Линклар

Шошилинч хабар
01 декабр 2022, Тошкент вақти: 02:15

Саид Янишев, журналист


"Мен турли постлар тагида бир неча марта изоҳ ёзган эдим, аммо фойдаси бўлгани йўқ – ўзбекистонлик путинпарастлар суварак мисоли барча тирқишлардан ўрмалаб чиқиб, Украина гўё “саккиз йил Донбасс болалари бошига бомба ёғдирган”и ҳақидаги эски ўлан-қўшиқни айтишда давом этмоқда. Фикримни алоҳида тушунтирмасам бўлмайди, чамаси.

Россия босқини: Гапириш фурсати

Россиянинг Украинага расман эълон қилинмаган уруши ҳозирнинг ўзида ўн минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди. Путин Украинага тажовузни уруш эмас, балки "махсус ҳарбий амалиёт" деб атаган ва рус матбуотида "уруш" сўзини расман тақиқлаган.

Ўзбекистон ҳукумати бу борада "нейтрал" позицияни эгаллаган; расмий баёнотларда фақат "Украинадаги вазият" ҳақида сўз боради.

Аммо СССР парчаланиши арафасида фаол фуқаролик позициясига эга бўлган, мустақиллик учун курашган ўзбек зиёлилари-чи? Улар Украинадаги уруш ҳақида қандай фикрда? Урушнинг Ўзбекистон ва минтақа учун оқибатлари қандай бўлади?

Озодлик ўзбек зиёлиларининг бу борадаги фикрларини сўради.

Донбасс шу 8 йил мобайнида айнан Украина тарафидан ўққа тутилган, деган гапни қаёқдан олдингиз? Ҳа, артиллерия зарбалари бўлганини ва ҳатто болалар ўлганини ҳеч ким инкор этмаяпти, лекин нега улар Украина тарафидан берилган, дейсиз?

Бу маълумотни қаердан олгансиз? “Мен телевизор кўрмайман” дея инкор этишга уринишингизни биламан, аммо тан олинг – менга эмас, ақалли ўз виждонингиз олдида, – айнан Россия телевидениеси дастурларидан, ўша Соловьёв, Киселёв, Толстой ва шунга ўхшаганлардан эшитгансиз.

Яъни, улар нимаики десалар, сиз исбот-далили бўлмаса ҳам лаққа тушасиз. Яхши. Унда, шунчаки бунинг тескарисини – бу ракеталар бари Россия Федерацияси томондан учиб келганини тахмин қилиб кўринг. Оддий мисол: Малайзия Бонги. Россия ҳукумати бу учоқни уриб туширган (ва салкам 300 кишининг ўлимига сабаб бўлган) ракета айнан РФ тарафидан учирилганини аввалбошдаёқ инкор этганди, ҳануз инкор этиб келмоқда.

Ҳолбуки, энг юқори халқаро даражада тергов ўтказилиб, РФ Қуролли кучларининг айби тасдиқланган. Ёки сиз бу тергов натижаларидан бехабар қолганмисиз? Ахир, ушбу террористик ҳужум Украина Қуролли кучларини айбдор қилиш учун қасддан амалга оширилган.

Ана энди Донбасс ҳам айни ғараз билан Россия томонидан ўққа тутилган, деб шунчаки фараз қилиб кўринг. Бўлмаяптими? Албатта, ахир сиз аллақачон манқурт бўлиб қолгансиз, бу эса бир касаллик каби – жуда унчалик бедаво касал эмас-ку, аммо муолажа қилиб бўлган тақдирда ҳам энди жарроҳликсиз иш битмайди.

Путинпарастларнинг яна бир “кузир” қартаси – Одессада ёқиб юборилган Касаба уюшмалар уйи, унга гўё украин миллатчилари ўт қўйган, деб иддао қилишади. Тағин ўша савол: буни қаердан биласиз? Бу маълумот ҳам Россия ТВ-каналлариданми? Юртдошларим, Одессада охирги марта қачон бўлгансиз?

Умуман, бирон марта борганмисиз ўзи? Мен сўнгги бор пандемиядан олдинроқ борувдим, Одесса менинг севимли шаҳрим, деярли ҳар йили уни зиёрат қиламан (хоҳласангиз, аккаунтимдан “фототўпламлар” бўлимига кириб, ишонч ҳосил қилишингиз мумкин). Ўша қайғули воқеа юз берган йили ҳам борганман Одессага, Касаба уюшмалар уйи ҳақида ўнлаб таниш одессаликлардан сўраб-суриштирганман. Ҳатто нотаниш одамлар – Археология музейи илмий ходимларидан ҳам. Уларнинг барчаси ушбу провокацияни бошлаган бузғунчилар аллақачон Россиядан бошпана топганини сўзлаб беришди.

Мени “пулга ёлланган жосус” деб кўп таъна қилишади, аммо ишонинг, мен Россияни севаман – унинг мўъжизавий табиатини, гўзал шаҳарларини, россиялик кўпдан кўп танишларимни севаман, бироқ Путин ва унинг нияти бузуқ аъёнларини – асло. Яъни, мен Путин билан Россияни айри-айри кўраман.

Хўш, нега сиз ўзингиз шундай қилмайсиз-да, мени русофобликда айблайсиз?

Тарих сизга ҳеч нимани ўргатмадими? Довлатов ёзганидек, Совет Иттифоқи билан унинг Сталин бошлиқ халқи ажойиб эди албатта, лекин 4 миллионта чақувнома қаёқдан пайдо бўлди? Ишончингиз комил бўлсин, вақти-соати етиб

Путин режими қулайди ва бу маслагингиз учун ўзингиздан уяласиз ҳали. Умуман, сиз ўшанда ҳам Гориннинг киноқиссаси қаҳрамони каби “Биз ўз хатоларимизда самимий эдик”, дея ўзингизни оқлайсизми, деб қўрқаман".

XS
SM
MD
LG