Линклар

Шошилинч хабар
03 июл 2022, Тошкент вақти: 00:37

Эркин Аъзам, ёзувчи


Россия босқини: Гапириш фурсати

Россиянинг Украинага расман эълон қилинмаган уруши ҳозирнинг ўзида ўн минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди. Путин Украинага тажовузни уруш эмас, балки "махсус ҳарбий амалиёт" деб атаган ва рус матбуотида "уруш" сўзини расман тақиқлаган.

Ўзбекистон ҳукумати бу борада "нейтрал" позицияни эгаллаган; расмий баёнотларда фақат "Украинадаги вазият" ҳақида сўз боради.

Аммо СССР парчаланиши арафасида фаол фуқаролик позициясига эга бўлган, мустақиллик учун курашган ўзбек зиёлилари-чи? Улар Украинадаги уруш ҳақида қандай фикрда? Урушнинг Ўзбекистон ва минтақа учун оқибатлари қандай бўлади?

Озодлик ўзбек зиёлиларининг бу борадаги фикрларини сўради.

“Бу саволга жавоб бериш учун катта файласуф ёки доно бўлиш шарт эмас. Бу босқинчилик. Содда халқ тилида айтганда ғирромлик, номардлик бу. Россия дунёга қанча буюк одамларни берган. Мана шунча гуманистик адабиёт бағрида туғилган Путин бугунга келиб ўзининг биродарига болта кўтариб борди, шармандачилик қилди, бутун дунёда обрўси тўкилди. Рус халқи эришган буюк маданиятни ҳам ер билан яксон қилди.

Миллатнинг обрўси, миллатнинг нуфузи, обрў-эътибори барибир ҳукумат тепасида турган одамларга боғлиқ экан. Биз ҳали Европадек халқ бошқарадиган даражага етганимиз йўқ, бу Шарқ. Россия Европада бўлгани билан барибир Шарқ эканда. Халқ ҳали ўрганмаган, тепадаги тўрт-бешта одамнинг раъйига қараб масса - авомга айланиб қолади экан.

Мен ҳозир кузатиб боряпман, пропаганданинг нақадар хавфли куч эканлигини кўриб боряпман. Масалан, бизнинг Ўзбекистонда, теварак атрофимизда ҳам, давраларда ўтирганда ҳам “сен қайси тарафда” деб сўрасангиз Россияни қўллаб чиқадиганлар бор. Чунки бу пропаганда мияларга қўрғошиндек қуюлиб қолган, қонга аралашиб кетган.

Биз кўпинча ҳукуматимиз раҳбарларидан хафа бўламизки, нега ўзининг муносабатини дадил айтмайди, деб. Энди уларнинг ўзини ҳисоб-китоби борда. Катта давлатлар билан ўзаро муносабатларни раҳбарлар ўзлари билади. Биз креслода ўтириб олиб ҳар хил гапларни гапирамиз, лекин зиёли, номусли, виждонли одам, ўзининг миллатини қадрлайдиган одам ўзга миллатнинг қисмати ҳақида ҳам қайғуриши керак.

Зиёли ўзининг гапини айтавериши керак. Бу душманлик эмас, ҳукуматнинг тепасидаги одамлар ўзининг ишини қиляпти. Улар ҳам биз билмайдиган нарсаларни билса керак. Лекин зиёли унга қарамасдан жаҳонда бўлаётган воқеаларга ўзининг ҳалол, ўзининг мустақил фикрини айтавериши керак.

Шарқона зўравонлик бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган. Юқорида ўтирган салгина амалдор одамга албатта қуллуқ қилишимиз керак. Албатта унинг гапини икки қилмасдан, бўйсунишимиз керак. Лекин қонун нима учун керак бўлмаса. Албатта, ҳаммаси қонун ва Конституция бўйича бўлиши керак. Зиёли ҳар қандай ҳолатда ўз гапини айтиши шарт.

Россиянинг Украинага босқинининг биринчи кунидан бошлаб мен бунга қаршиман. Мен буни қотиллик деб биламан, буни босқинчилик деб биламан! Бошқа гап бўлиши мумкин эмас!"

XS
SM
MD
LG