Линклар

Шошилинч хабар
06 октябр 2022, Тошкент вақти: 18:54

“Маснавий”ни таржима қилган ўзбек шоири Тожикистонда тақдирланди


Шоир Одил Икром Жалолиддин Румийнинг "Маснавийи маънавий" асарини ўзбек тилига тўлиқ таржима қилган.

Ўзбекистонлик шоир ва таржимон Одил Икром Абу Абдулло Рўдакий номидаги Тожикистон давлат мукофоти билан тақдирланди.

Бу ҳақда Тожикистон президентининг матбуот хизмати хабар бермоқда.

Мукофотни 25 август куни Тожикистон мустақиллигининг 31 йиллигига бағишланган йиғилишда президент Эмомали Раҳмон топширган.

Одил Икром бу мукофотга форс адабиётининг Жалолиддин Румий, Муҳаммад Иқбол, Нақибхон Тўғрал, Заҳирий Самарқандий, Фуруғ Фаррухзод каби классиклари ҳамда замонавий тожик адабиётидан Лойиқ, Фарзона, Сайидали Маъмур, Озарахш асарларини ўзбек тилига ўгириб, китобхонларга тақдим этгани учун муносиб кўрилган.

Тақдирлаш маросимида қатнашиш учун Душанбега сафар қилган шоирнинг 25 август куни Озодликка айтишича, икки қардош халқни нафақат сўнги пайтларда очилган чегара, балки муштарак тарих ва адабиёт ҳам бирлаштириб туради:

“Ўзбегу тожикни минг йиллик қардош, бир халқ дейишади. Менимча, бу халқ яралганидан бери қариндош. Уларни нафақат қариндошлик, балки улкан адабий мерос ҳам бирлаштириб туради. Мен агар бирлашувнинг мустаҳкамланишига заррача фойдам теккан бўлса, шундан хурсандман”, дейди Одил Икром.

Шарқнинг атоқли шоири ва мутафаккири Жалолиддин Румий қаламига мансуб "Маснавийи маънавий" асарининг Одил Икром томонидан амалга оширилган ўзбекча тўлиқ таржимаси 2018 йилда Тошкентда илк бор дунё юзини кўрди.

Одил Икром ўзбек ўқувчиларига шеърлари билан ҳам яхши таниш. Адабиётшунослар унинг шеърлари сийқа сўзлар ва шахслар маддоҳлигидан холи эканлигини, инсон характерининг турли қирраларини руҳий кечинмалар воситасида тасвирлашини айтишади.

Шоирнинг "Уфқ дарахти"(1991), "Таҳажжуд"(2007), "Таҳаммул", "Узлат"(2012), «Хаёл мақбараси»(2020) шеърий китоблари нашр этилган.

XS
SM
MD
LG