Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:57

Юсуф Рўзимурод, журналист, мухолифат фаоли


Россия босқини: Гапириш фурсати

Россиянинг Украинага расман эълон қилинмаган уруши ҳозирнинг ўзида ўн минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди. Путин Украинага тажовузни уруш эмас, балки "махсус ҳарбий амалиёт" деб атаган ва рус матбуотида "уруш" сўзини расман тақиқлаган.

Ўзбекистон ҳукумати бу борада "нейтрал" позицияни эгаллаган; расмий баёнотларда фақат "Украинадаги вазият" ҳақида сўз боради.

Аммо СССР парчаланиши арафасида фаол фуқаролик позициясига эга бўлган, мустақиллик учун курашган ўзбек зиёлилари-чи? Улар Украинадаги уруш ҳақида қандай фикрда? Урушнинг Ўзбекистон ва минтақа учун оқибатлари қандай бўлади?

Озодлик ўзбек зиёлиларининг бу борадаги фикрларини сўради.

"Россия қуролли кучлари ишғол қилган шаҳарлар ва қишлоқларининг аҳолисини асосан, рус миллати ва рус тилида сўзлашувчи халқлар ташкил қилишига қарамасдан, маҳаллий халқ орасида шавқатсизлик билан махсус қирғин уюштирганликларини инобатга оладиган бўлсак, Путин Уктраинадаги рус миллатига ғамхўрлик қилишни эмас, аксинча, Украинани тўла босиб олиб, Россия тасарруфига киритишдек гео-стратегик мақсадни ўз олдига қўйганлиги аён бўлади.

Демилитаризацияга келадиган бўлсак, Украина НАТОга аъзо эмас ва бу яқин ўн, йигирма йилларда бўла олмас эди ҳам, чунки, НАТО низомига кўра, ҳудудий даъво мавжуд бўлган давлат бу алянсга қабул қилинмайди. Украинанинг РФ билан Қрим ва Донбасс масалаларидаги можаролари бунга тўсқинлик қилар эди.

Украинанинг НАТО га ва ЕИга киришга интилишига эса, Россиянинг Украинага нисбатан сўнгги 8 йил давомида олиб борган агрессив сиёсати туфайли юзага келган хавфсизлик чораси эди.

2014 йилда Қримни аннексия қилиб, унинг ортидан Донецк ва Луганск вилоятларида келтириб чиқарган сепаратчи ҳаракатлар Украинанинг ҳақли равишда ғарбга интилишини фаоллаштирди.

Қримнинг мақомини белгилаш тўғрисида бўлиб ўтган ререферендум ҳам ҳуқуқий ва халқаро нормаларга зид равишда ўтказилди. Ҳуқуқий жиҳати шуки, 2014 йил март ойида Украинада бўлиб ўтган оммавий норозиликлар натижасида Президент Янукович мамлакатдан қочиб кетган, Украина халқи ҳали ўзининг янги президентини сайлаб улгурмаган ҳолатда мамлакатнинг бирор ҳудудида референдум ўтказиш конституцияга мутлақо зид эди. Бу Қрим референдумининг ҳуқуқий жиҳатдан номутаносиблигидан далолат беради.
Референдум ташкилий жиҳатдан ҳам танлов тамойилидан маҳрум эди, чунки референдум бюллетенида фақатгина битта савол, "Сиз Қримнинг РФ таркибида бўлишини истайсизми?", деган муқобилсиз савол остида ўтказилганлиги тадбирнинг олдиндан сохталаштиришга мўлжалланганлигидан далолат беради.

Россиянинг 2022 йил 24 феврал куни Украинага нисбатан бошлаган ҳарбий уруши қасддан, ҳеч қандай жиддий сабабсиз, ғаразли мақсадда амалга оширилган ҳарбий босқинчилик уруши бўлиб, бу Россиянинг СССР давридаги ҳукмронлик мавқеини қайта тиклаш Путин режимининг асосий геостратегияси эканлигидан далолат беради.

Собиқ совет иттифоқидан ажралиб чиққан МО ва Кавказорти давлатлари ва Молдова халқларида, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам халқ Россиянинг Украинага қилаётган бу босқинчилик урушига муносабат билдиришда иккига бўлинишди.

Бу афсуски, Ўзбекистонда айниқса сезиларли кўзга ташланмоқда. Ўзбекистондаги зиёли, ҳурфикр қатламнинг кўпчилиги бу урушга холис баҳо бериш билан, Россиянинг ноҳақлигини эътироф этиб, Украина халқига ҳамдардлик билдириб, Украина устидан муваффақият қозонса, Путин Қозоғистон ва МО давлатларига ҳам ҳарбий юришларни амалга оширишидан огоҳлантириб келишмоқда.

Лекин афсуски, Россияни, хусусан Путинни олқишлаб гапираётган русияпараст қатлам ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Улар Россиянинг расмий тарғиботчилари томонидан тарқатилаётган ёлғон ва бирёқлама кўпиртирилган маълумотларга алданганлар.

Россияда моддий манфаатлари мавжуд бўлганлар билан бир қаторда, Ўзбекистонда ҳукм сураётган адоласиз ижтимоий сиёсатдан жабрланиб, мол-мулкидан маҳрум бўлган қатлам ҳам бор. Улар маҳаллий амалдорлардан адолат кутавериб тоқати-тоқ бўлган, охири умидини узиб, ташқаридан бирор давлат босиб олиб, уларга нисбатан қисман бўлса-да, ижтимоий адолат, ижтимоий тенглик ўрнатилишига умид боғлаган тоифадир. Афсуски, бу тоифанинг пайдо бўлишига объектив омилларни инобатга олмай иложимиз йўқ. Негаки, халқ Ватанни, унинг мустақиллигини севиши, уни ёқлаб гапириши учун ўзини озод, мустақил ва эркин ҳис қилиши керак.

Танқидий фикри учун таъқиб қилинаётган, соқолини олишга ва рўмолини ечишга мажбур қилинаётган, уйлари бузилиб, ерлари ноқонуний тортиб олинаётган халқни озод дейиш мумкинми? Ўз юртида озод бўлмаган инсонлар қандай қилиб бошқа халқнинг озодлигини тўғри тасаввур қилиб, унга холис баҳо бериши мумкин?

Путин Россияси олиб бораётган агрессив сиёсат нақадар ғаразли ва дунё тамаддуни учун ўта таҳликали эканлигидан далолат берса, унга кўр-корона хайриҳоҳлик билдираётган халқлар орасида маҳаллий раҳбарлар юргизаётган адоласиз сиёсат қурбонлари ҳам борлиги эътиборга лойиқдир".

XS
SM
MD
LG