Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:58

Конституция: Гапириш фурсати

📌Озодлик ўзбек зиёлиларининг конституция янгиланиши борасидаги фикрларини сўради.

30 йил ичида 15 марта ўзгарган Ўзбекистон бош қомуси яна ўзгарадиган бўлди. Кутилаётган ўзгаришлар ҳақида илк бор ўтган йил октябрида иккинчи муддат, конституция бўйича охирги муддатга сайланган Шавкат Мирзиёевнинг ўзи гапирганди.

Конституцияни бот-бот ўзгартириш авторитар режимларга хос кўриниш. Хусусан, Марказий Осиё учун бу янгилик эмас.

Ўзбекистон конституцияси 1992 йилнинг 8 декабрида қабул қилинган. Ислом Каримовнинг 23 йиллик ҳукмронлиги даврида бош қомус 7 марта ўзгартирилган бўлса, Шавкат Мирзиёев асосий қонунни янгилашда устозини чангда қолдириб кетди: 6 йил ичида бош қомусни тўққизинчи марта ўзгартириш ҳаракатлари кетмоқда.

Конституциянинг ўзгариш тарихи:

Ислом Каримов даврида

1. 1993 йил 28 декабрь
2. 2003 йил 24 апрель
3. 2007 йил 11 апрель
4. 2008 йил 25 декабрь
5. 2011 йил 18 апрель
6. 2011 йил 12 декабрь
7. 2014 йил 16 апрель

Шавкат Мирзиёев даврида

8. 2017 йил 6 апрель
9. 2017 йил 31 май
10. 2017 йил 29 август
11. 2018 йил 15 октябрь
12. 2019 йил 18 февраль
13. 2019 йил 5 март
14. 2019 йил 4 сентябрь
15. 2020 йил 24 ноябр

30 йил давомида бош қомус 15 марта ўзгарган бўлса, бунинг натижасида жами 77та нормага тузатиш, ўзгартириш ва қўшимча киритилган.

Одатда, айниқса, авторитар давлатларда бош қомусни ўзгартириш амалдаги президентнинг ўз курсисида узоқроқ қолишига имкон бериш мақсадида амалга оширилади. Жумладан, Ислом Каримовга ҳам бу қўл келган. Ўзбекистон Бош қомуси бир шахснинг икки муддатдан ортиқ президент бўлишини тақиқлаганига қарамай¸ Ислом Каримов 27 йил давомида Ўзбекистоннинг ягона президенти бўлди.

Моҳира Асадова, хонанда

Конституция қонунларига ўзгартириш киритишда энг аввало, Ўзбекистонда яшаётган барча халқлар, у қайси миллат, ирқ ва дин вакили бўлишидан қатъий назар, инсон ҳуқуқлари ҳар томонлама қонунан ҳимояланган бўлиши керак...

Айниқса, бугунги кунда кенг тарқалган турли-туман ноқонуний "снос"лар тугатилиши, халқнинг шахсий мулки асоссиз, ноқонуний равишда, уй эгасини норози қилиб, компенсация вариантлари тўланмаган ҳолда хонадон эгаларини бир сўз билан айтганда, Ватансиз қолдиришларга барҳам бериш керак...

Янги қомусий қонунимизда мана шу масалаларга ҳам аниқ ойдинлик киритишларини истардим!!

Олимжон Тўхтаназаров, собиқ депутат, блогер

Конституция ўзгариши борасида..

Мени ҳайрон қолдирган нарса конституциявий суд.. Нега жим.? Улар нега ишламайдими? Шунча йил ўтди. Улар нималарда муаммо бор деб ўйлашди..?

Мен депутат (2014-2019) бўлганимда 2016 йилда ҳокимлар сайланиши керак, ҳоким кенгаш раиси бўлмаслиги керак деб.. Айтганман.

Хатто, ижтимоий тармоқда ҳам чиқиш қилганман.. Куни кеча Сенатор Наримон Умаров мени 6 йил олдин айтган гапимни гапиряпти...

Юсуф Рўзимурод, мустақил журналист

Мирзиёев Ўзбекистон тарихида ислоҳотчи, деган ном билан қолишини истар эдим.

Конституцияга ўзгартириш киритишга эҳтиёж асосан бир ҳолатда пайдо бўлади, - у ҳам бўлса парламент билан президент ўртасида зиддият кучайса-ю, конституция шу зиддиятга мукаммал ечим бера олмаса.

Мана шундай чуқур сиёсий-ҳуқуқий бўҳрон вужудга келган ҳолатда ёки парламентни тарқатиш ёки президентни импичментга қўйиш, ёхуд конституцияга тегишли ўзгартириш киритиш орқали муаммога ҳуқуқий ечим берилади.

Бунга турли мамлакатларда кечган ҳуқуқий бўҳронлар ва уларнинг ижтимоий-сиёсий ечимларига гувоҳ бўлганмиз. Лекин Ўзбекистон конституцияси мамлакат президентига шу қадар чексиз ваколатлар берган-ки, президент билан на парламент ва на суд ҳокимияти ўртасида зиддиятли ҳолат вужудга келиши мумкин эмас.

Президент Ўзбекистонда мутлоқ раҳбарлик ваколатига эгадир. Гарчанд, расмиятчилик учун парламентда муҳокама қилинсада, амалда президентнинг бирорта қарори ёки унинг ташаббуси билан тавсия қилинган бирорта қонун лойиҳаси қабул қилинмай қолмайди.

Президент олиб бораётган сиёсатнинг самарали бўлиши учиун қанақа қонун қабул қилишга эҳтиёж туғилди-ю, унинг қабул қилинишига қайси ҳокимият бўғини қаршилик қилди? Туғилиши табиий бўлган мана бу саволга жавоб изланса, аслида конституцияга ўзгартириш киритилишидан мақсад нимадан иборат эканлигини тушуниб етамиз.

Тўғри, инсонларнинг ижтимоий-сиёсий ва бошқа фундаментал ҳуқуқларининг кафолатланишида конституциямизда бир қанча камчиликлар мавжуд.

Таассуфки, референдум учун тайёрланган лойиҳада киритилган тавсиялар орасида жамият учун долзарб бўлган бирорта ҳам таклифни кўрмадим.

Референдумда тақдим қилинаётган ўзгартиришлар орасида нисбатан эътиборни тортадиган ҳолат мавжуд. Бу президент ваколатининг 5 йилдан 7 йилга узайтирилиши.

Каримовнинг 27 йиллик бошқаруви даврида президентлик ваколатларининг ғайриқонуний равишда узайтириш сценарийларидан безиб кетган халқ бугунги конституцияга киритилаётган ўзгартиришлардан ҳам бош мақсад аслида президентлик ваколатини узайтириш, деб тушунмоқда ва ўринли равишда чуқур хавотир чекмоқда, чунки, халқ билади-ки, жамият фақат ва фақат адолатли сайловдан адолатли сайловгача равнақ топиб боради. Ва аксинча, халқи сайлов ва танлов ҳуқуқидан маҳрум бўлган жамият чуқур деградацияга юз тутади. Каримовнинг 30 йиллик диктатураси даврида Ўзбекистон жуда катта имкониятларни бой берди. Энди яна президентлик ваколатлари конституцияга зид равишда узайтириш анъанаси давом эттирилишидан халқ чексиз хавотирда. Лекин шуни аниқ айтаман-ки, киритилаётган ўзгартиришларнинг сонидан қатъий назар улар амалдаги президентга учинчи муддатга даъвогарлик қилиш ёки яна икки йилга вазифасида қолиш ҳуқуқини бермайди.

Конституция ўзгармаяпти. Конституцияга ўзгартиришлар киритилаяпти.
Бу икки жумла маъно жиҳатидан бир-биридан тубдан фарқ қилади. Конституция ўзгарди деганда амалдаги конституция бекор қилиниб, бутунлай бошқа конституция қабул қилинишини англатади? Конституция ўзгариши сиёсий тузум ва бошқарув тизим ўзгарганлигини англатади.

Конституцияга ўзгартиришлар киритилиши эса амалдаги конституция бош қомус сифатида қолиб, унга баъзи ўзгартиришлар киритилади. Шу амалдаги конституцияга биноан президент сайланган вақтида мавжуд бўлган қоидага мувофиқ муддатни ўтайди. Киритиладиган ўзгартиришлар унинг президентлик ваколатига тааллуқли бўлмайди. Янги ўзгартиришда президентлик муддати 7 йил деб кўрсатиладими ёки беш йиллигича қоладими, - бу янги сайланадиган президентга тааллуқли. Демак, ким-ки президент Мирзиёевга учинчи муддат номзодини қўйишни ёки янги ўзгартиришга мувофиқ яна икки йилга қолишни тавсия қиладими-бу ташаббус жиноий таркибга эга бўлади ва Ўзбекистон ЖКнинг тегишли бандлари билан жавобгарликка тортилиши талаб қилинади.

Жамият тақдири, унинг келажаги учун даҳлдорлик ҳиссини туйиб яшайдиган ҳар бир онгли ватандош конституцияга ўзгартиришлар киритилиши туфайли юзага келиши мумкин бўлган ҳолатнинг ҳуқуқий жиҳатдан мазмун моҳиятини тўла англаб етиб, масъулият билан ёндашади деб ўйлайман.

Президент Мирзиёевдан эса хушомадгўй тоифаларнинг образга кириб “Сиз бетакрорсиз” деб уқтиришларига ишонмай, қонуний муддатини шараф билан ўтаб, Ўзбекистон тарихида энг адолатли президентлик сайловини ўтказилишини таъминлаб, истефога чиқиб, тарихда ислоҳотчи деган ном билан қолишини истар эдим.

Дима Қаюм, блогер

Қомус янгиланиши эмас ишлаши керак!

Майли шунисини ҳам кўрайликчи...

Халқимиз учун манфаатли бўлса, ўзгаришига халқ рози бўлса мен хам кўпчилик томон.

Оддий китоб шаклида қолиши эмас, миллати, динидан қатъий назар юртдаги ҳар бир шахсни бугунидан рози қиладиган асосий янги қомус бўлсин!

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG