Ростов-Дон шаҳрида рус армияси учун ҳарбий руҳонийларни тайёрлашади
Ўқув курслари Дон диний семинариясида бўлиб ўтади. Улар жанговар тайёргарлик, геосиёсат асослари, ҳарбий тиббиёт, психология ва ҳарбий ҳуқуқ йўналишларини ўрганадилар.
Улар учун ҳатто махсус форма ҳам тиктиришибди.
Ҳарбий Поплар рус аскарларига ибодат қилишни ўргатувчи ва руҳий тайёргарликни оширувчи маслаҳатчи сифатида ҳарбий қисмларга юборилиши айтилмоқда.
Бироқ ҳозирча диний бўлинмалар ўзга мамлакат ерларини босиб олаётган қисмлар таркибига қачон қўшилиши номаълумлигича қолмоқда.
Расмий маълумотларга қараганда, Россия армиясининг 20 фоизини ўзини мусулмон деб ҳисобловчи ҳарбийлар ташкил этади. Бугунги кунда иккита ҳарбий қисмда - Ростов-Дон шаҳрида ва Ғарбий ҳарбий округ ҳудудида мусулмон ҳарбий хизматчилар ҳам мавжуд.
Киевдаги Она Ватан ҳайкалидаги қалқондан Совет символикаси олиб ташланади
Киевдаги Она Ватан ҳайкалидаги қалқонда акс этган Совет герби келаси йили олиб ташланади. Бу ҳақда Украина маданият вазири Александр Ткаченко маълум қилди. У дастлаб герб қандай усул билан демонтаж қилинишини аниқлаш ишлари олиб борилади ва шундан сўнг унинг ўрнини эгаллайдиган Украина рамзи бўлган Тризуб лойиҳаси учун танлов бошланади, деди.
Украинанинг бошқа минтақаларида ҳам Россия, СССР ва рус рамзлари билан боғлиқ ҳар қандай монументлар кўчириб ташланмоқда. Украинанинг Кировоград вилоятининг Александрия шаҳрида рус ёзувчиси Максим Горкийнинг бюсти бузиб ташланди.
Словакия Украинага биринчи "Zuzana 2" ўзиюрар артиллерия мосламаларини етказиб берди
Словакия Мудофаа вазирлигига тегишли Konštrukta Defence тузилмаси маълумотларига кўра, украинларга 155 миллиметрли тўртта қурилма етказилган.
- Бизнинг асосий мақсадимиз имкон қадар кўпроқ одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишга ҳисса қўшиш ва украиналик дўстларимизга бу маъносиз қон тўкилишини тўхтатишга ёрдам беришдир, - деди Ярослав Над, Словакия Мудофаа вазири.
"Zuzana 2" ўзиюрар гаубицалари зирҳли кабина билан жиҳозланган, мослама минораси 360 даража айлана олади. Ўзиюрар артиллерия мосламасида автоматик қайта юклаш механизми, шунингдек, MRSI режимида ўқ узиш, яъни бир вақтнинг ўзида бир нечта снарядлар нишонга тегадиган тарзда ўт очишни режалаштириш имконияти мавжуд. Максимал отиш масофаси 41 км.
Саки аэродромида нечта учоқ йўқ қилинди?
Қримнинг Новофедоровка аэропортидаги портлашлардан кейин Россия 55 миллион доллардан 450 миллион долларгача бўлган самолётларини йўқотган бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди Украинанинг Форбс нашри.
Американинг Планет Лабс компанияси Портлашлардан бир неча соат олдин аэродромнинг сунъий йўлдош тасвирларини олганини маълум қилди: ўша пайтда у эрда 20 дан ортиқ ҳарбий учоқ - асосан Су-30СМ қирувчи ва Су-24МР бомбардимончи самолётлари, битта оғир ҳарбий транспорт Ил-76 ва бир нечта вертолётлар бўлганини қайд этган. Форбес йўқ қилинган техниканинг умумий нархини 650-850 миллион долларга баҳолади.
Новофедоровкада қанча ва қайси учоқ зарба туфайли аниқ вайрон қилингани номаълум.
Турли манбалар турли рақамларни келтирмоқда: мутахассислар 8 дан 24 тагача самолёт йўқ қилинганини айтишмоқда. ИнформНапалм халқаро тергов ҳамжамиятининг Қрим манбаларига кўра, Россия роппа-роса 24 учоқни йўқотган. ИнформНапалм уларнинг нархини 380 миллион долларга баҳоламоқда.
Форум