Линклар

Шошилинч хабар
03 июл 2022, Тошкент вақти: 01:48

Аъзам Обидов, шоир ва таржимон


Россия босқини: Гапириш фурсати

Россиянинг Украинага расман эълон қилинмаган уруши ҳозирнинг ўзида ўн минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди. Путин Украинага тажовузни уруш эмас, балки "махсус ҳарбий амалиёт" деб атаган ва рус матбуотида "уруш" сўзини расман тақиқлаган.

Ўзбекистон ҳукумати бу борада "нейтрал" позицияни эгаллаган; расмий баёнотларда фақат "Украинадаги вазият" ҳақида сўз боради.

Аммо СССР парчаланиши арафасида фаол фуқаролик позициясига эга бўлган, мустақиллик учун курашган ўзбек зиёлилари-чи? Улар Украинадаги уруш ҳақида қандай фикрда? Урушнинг Ўзбекистон ва минтақа учун оқибатлари қандай бўлади?

Озодлик ўзбек зиёлиларининг бу борадаги фикрларини сўради.

"Мен урушда асосан Путин ва унинг атрофидагиларни айблайман ва «Урушингни тўхтат, Путин!» деб ҳайқираман.

Жабрдийда Украина халқи билан биргаман, беҳуда ҳалок бўлаётганлар юрагимни яраламоқда.

Миллионлаб киши қўшни вилоят ва давлатларга кўчишга мажбур этилган, гўдаклар, ёши улуғлар ва аёллар аёвсиз ўлдирилаётган, бинолар, маданий мерос объектлари йўқ қилинаётган бундай босқинчилик ва қирғинни асло оқламайман.

Айни пайтда Ўзбекистон ўзининг Украинадаги ўзаро биродарлашган шаҳарлари учун ҳеч бўлмаса инсонпарварлик ёрдами юбориши инсофдан бўлади, деб ўйлайман.

Масалан, Наманган Хмельницкий билан, Самарқанд Львов билан, Тошкент Днепр ва Киев билан биродарлашган шаҳар саналади.

Ижодкор сифатида ЮНЕСКО адабиёт шаҳарлари рўйхатига киритилган Одесса ва Львов шаҳарларида уруш туфайли адабий, ижодий тадбирларнинг тўхтаб қолгани юрагимни ўртайди.

Укрина ёзувчи ва шоирлари, рассом ва маданият ходимлари учун Ўзбекистонда бир ижодий резиденция қилишни режалаштирмоқдаман.

Одамлар у ерда нималар бўлаётганини гувоҳлардан эшитиши ва тегишли хулосалар қилмоғи лозим".

XS
SM
MD
LG