Линклар

Шошилинч хабар
03 июл 2022, Тошкент вақти: 00:48

Карим Баҳриев, шоир ва журналист


Россия босқини: Гапириш фурсати

Россиянинг Украинага расман эълон қилинмаган уруши ҳозирнинг ўзида ўн минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди. Путин Украинага тажовузни уруш эмас, балки "махсус ҳарбий амалиёт" деб атаган ва рус матбуотида "уруш" сўзини расман тақиқлаган.

Ўзбекистон ҳукумати бу борада "нейтрал" позицияни эгаллаган; расмий баёнотларда фақат "Украинадаги вазият" ҳақида сўз боради.

Аммо СССР парчаланиши арафасида фаол фуқаролик позициясига эга бўлган, мустақиллик учун курашган ўзбек зиёлилари-чи? Улар Украинадаги уруш ҳақида қандай фикрда? Урушнинг Ўзбекистон ва минтақа учун оқибатлари қандай бўлади?

Озодлик ўзбек зиёлиларининг бу борадаги фикрларини сўради.

"Бир зиёли сифатида золимларга қаршиман ва мазлумлар томонидаман. Агар Украина Россияга бостириб кирганда, унинг халқини қирганда, Украинага ҳам қарши бўлардим. Бораётган жараённи тўлақонли уруш деб ҳисоблайман. “Ҳарбий операция” деб вертолётдан тушган тўрт-беш десантчининг маҳбусни озод қилиши каби бир неча соатллик ёки икки-уч кунлик операцияга айтилади.

Ўн минглаб, балким юз минглаб қуролли аскарлар билан БМТ аъзоси бўлган суверен бир давлатга бостириб кириш, минглаб инсонларни, бир неча юзлаб болаларни ўлдириш жиноят ҳамдир. Аслида масала музокараларда имкон қадар тез ҳал этилиши керак ва ҳал этилади, чунки беш йиллаб давом этган урушлар ҳам музокаралар ва шартномалар билан тугаган.

Баъзи нобакор аёллар эрига таъсир ўтказиш учун боласини уради ёки қабиҳ қайноналарнинг қизим, сенга айтаман, келиним сен эшит, деган гапи бор. Музокаралар оҳангига қарасак, бу аслида Россия ва АҚШ ҳамда Европанинг низосидир, чунки Украинанинг олдига қўйилаётган асосий талаб НАТОга аъзо бўлмаслик ва ўз худудида унинг ҳарбий базаларини жойлаштирмасликдир.

Россия қудратли бўлса, бевосита НАТОга айтсин, АҚШ билан, НАТО билан урушсин-чи?! Аслида дунё Молдовадан Днестрбўйи тортиб олинганда, Гуржистондан Абхазия ажратилганда, Украинадан Қрим босиб олинганда деярли жим ўтирди ва мана, ниҳоят, суверен Украинанинг ярми ямлаб борилмоқда. Украинада барча постсовет давлатларнинг тақдири ҳал бўлмоқда. Ё босқинчи ўз ўрнига қўйилади ва эгалланган худудлар қайтарилади ёхуд бошқаларнинг сираси ҳам келади.

Даъвога эътибор беринг: “Украинага қурол ва ёрдам бериш, операциянинг чўзилишига олиб боради”, - эмиш.

Яъни Украина заиф, қуролсиз бўлса, босиб оламиз ва таслим қиламиз, агар уни кучлантирсанглар, уруш чўзилади ва қурбонлар бадтар кўпаяди, дейилмоқда.

Бошқача айтганда, бир қудратли давлат бошқа қудратли давлатга яқинимдаги, манфаатларим доирасидаги кичик давлатга тегма, демоқда. Афғонистон ҳам, Сирия ҳам шу манфаатлар майдони бўлган ва бўлмоқда.

БМТ дунёни мавжуд чегараларда тан олиниши ва бошқа ҳеч кимнинг ҳеч кимга худуд даъвоси қонуний эмаслигини эътироф этиши лозим. Ким бунга қарши ҳаракат қилса, бутун дунё бирлашиб, тўхтатиши керак.

Даъволар ҳаммада бор, масалан, мен Ўзбекистонни Амир Темур давридаги чегарасида тиклаш тарафдори бўлишим мумкин. Нега эллик йил - юз йил олдинги салтанат тикланар экан-у, уч юз-беш юз йил олдинги салтанат тикланмаслиги керак. Меъёр қайда?!

Хато аслида СССР тугаганида БМТнинг Россияни ворис деб эътироф этишида бўлган. СССР таркибида бор барча давлатлар СССРнинг вориси эди ва БМТнинг Хавфсизлик Кенгашига аъзо қилиниши ҳамда вето ҳуқуқига эга бўлиши керак.

Халқаро ҳамжамият тинчлик учун реал замин яратиши лозим ва ҳеч бир худудда диктаторлик тузумлари мавжуд бўлишига, бир давлатнинг бошқасини тобе қилишига, шу билан бирга муайян давлатнинг ичидаги халқ ҳокимият эгаларига тобе бўлишига, қул қилинишига кўз юммаслиги, керак".

XS
SM
MD
LG