Линклар

Шошилинч хабар
03 июл 2022, Тошкент вақти: 01:36

Малика Иброҳимова, актриса, Ўзбекистон Халқ артисти


Россия босқини: Гапириш фурсати

Россиянинг Украинага расман эълон қилинмаган уруши ҳозирнинг ўзида ўн минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди. Путин Украинага тажовузни уруш эмас, балки "махсус ҳарбий амалиёт" деб атаган ва рус матбуотида "уруш" сўзини расман тақиқлаган.

Ўзбекистон ҳукумати бу борада "нейтрал" позицияни эгаллаган; расмий баёнотларда фақат "Украинадаги вазият" ҳақида сўз боради.

Аммо СССР парчаланиши арафасида фаол фуқаролик позициясига эга бўлган, мустақиллик учун курашган ўзбек зиёлилари-чи? Улар Украинадаги уруш ҳақида қандай фикрда? Урушнинг Ўзбекистон ва минтақа учун оқибатлари қандай бўлади?

Озодлик ўзбек зиёлиларининг бу борадаги фикрларини сўради.

“Биз урушдан кейин туғилган авлод бўлсак ҳам иккинчи жаҳон урушидан қайтмаган одамларнинг фарзандларини яхши танийман, улар билан мактабда ўқиганман.

Болалигимдан мен тушларимда урушни кўриб чиқардим, қўрқиб кўрпани устимга ёпиб олардим. Бизларнинг авлодда урушнинг даҳшати, урушнинг қўрқуви кучлироқ бўлса керак деб ўйлайман. Онам 17 ёшларида ҳарбий госпиталда ишлаганлар. Онамни “солнышка” дейишган экан. Улар доим уруш даҳшатларини гапириб ўтирардилар.

Украинада уруш бошланди деган гапни эшитиб, қотиб қолдим. Ёмон даҳшатга тушдим. Қандай қилиб 21 асрда битта жойни бориб, портлатиб, танклар кириб, одамларни ўлдириши мумкин? Мана шуни тушинишга миям ишламай қолди. Ақлга сиғмайдиган воқеа деб ўйлайман буни. Бу ваҳшийликдан ҳам даҳшат.

Львовга бомбалар тушди деганда, мен йиғладим. Мен ўша ерларда юрганман, кўрганман, чиройли. Одамлари яхши. Киевнинг архитектураси бетакрор. Бундай гўзал жойларни қандай қилиб вайрона қилиш мумкин.

Куни-кеча «Илҳом» театрида спектакл ўйнаётган эдик, бирдан свет ўчиб қолди. Назаримда ўша пайт биз санъаткорларни ҳам, томошабинларни ҳам хаёли Украинага кетди. Биздаку ўн минутга ўчди, холос, лекин улар подвалларда светсиз ойлаб ўтирдику. Болларнинг қийналаётганини кўрсанг, эзилиб кетасан. Буларнинг эвазига нима олинади? Арзийдими шу бир гўдакнинг кўз ёшига? Рус халқининг ҳаммасини биз ёмон дея олмаймиз, лекин дунёда уларга нисбатан нафрат пайдо бўляпти.

Бир аёл, бир она сифатида тинчлик бўлсин, босқинчилар тўхтасин, тинчлик бўлсин, дейишга кучим етади, холос!"

XS
SM
MD
LG