Линклар

Шошилинч хабар
05 март 2024, Тошкент вақти: 05:31

Конституция: Гапириш фурсати

📌Озодлик ўзбек зиёлиларининг конституция янгиланиши борасидаги фикрларини сўради.

30 йил ичида 15 марта ўзгарган Ўзбекистон бош қомуси яна ўзгарадиган бўлди. Кутилаётган ўзгаришлар ҳақида илк бор ўтган йил октябрида иккинчи муддат, конституция бўйича охирги муддатга сайланган Шавкат Мирзиёевнинг ўзи гапирганди.

Конституцияни бот-бот ўзгартириш авторитар режимларга хос кўриниш. Хусусан, Марказий Осиё учун бу янгилик эмас.

Ўзбекистон конституцияси 1992 йилнинг 8 декабрида қабул қилинган. Ислом Каримовнинг 23 йиллик ҳукмронлиги даврида бош қомус 7 марта ўзгартирилган бўлса, Шавкат Мирзиёев асосий қонунни янгилашда устозини чангда қолдириб кетди: 6 йил ичида бош қомусни тўққизинчи марта ўзгартириш ҳаракатлари кетмоқда.

Конституциянинг ўзгариш тарихи:

Ислом Каримов даврида

1. 1993 йил 28 декабрь
2. 2003 йил 24 апрель
3. 2007 йил 11 апрель
4. 2008 йил 25 декабрь
5. 2011 йил 18 апрель
6. 2011 йил 12 декабрь
7. 2014 йил 16 апрель

Шавкат Мирзиёев даврида

8. 2017 йил 6 апрель
9. 2017 йил 31 май
10. 2017 йил 29 август
11. 2018 йил 15 октябрь
12. 2019 йил 18 февраль
13. 2019 йил 5 март
14. 2019 йил 4 сентябрь
15. 2020 йил 24 ноябр

30 йил давомида бош қомус 15 марта ўзгарган бўлса, бунинг натижасида жами 77та нормага тузатиш, ўзгартириш ва қўшимча киритилган.

Одатда, айниқса, авторитар давлатларда бош қомусни ўзгартириш амалдаги президентнинг ўз курсисида узоқроқ қолишига имкон бериш мақсадида амалга оширилади. Жумладан, Ислом Каримовга ҳам бу қўл келган. Ўзбекистон Бош қомуси бир шахснинг икки муддатдан ортиқ президент бўлишини тақиқлаганига қарамай¸ Ислом Каримов 27 йил давомида Ўзбекистоннинг ягона президенти бўлди.

Обидхон Мамадалиев, микробиолог

И.Каримовнинг ҳар бир бошқарувида конституция баъзида йилига бир марта, айрим йилларда ҳатто икки марталаб ўзгартирилган. Лекин конституция ишлаш у ёқда турсин, оёқ-ости қилинган.

А.Саидов "дунёда Конституция шабадаси юрибди" деб гапирди. Менинг жавобим Конституция шабадаси эмас, номинг ўчгур Уруш довули эсмоқда. Бу довулнинг шамоли Қорақалпоғистонда ўзини эслатди.

Ш. Мирзиёевда икки йўл бор:

Биринчиси, мамлакатнинг ҳақиқий сардори бўлиши мумкин, бунинг учун демократик алмашувни таъминлаб, ислоҳотларни давом эттиришни демократик сайланган раҳбарга топширса, уни халқнинг ўзи "Миллат сардори" деб ном беради ва бу постсовет республикалари орасида энг буюк иш қилган 1-чи раҳбар бўлади ва Васлав Ҳавел каби тарихга олтин ҳарфларда ёзилади ёки Б.Обама ва бошқа инсонлар каби дунёнигш энг нуфузли олийгоҳларда лекциялар ўқийди.

Иккинчиси эса, Конституцияни ўзгартириб, учинчи муддатга яна сайланса, Ўзбекистон инвестицион муҳити ҳам ноллашади, мамлакат обрўси ҳам ноллашади, демократия ҳам ноллашади, барча ўзгаришларга умид қилган халқнинг умидлари ноллашади, аҳолининг келажакка умиди нолашади, мамлакат яна И.Каримов даврига тўлиқ ёки ундан ҳам баттар йўлга қайтади.

Агар Ш. Мирзиёев дунё тарихига ислоҳотчи бўлиб киришни хоҳласа ва унинг авлодларига келажакда "ислоҳотчи раҳбар фарзандлари" номи берилишини хоҳласа, конституция ўзгаришларини бас қилиб, уни ишлашини таъминласа яхши бўлар.

Шунда агар Ш.Мирзиёвнинг ўғли бир кун вояга етиб, мамлакат раҳбарлигига номзодини кўрсатса, отаси қилган ишларини халқ эслаб, 100 фоиз унга овозини беради.

Муҳаммад Солиҳ, шоир ва сиёсатчи

Барибир истагани шаклида ўзгартиради.

Барибир “сайланади”.

Эркин Орол, рассом

Ҳозирги пайтда конституция ўзгартирилиши муҳим масала эди, деб ўйламайман.

Конституцияни ўзгартириш халқнинг ижтимоий аҳволини яхшилашга ёрдам беради ҳам деб ўйламайман.

Ундан кўра мавжуд конституцияга тўлиқ амал қилинган ҳолда иш олиб борилса, яхши бўлар эди.

Смаил Оспанов, собиқ мулозим

Конституцияга ўзгартиришлар киритиш керак, албатта. Менинг фикримча, биринчи навбатда, мавжуд Бош Қомусимизни мустақиллик эълон қилинганидан бери ўтган давр мобайнида қандай ишлаганини, аниқроқ қилиб айтсак, ишламай келганини сабабларини мухокамага чиқариш зарур.

Ҳеч кимга сир эмас, собиқ президент Каримов Конституцияниям, қонунларниям писанд қилмай диктаторлик режимини ўрнатган эди. Бунинг натижасида давлатчилигимизга етказилган зарарларни очиқ-ойдин баҳолаш, керакли хулосаларни чиқариш лозим.

Мириёевни президентликка келганидан то бугунги кунгача олиб бораётган фаолияти давомидаги конституция ва қонунларга муносабати қандай эканини яхши биламиз. Бу аснода Мирзиёевни барча қарор ва фармонларини ревизиядан ўтказиш зарурати ҳам туғилади. Жумладан, конституция ва амалдаги қонунларга зид ҳолатлар юз берган бўлса, уларни очиқлаб, тегишли баҳосини бериш керак.

Шунча йил ишламаган, умуман риоя қилинмаган конституция энди керак бўлиб қолибди. Уни ислоҳ қилиш, ўзгаришлар киритишни мазмун моҳияти иккинчи муддатини тугатган президентга янгитдан сайлана олиш хуқуқини яратиб бериш эканлиги барчамизга аён эди ва буни тепадаги маддоҳлар ҳам подадан олдин чанг чиқариб тан олишди.

Мирзиёевни амал курсисида чексиз вақт қолишдан бошқа ташвиши йўқ.

Конституцияга қанақа ўзгартириш киритилмасин, жорий тизимдаги автократлардан қутулмасдан ҳеч қандай ижобий ўзгаришлар кутиш мумкин эмас.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG