Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:19

Жаҳонгир Муҳаммад, ёзувчи ва журналист


Россия босқини: Гапириш фурсати

Россиянинг Украинага расман эълон қилинмаган уруши ҳозирнинг ўзида ўн минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди. Путин Украинага тажовузни уруш эмас, балки "махсус ҳарбий амалиёт" деб атаган ва рус матбуотида "уруш" сўзини расман тақиқлаган.

Ўзбекистон ҳукумати бу борада "нейтрал" позицияни эгаллаган; расмий баёнотларда фақат "Украинадаги вазият" ҳақида сўз боради.

Аммо СССР парчаланиши арафасида фаол фуқаролик позициясига эга бўлган, мустақиллик учун курашган ўзбек зиёлилари-чи? Улар Украинадаги уруш ҳақида қандай фикрда? Урушнинг Ўзбекистон ва минтақа учун оқибатлари қандай бўлади?

Озодлик ўзбек зиёлиларининг бу борадаги фикрларини сўради.

"Ҳар қандай уруш офатдир. Бу офат оналарни қон йиғлатса, фарзандларнинг умрига зомин бўлади. Бу офат маданиятга ўт қўйса, турмуш тарзининг илдизига болта уради. Инсон қадрини ер билан яксон этади.

Уруш ҳар икки томонни ҳам аямайди. Мазлум томон энг кўп азият чекади. Уни бошлаган ҳам улушини олади. Буни Россиянинг Украинага босқини мисолида ҳам кўрдик.

Мамлакатларни бошқаришда яхши фитратлар билан бирга разолатли иллатлар ҳам мавжуд. Шундай иллатлардан бири ҳокимият тепасида узоқ қолиш ва чексиз кучим бор деган касалликка грифтор бўлишдир. Россия президенти бу иллат ўзида етилганини исботлади. Унинг учун инсоннинг қадри қолмади, у фақат ўлим хабарлари, даҳшатлар, қон қўлларидан лаззатланадиган кимсага айланди. Унинг учун бугун мағлуб бўлиш бутун дунёнинг кулини кўкка совуриш билан тенг тушунчага айланиб бораётир.

Шунинг учун ҳам Укараинадан чекинмаяпти. Урушнинг номини амалиёт қўйиб олиб, миллионларнинг тақдирини ўзгартириб юборди. Бутун дунё бир бўлиб уни тўхтатиш керак. Акс тақдирда унинг сиёсати дунёнинг келажагини ҳам таҳлика остига тиқади.

Бу Ўзбекистон учун ҳам таҳликалидир. Ўзбекистон ана шундай таҳликага қарши тура олиши учун турк дунёси билан яқинлашувни давом эттириши ва Туркий давлатлар ташкилотида ўз мавқеини янада юкслатириши, байроқдорлик қилиши лозим. Бунинг вақти келиб етган ва ўтиб кетмоқда ҳам.

Бизнинг келажагимиз Россия билангина эмас, турк дунёси билан бўлиши керак. Ўшанда хавотирларнинг кўлами камаяди.

Россиянинг бугунги сиёсатидан хавотирдаман, уни қоралайман ва бунинг бошида турган Путинни ўз халқига ва ўз қардошига жаллодлик қилаётган золим деб ҳисоблайман!"

XS
SM
MD
LG