Линклар

Шошилинч хабар
06 июл 2022, Тошкент вақти: 05:24

"Ҳаддан ортиқ чора". Наргиз Зокирова Россиядан 50 йилга бадарға қилинганидан норози - адвокат


Наргиз Зокирова, 25 май, 2022, Тошкент (Facebook)

Таниқли рок ва поп-рок хонандаси Наргиз Зокированинг Россияга кириши 50 йилга тақиқланди.

Адвокати Баҳром Исмоиловга кўра, Наргиз Россия томонининг бу қароридан норози ва ҳозир, бу қарор устидан судга мурожаат қилиш-қилмаслик ҳақида "ўйламоқда".

Хонандага нисбатан, Россияга кириш-чиқиш тартибига оид 114-федерал қонуннинг яқинда ўзгартирилган 27-моддаси, 1-қисми қўлланган.

Бу моддага шу йил 4 март куни киритилган ўзгартиришга мувофиқ, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг бузилишига алоқадор кўрилган хориж фуқаролари “исталмаган шахс” ўлароқ мамлакатга киритилмаслиги мумкин.


50 йиллик бадарға

Адвокати Баҳром Исмоиловга кўра, Россия томонини Россияга кириш-чиқиш тартибига оид 114-федерал қонуннинг яқинда ўзгартирилган 27-моддаси, 1-қисмини қўллаган ҳолда Наргизни мамлакатга киритишмаган.

Россия федерал қонунига шу йилнинг март ойида киритилган қўшимча, Кремл таъбири билан айтганда, Украинадаги “махсус амалиёт”ни қоралаган чет эл фуқароларига нисбатан қўлланаётгани кузатилмоқда.

Исмоиловнинг изоҳлашича, Наргиз ҳам айнан Украинадаги вазиятга оид танқидий чиқишлари боис, Россияга киритилмаган бўлиши мумкин.

"Бундай чоралар Наргиз фикри бўйича, яъни бизнинг фикримиз бўйича, рус тилида "чрезмерний" (ҳаддан ошган - таҳр.) дейилади. Бунақа қонунбузарликка йўл қўймаганлар, Россиянинг қонунларини ҳеч қандай бузмаганлар, қарши гап ҳам ёзмаганлар. Ўз фикрини билдирганлар. Наргиз Зокирова ашулачи, ҳарбий ёки бошқа сиёсий саволларни унча тушунмайди, тушунишга интилмаганлар ҳеч қачон. Телевизорда оддий одамлар қийин вақтдан ўтаётгани, давлатлар орасида бундай саволлар ва урушлар бўлаётгани туфайли бу постларни ёзганлар. Шунинг учун бу қарордан норозилар, судга беришни ҳали ҳал қилмаганлар, буни ўйлаяптилар ҳали", деди Баҳром Исмоилов Озодликка жавобан.

Хэштеглар воситасидаги чақириқ

Шу вақтгача хонанда Наргиз Зокированинг, саҳна, оммавий ахборот воситалари ёки тармоқларда Россиянинг Украинага тажовузини очиқча ва аниқ қоралагани Озодликка маълум эмас.

Аммо, Наргиз шу йил март ойидан буён, ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Украинадаги урушни қораловчи хэштегларни улашиб келмоқда.

Қўшиқчи, жумладан, #Stopthewar, #SupportUkraine, #istandwithukraine, #nowar, #worldstandforukraine, #saveukraine хэштеглари билан Россия босқинини қораловчи ҳамда Украинани қўлловчи постлар ва видеороликларни ҳам улашган.


Зокирова Украинадаги миллий саналардан бири - ҳар йили май ойининг 3-пайшанбасида нишонланадиган Вишиванка - Кашта кунида, Украинадаги уруш қораланган видеороликни улашди.

Шу йилнинг 18 апрелида, Тошкентдан туриб Facebook саҳифасига айни хэштеглар билан жойлаган видеосида Наргиз, 1966 йилда бўлган зилзилани хотирлади.

“Дарвоқе, ўшанда украиналик ва россиялик қурувчилар бу шаҳарни қайта тиклаш учун елкама-елка туриб, ишлашган”, деб таъкидлади хонанда, шу йилнинг 18 апрелидаги постида.

Шунингдек, у жорий йилнинг 3 мартида, Фейсбукдаги постида ўзининг шахсий кечинмаларини бундай ифодалаган:

“Инсон ақлининг чириб-ириб бораётгани, шу боис даҳшатли қилмишларни содир этаётганини кўриш мени ваҳимага солмоқда. Бу жуда оғриқли! Бу вазиятда ўзимни мутлақо ночор ҳис қилаётганим ҳам, менга чидаб бўлмас азоб бермоқда… Ишончим комил ва таъкидлашга мутлақо етарли асосларим борки, бу Коинотда инсондан кўра хавфли ва даҳшатлироқ мавжудот йўқ. Шу билан, тамом. Мен ҳукм чиқариш ва бизни, ҳаммамизни тубсиз жарликка қулашдан тўхтатиб қолишга қодир эмасман”.

Шу тариқа, постсовет ўлкаларида танилган, ҳозирча Марказий осиёлик ягона аёл поп-рок ижрочиси Наргиз, ижтимоий тармоқларда #Stopthewar, #SupportUkraine хэштегларини улашгани ортидан, Россияда исталмаган шахсга айланди.

Изоҳсиз сукунат

Хонанданинг ўзи Россияга киритилмагани ҳақида бирор изоҳ бергани йўқ.

Фейсбук саҳифасида 25 май куни Тошкентдан қолдирган сўнгги постига Ўзбекистон, Тошкент, деган хэштегларни ёзди, аммо бу гал Украинани қўлловчи хэштегларни илова қилмади.

Озодлик, Наргиз Зокированинг Тошкентдаги яқинларига боғланди ва саволларини хонандага етказди, ҳозир жавоб кутмоқда.

Фронтнинг икки тарафидагилар

Айни пайтда, Наргизнинг Россияга киритилмагани рус Интернет матбуотида шов-шув бўлмоқда.

Ҳозир Россияда Украинадаги воқеъликни Кремл райига мослаб “махсус амалиёт” деб атаётган ёки “уруш” деб қоралаётганлар икки лагерга бўлиниб қолди.

Айни пайтда, урушни қораловчилар сони, Россияда шитоб билан озаймоқда. Шу боис, Россияда туриб Наргизнинг вазиятини кузатаётган ҳамкасблари орасида, уни мамлакатга киритмаслик қарорини қўлловчилар оз эмас.

“Наргиз билан содир бўлаётган воқеага муносабатим шуки, ва ниҳоят Россия уйқудан уйғонди, хиёнатчиларни мамлакатга киргизмаяпти. Буни аввалдан, аллақачон қилиш керак эди. Чунки, биласизми, буюк давлатимиз, улкан мамлакатимиз ҳақида шунақа бўлмағур фикрларни айта олмаслиги учун. Мен қарсак чаламан ва ҳукуматимизга офарин, дейман. Мамлакатимиз ҳақида паст ва худбинларча фикр билдирган ҳамма шу кунга тушсин!” деди россиялик хонанда ва продюсер Милена Дейнега.

Аммо, Наргизнинг фуқаролик позициясини ҳурмат қилган ва унинг Россияга киритилмаслиги ва умуман, Россиянинг Украинага босқинини кескин қоралаётган ижодкорлар ҳам бор.

“Ҳаракатланиш, фикр айтиш ва эркин фикрлашни чекловчи ҳар қандай тақиққа қаршиман. Худо эркин фикрлаш, гапириш ва ҳаракатланиш ҳаққини берган. Бу эркинликни тақиқлашга ҳеч ким, ҳеч бир давлат амалдори ёки президентнинг ҳаққи йўқ. Шу боис, Наргиз ва афсуски яна бошқа кўпчилик билан содир бўлган бу воқеа, Худо берган элементар эркинлик ва принциплар, инсон ҳуқуқлари нормаларини бузади. Буни бажараётганлар, гарчи давлат лавозимида бўлсада, ўз давлати ҳамда халқлар дўстлигига қарши қўпорувчилик қилишяпти”, деди опера қўшиқчиси Вазген Оганесян.

"Кремл ўзбек тармоқларини кузатмоқда"

Озодлик мурожаат қилган ўзбекистонлик ижодкорларнинг кўпчилиги, Наргизнинг вазияти ҳақида гапиришдан тийилди. Ҳатто, Зокировлар сулоласининг айрим таниқли вакиллари ҳам ҳозирча бу “масалада изоҳ беролмаслигини” айтди.

Ўзбекистонлик таниқли кинорежиссёрлардан бири, Москвадаги элита ва шоубизнес билан ҳамкорлик қилаётган ижодкорларнинг матбуот ёки тармоқлардаги чиқиши Кремлда қаттиқ мониторинг қилинаётганидан хабари борлигини айтди.

“Ҳозир фақат Россияда эмас, Ўзбекистондаги чиқишларни ҳам Москвада қаттиқ назорат қилишяпти. Ўзбекистондаги кўпчилик режиссер, продюсер ёки санъаткорларнинг Россияда ҳамкорликдаги ижодий лойиҳалари, бизнеси бор. Тармоқдаги чиқишини исталган шаклда талқин қилиб, Россияга киргизмай қўйишлари мумкин. Ҳамма шундан хавотирда. Шунинг учун, Украина ёки Наргиз масаласида умуман оғиз очиш хавфли ҳозир”, деди исмини сир сақлаган тошкентлик кинорежиссёр.

Зокировлар сулоласи вакили

Россияда исталмаган шахсга айланган хонанда Наргиз сўнгги йилларда Москвада ижод қилаётган ва каттагина аудитория эътиборини қозонган санъаткордир.

Марказий Осиё ва умуман постсовет ҳудудидаги ягона аёл поп-рок ижрочиси сифатида танилган 51 яшар Наргиз - собиқ совет иттифоқида танилган ўзбекистонлик опера ижрочиси Карим Зокировнинг набираси, машҳур “Зокировлар сулоласи”нинг вакилидир.


Онаси - 1960-80 йилларнинг афсонавий хонандаси бўлган акаси - Ботир Зокиров билан куйлаган эстрада хонандаси Луиза Зокирова. Отаси эса - Ботир Зокиров ансамблида ижрочи бўлган Пўлат Мордухаевдир.


Наргиз Зокирова ижросидаги илк қўшиқ, оммабоп “Водиллик келин” филмининг шлягерга айланган “Унутма мени” қўшиғи - Наргиз бу қўшиқни 15 ёшида ижро этган.

Оиласи 1995 йилларда АҚШга кўчиб кетгани боис, Наргиз аввалига Нью-Йоркда қўшиқ куйлаган ва ҳатто, оммабоп The X-Factor телетанловида қатнашгани айтилади.

2013 йилда эса Россиянинг “Голос” танловида иккинчи ўринни олган ва россиялик томошабинлар эътиборини бирдан забт этган. Шу кунга қадар шуҳрати сўнмаган хонандадир.

Украина учун хавфли шахс

Россияда у аввалига продюсер ва композитор Максим Фадеев билан бирга ижод қилди. 2014-2016 йилларда у, Фадеев билан ҳамкорликда, кетма-кет шуҳрат қозонган қатор қўшиқларни ижро этди.

Аммо, 2019 йилга келиб, икки ижодкор ўртасида ҳамкорлик тўхтади, Максим Фадеев Наргиз билан ҳамкорликни узди. Шундан сўнг, Наргизни Москвадаги йирик тадбирлардан четлатиш, концертларини бекор қилиш бошланди.

Аммо, хонанданинг фуқаролик позицияси Россияда ижод қилишни бошлаганидан бери баҳсларга сабаб бўлиб келмоқда.

2019 йилда унинг Украинага кириши ҳам тақиқланган. Ўшанда Украина Маданият вазирлиги, Максим Фадеев ва унинг ижодий гуруҳини мамлакат хавфсизлигига таҳдид қилувчи шахслар рўйхатига киритганди.

Вазирлик тақиқ сабабини аниқ ифода қилмаган, аммо ўша йили ёзда бу ижодкор жуфтлик, Россия аннексия қилиб олган Қримда қўшиқ учун олинган клипни эълон қилган эди.

Ўша йилларда Наргиз, Кремлдаги концертларда иштирок этгани, Россия аннексия қилиб олган Қримда концерт бергани, Чеченистоннинг зиддиятли раҳбари Рамзан Қодиров билан тушган суратлари ортидан, президент Путин сиёсати ва Қрим аннексиясини қўллаган хонанда сифатида жамоатчилик томонидан ҳам танқид қилинган.

Бундан ташқари, Наргиз Россия ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова ёзган “Верните память” шеърини қўшиқ қилиб куйлаган. Бу қўшиқ Россиянинг 2015 йилда Сурияда ўтказган ҳарбий амалиёти пайтида ўлган рус ҳарбийлари хотирасига бағишланган.

Наргиз бу қўшиқни Москвада ўтган 39-халқаро кинофестивальда ижро этган.

“Унинг назарида бу қўшиқ ҳақиқатан жуда муҳим, принципиал ва айни пайтда, қалбдан чиққан туйғулар ҳақида. Шунинг учун, мен ундан беҳад миннатдорман”, деган эди Мария Захарова, Россия ТИВ матбуот котиби.

Гарчи Наргиз Зокированинг Россияга кириши тақиқланган бўлса-да, шу кунда у ижро этган бу қўшиқ Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиётини олқишлашга бағишланган тадбирларда янграмоқда.

Бу ҳақда Наргизнинг ўзи тармоқларда киноя билан хабар қолдирди.


Ўзбекистондаги режалар

Аммо, Украина уруши ҳақида ҳозир очиқ гапирмагани каби, ўша кезларда ҳам унинг Қрим аннексиясини қўлловчи конкрет чиқишлари кузатилмаган.

Ҳозир Тошкентда қолаётган Наргиз Зокирова билан муқаддам ҳамкорликда ишлаган ўзбекистонлик ҳамкасбларига кўра, хонанда бир неча ой муқаддам Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари аудиторияси эътиборини қозонишни кўзлаб, Тошкентга борган.

"Шу йилнинг апрелида Тошкентга келган. Концерт ва турлар режалаётган эди. Лекин, Ўзбекистондаги элитаям, томошабинларам рок-мусиқасидан узоқ, айниқса Наргиздай ёрқин ажралиб турадиган юлдузни кенг омма қабул қилишга тайёрмикин, билолмадим. Шунинг учун, Ўзбекистонда унга иш кўп ҳали", дейди шоубизнес вакиллари ҳаётини ёритиб бораётган ва исмини сир сақлашни истаган ўзбекистонлик журналист.

26 май куни Фейсбук саҳифасида қолдирган видеосида Наргиз, маҳаллий киноактер ва видеоблогер, сўнгги пайтларда таниқли ижодкорлар билан интервьюлар қилаётган Отабек Маҳкамов билан суҳбатидан бир парчани улашди. Бу эса хонанда ўз юртида узоқ муддатли режалар қураётгани ҳақидаги хабарларни бир қадар қувватлайди.

XS
SM
MD
LG