Линклар

Шошилинч хабар
23 март 2026, Тошкент вақти: 13:00

Украинлар Балаклияда икки ўзбекни асир олди. Россия қўшинлари Харков остонасидан қайтарилди. Уруш хроникаси

Урушнинг 200-куни

Балаклияда Украина ҳарбий хизматчилари Россия томонида жанг қилган икки самарқандликни қўлга олди.

Киев расмий доиралари охирги куни ЗСУ Купянск, Камишеваха, Волчанск ва 30 зиёд бошқа аҳоли пунктларини озод қилганини хабар қилмоқда.

“Биз Россия армиясини мағлуб эта олишимизни кўрсатдик”, - деди матбуот анжуманида Украина Ташқи ишлар вазири Кулеба.

Санкт-Петербургнинг “Смольнинское” ва Москванинг "Ломоносовский" округлари муниципал депутатлари Украинадаги уруш важидан Владимир Путинни давлатга хиёнатида айблашмоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенков 300 нафаргача украин ҳарбий хизматчиси ҳамда 15 тагача ҳарбий техника йўқ қилинганини айтмоқда.

Рус қўшинлари муваффақиятсизлиги манзарасида Россия президенти Владимир Путин Москва шаҳрининг 875 йиллигига бағишланган гала-концертда нутқ сўзлади ва Европада энг катта томоша ғилдирагини очиб берди.

11 сентябр куни Украинадаги Россия тасарруфида қолаётган Запорожье атом электр станцияси иши бутунлай тўхтатилди.

ЕИ молия вазирлари Украинага яна 5 млрд евро миқдорда молиявий ёрдам ажратишга розилик берди.

19:25 24.8.2022

24 август - Украина Мустақиллик куни

Мустақиллик кунида Украина президенти Владимир Зеленский ва биринчи хоним Елена Зеленская Донбассда уруш пайтида ҳалок бўлган украиналик аскарларга бағишланган ёдгорлик пойига гулчамбар қўйишди.

Владимир Зеленский ва Елена Зеленская Украина мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан ўтказилган ибодат маросимида ҳам қатнашишди.

Киевдаги Авлиё София соборида диний арбоблар, жумладан, Киев ва Украина митрополити Эпифаний, Сергей Петрович Думенко ва Украина юнон-католик черкови Святослав Шевчук иштирок этган қўшма ибодат бўлиб ўтди.

Россия кучлари дастлабки ҳафталарида Киев атрофидан сиқиб чиқарилганидан сўнг охирги ойларда деярли олдинга силжий олмаган.

18:49 23.8.2022

Россия Днепрда понтон кўприк қурмоқда

Британия ҳарбий разведкасига кўра, Россия қўшинлари Днепр дарёсида – Украина ракета зарбаларидан жиддий шикастланган Антонов кўприги ёнида понтон кўприк қурмоқда. Антонов кўприги Россия армияси босиб олган Херсонда Днепр дарёсига солинган ягона кўприк эди.

Буюк Британия разведкаси ўтган кунларда Россия мустаҳкам понтон кўприк қуриш учун баржаларни дарёдан олиб ўта бошлаганини қайд этган. Понтон кўприк Херсон шаҳрини вилоятнинг Россия назоратидаги жанубий қисми билан боғловчи энг муҳим занжир бўлади. Понтон қурилган тақдирда Россия ҳарбийларининг логистика имкониятлари анчагина ортади. Ҳозирча улар паромлардан фойдаланишмоқда.

Бироқ понтон кўприк анча нозик бўлиб, яқин орада украин армияси уни йўқ қилиб ташлашга уриниши эҳтимоли катта.

18:48 23.8.2022

Урушни ўрганиш институти (ISW): Запорожье вилоятидаги рус оккупацион маъмурияти амалда Украинадан мустақиллик эълон қилди

Вашингтондаги Урушни ўрганиш институти (ISW) Украина уруши бўйича навбатдаги кундалик таҳлилини эълон қилди.

Экспертларга кўра, Россия қўшинлари Изюмдан жануби-ғарб ва жануби-шарқ томон локал ҳужумлар уюштирган, шунингдек Северскдан жануби-шарққа ҳамда Бахмутдан шимоли-шарқ ва жанубга ерусти ҳужумларини давом эттирган. Айни чоғда Россия армияси Донецкнинг шимолий ва ғарбий чеккаларидан ҳужум қилишда давом этиб, Николаев-Херсон чизиғида кичик ютуқларга эришган.

Украина разведкаси тан олинмаган Луганск Халқ Республикаси 1 сентябрда “ялпи сафарбарлик” жараёнини бошлашга ҳозирланаётганини маълум қилди.

Запорожье вилоятининг рус оккупацион маъмурияти Украинадан мустақиллигини билвосита эълон қилди. Маъмурият раҳбари Евгений Балицкий имзолаган буйруққа кўра, босиб олинган Запорожье вилоятига келувчи Украина фуқаролари Россия қонунчилигига биноан вақтинча бошпана излаётган қочқинлар деб ҳисобланади. Ва улар, вақтинча бошпана бериш ҳақида расман илтимоснома берган тақдирда қайддан ўтишлари мумкин бўлади. Шу тариқа Россия оккупацион маъмурияти Запорожье вилоятининг босиб олинган ҳудудига кирган барча украинлар Украинада таъқибдан қочиб келган қочқинлар сифатида таснифланади.

18:46 23.8.2022

АҚШ ҳукумати Украинага айрим қуролларни яширинча бераётган бўлиши мумкин

Бу ҳақда Politico хабар қилди. Нашр маълумотига кўра, 19 августда Пентагоннинг юқори мартабали вакили АҚШ бирмунча вақт Киевга радиолокация қурилмаларига зарба берувчи HARM ракеталарини етказиб берганини, аммо буни жамоатчиликка билдирмаганини тан олган.

“Украинага HARM ракеталари берилиши ҳақида илк бор маълум қилганимизда баёнотда у аниқ кўрсатилмаган эди. Биз уни “радиолокация қурилмаларига қарши имкониятлар” дея кўрсатганмиз”, деган Пентагон мулозими.

Politico газетасининг икки манбаси Киевга тақдим этиладиган янги ҳарбий ёрдам пакетида Excalibur русумли артиллерия снарядлари борлигини айтган. Ҳолбуки, ўтган ҳафтада эълон қилинган баёнотда бу ҳақда ҳеч нима дейилмаган эди.

Politico Украинага навбатдаги ёрдам пакети ажратилгани муносабати билан Конгрессга йўлланган хабарнома билан танишганини, унда Вашингтон Киевга етказиб берадиган қурол-аслаҳа рўйхатда кўрсатилганлар билан чекланмаслиги қайд этилганини маълум қилган.

Давомини ўқинг

Форум

XS
SM
MD
LG