаги бомбапаноҳда 568 киши жон сақлаяпти, улар орасида 38 нафар ёш бола бор.

Украинанинг “Жануб” оператив қўмондонлиги Қора денгиздаги Змеиний оролига зарба берилганини билдирди. Айтилишича, “зарбалар Панцир С-1 зенит-ракета комплекси, радиолокация станцияси ва автомобиль техникасига теккан”.

АҚШда Украинадаги ҳарбий жиноятларни тергов қилиш учун махсус гуруҳ тузилади.

Ростов вилоятидаги Новошахтинск нефтни қайта ишлаш заводига учқичсиз дрондан зарба берилди.

Ростов вилоятида Россиянинг яна бир Су-25 учоғи қулаб тушди

Москвадаги ҳарбий парад чоғида Қизил майдон устидан учиб ўтаётган Су-25 учоқлари (иллюстратив сурат)
Москвадаги ҳарбий парад чоғида Қизил майдон устидан учиб ўтаётган Су-25 учоқлари (иллюстратив сурат)

Ростов вилоятида 21 июнь куни Россиянинг Су-25 ҳарбий учоғи қулагани натижасида учувчи ҳалок бўлди.

Даставвал учоқ электр симларига тегиб кетгани ортидан қулаб тушгани хабар қилинганди. Кейинроқ Жанубий ҳарбий округ матбуот хизмати авиаҳалокатга “техник носозлик сабаб бўлган”ини билдирган. РИА “Новости” хабарига кўра, учоқ “режадаги ўқув парвози чоғида” қулаб тушган.

17 июнь куни Белгород вилоятида Россия ҳаво-космик кучларига қарашли бошқа бир Су-25 қулаб тушганди. Ўшанда учувчи қулаётган учоқдан сакрашга муваффақ бўлганди. Ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати учоқ қулашига “техник носозлик”ни сабаб ўлароқ кўрсатган.

Гайдай: Северодонецкдаги “Азот” заводида болалар дохил 570 чоғли одам жон сақламоқда

"Азот" заводи бомбапаноҳида жон сақлаётган украиналиклар
"Азот" заводи бомбапаноҳида жон сақлаётган украиналиклар

Украинанинг Северодонецк шаҳрида жойлашган “Азот” заводидаги бомбапаноҳда 568 киши жон сақлаяпти, улар орасида 38 нафар ёш бола бор. Бу ҳақда Луганск вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Гайдай 21 июнь куни телемарафон ёйинида маълум қилган. Мулозим у ердаги одамлар шаҳарни тарк этишдан бош тортаётгани, полиция ва Миллий гвардия ходимлари уларга озиқ-овқат, сув ва дори-дармон етказиб бераётганини қўшимча қилган.

Бундан ташқари, Гайдай Лисичанскдан 7,5 километр нарида бўлган Тошковка қишлоғи ишғол этилганини тасдиқлади. Бу ишни амалга ошириш учун Россия қўшинлари у ерда кўпгина ҳарбий техника ва аскар жамлаган. Россияликлар Лисичанскни ўққа тутишмоқда, бироқ шаҳарни таъминотдан узиб қўйишга муваффақ бўлишолмаяпти.

Озодлик Северодонецк аҳолиси ва Лисичанска яқинида содир бўлаётган жанговар ҳаракатларга оид маълумотни оператив тарзда текшириш имкониятига эга эмас.

Украинадаги урушда АҚШнинг яна бир фуқароси ҳалок бўлди

Украина ҳудудидаги урушда америкалик Стивен Забельски ҳалок бўлди. Бу ҳақда The Washington Post хабар қилди.

Нашр қайдича, Украина Қуролли кучлари сафида жанг қилаётган 52 ёшли Забельски 15 май куни Запорожье вилоятининг Дорожнянка қишлоғида жон берган. Rolling Stone маълумотига кўра, АҚШ армияси фахрийси минага дуч келган.

АҚШ Давлат департаменти The Washington Post нашрига Забельски ўлганини тасдиқлаган ва унинг оиласи билан алоқада эканини билдирган. Муассаса бошқа тафсилотларни очиқлаган эмас.

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Забельски Украинадаги урушда ҳалок бўлган америкаликларнинг йўқ деганда иккинчисидир. Апрель ойи охирида у ерда собиқ денгиз пиёдаси Уилл Жозеф Кэнсел ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқалган.

Бундан ташқари, АҚШ расмийларига кўра, Украина ҳудудидаги жанговар ҳаракатлар чоғида камида уч нафар америкалик бедарак йўқолган. Улардан икки нафари — Александр Дрюке ва Энди Хьюн 15 июнь куни Харьков яқинидаги жангларда асир олинган. “Интерфакс” агентлиги америкаликлар Донецкдаги тергов ҳибсхонасида сақланаётгани ҳақида хабар қилган.

Кремль сўзчиси Дмитрий Песковга кўра, Москва америкаликларнинг “ДХР”да ўлим жазосига ҳукм қилинмаслигига кафолат беролмайди. Россия расмийлари АҚШнинг бу фуқаролари Украина Қуролли кучлари сафида бўлмаганини иддао қилишиб, уларга нисбатан ҳарбий асирлар тўғрисидаги Женева конвенцияси қўлланилмаслигини айтишмоқда.

Украинадаги ҳарбий жиноятларни текшириш учун АҚШда махсус гуруҳ ташкил этилмоқда

Бучада топилган оммавий қабрлардан бири
Бучада топилган оммавий қабрлардан бири

АҚШда Украинадаги ҳарбий жиноятларни тергов қилиш учун махсус гуруҳ тузилади. Бу ҳақда 21 июнь куни АҚШ адлия вазири ва бош прокурори Меррик Гарленд Киевга қилган сафари чоғида маълум қилди.

Махсус гуруҳга АҚШ Адлия вазирлиги ходими Эли Розенбаум бошчилик қилади, у Қўшма Штатларда “миллатчилар овчиси” ўлароқ танилган.

“Ҳарбий жиноятчиларнинг яшириниб оладиган жойи йўқ”, деган Гарленд “Россиянинг адолатсиз ва асоссиз хуружи”га дучор бўлган украиналикларга қўллов билдирар экан.

Махсус гуруҳ таркибига инсон ҳуқуқлари бузилиши ва ҳарбий жиноятларга оид ишларни тергов қилиш билан шуғулланган америкалик етакчи мутахассислар киритилади. Бундан ташқари, АҚШ Украинага коррупция ва пул ювишга қарши кураш бўйича эксперт йўллайди. Америкалик бошқа икки мутахассис эса Европа ва Яқин Шарқда иш олиб боришади. Улар маҳаллий расмийларга Россиянинг санкцияларни айланиб ўтиш уринишларига қарши курашда, шунингдек, санкция рўйхатига кирган россиялик олигархлар активларини қидириб, ҳибсга олишда ёрдам беришлари керак.

Украина бош прокурори Ирина Венедиктова бу ёрдамни “жуда муҳим” деб айтган. “Биз ўта кучли душманлар қаршисида эканимизни ҳаммамиз яхши тушунамиз”, деган Венедиктова.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG